ru uz
Баскетболнинг фойдалари

Баскетбол деганда кўз олдимизга баланд бўйли, чаққон ва аниқ ҳаракат қиладиган ўйинчилар келади. Бу ўйин жамоавий кураш бўлиб, унда индивидуал услуб ва жамоанинг тактик вазифаларига моҳирона ечим топиш қадрланади.

Баскетбол сўзи инглизчадан олинган бўлиб, баскет – сават, бол эса тўп маъноларини англатади. Бу ўйинни 1891 йилда америкалик коллеж ўқитувчиси Жеймс Нейсмит ўйлаб топган. Баскетбол 1936 йилда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган.

Яхши шуғулланган баскетболчилар мушаклар аппаратининг ривожланганлиги, тўп билан ҳаракат қилишда юқори координацион имкониятларга эгалиги, ўйин давомида содир бўладиган рақиб жамоанинг кўплаб ҳужумларига дош бера олишини билан ажралиб туради.

Баскетболда ўйин ҳаракатлари характерининг тинимсиз алмашиши, мушак юкламаларининг ўзгариши, ўйиннинг юқори ҳиссий тонуси ўйинчини стрессларга чидамли, жисмонан кучли ва соғлом қилиб тарбиялайди.

Агар интенсив жисмоний машғулотларга ўзингиз тайёр деб ҳисобласангиз, унда сизга ҳамфикрлар ва баскетбол майдони керак, холос. Ҳафтасига ярим соатдан уч марта машғулот ўтказиш натижасида ажойиб жисмоний формага эга бўласиз.

Баскетболнинг асосий элементларига кирувчи техник усуллар, масалан, саватга тўп туширишни мустақил машғулотларда ривожлантириш, унга организмнинг умумий чиниқишига хизмат қилувчи югуришни қўшиш мумкин.

Жисмоний машғулотлар давомида махсус техник кўникмалар: ўйинчиларнинг ўзаро ҳаракат қилиш қоидалари, тўпни бир ва икки қўл билан узатиш, ҳимоядан ҳужумга ўтишда тўпни бошқариш (дриблинг), тўпни бир жойдан туриб ёки ҳаракат пайтида саватга тушириш кабиларни эгаллаш тезлашади. Ўйин давомида ўйинчининг ҳаракат тезликлари ўзгариб туради, лекин у машғулот вақтининг 40 фоида фаол ҳолатда бўлади. Бундан жисмоний фаоллик ортиқча вазнда халос бўлиш демакдир. Ўртача ҳисобда бир матч давомида баскетболчи тахминан 7 километр масофани босиб ўтади ва 20 мингта силтанишларни амалга оширади. Мутахассислар баскетбол билан шуғулланиш натижасида периферик кўрув чегаралари сезиларли даражада кенгайишини аниқлашган. Демак, бу ўйиннинг кўзларимизга ҳам фойдаси бор.

Биз мактаб пайтида баскетбол ўйинининг мини варианти билан танишганмиз. Унда ёш хусусиятлари ва бола организмининг имкониятларни ҳисобга олинган. Мактабдаги баскетбол майдони кичикроқ, шундай экан, жисмоний юкламалар ҳам камроқ бўлади. Айтиш мумкинки, мини-баскетбол нафақат спорт ўйини, балки жисмоний риволаниш ва саломатликни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ҳам хизмат қилади.

Баскетбол мактаб ёшидаги боланинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Ўйин услуби туфайли бола мураккаб координацион структура элементларини эгаллайди, унинг тезкор реакцияси ва фикрлаши ўсади. Ўйин жараёнида тўп билан ҳаракат қилишда мушаклар юкламаларини аниқ тақсимлашни ўрганади. Мини-баскетбол болани жисмоний ва руҳий томондан ривожлантирувчи, уни катта спорт сари етакловчи йўлдир.

Орқага Чоп этиш