ru uz
Муштарак мақсад йўлидаги ҳамкорлик

Бирлашган миллатлар ташкилоти дунё халқларининг тинч-тотув яшашдек эзгу мақсадининг буюк рамзи, инсоният маънавий тараққиётининг ёрқин нишонасидир. Ўзбекистон ушбу нуфузли ташкилотга 1992 йил 2 март куни аъзо бўлган эди. 

Ўтган 25 йил мобайнида БМТ билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ва ишончли ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб, кўлам жиҳатдан кенгайиб бормоқда. Хусусан, шу йилнинг 10 июнида Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг учрашуви ва самимий мулоқоти ҳам икки томонлама алоқаларнинг юксак даражада тараққий этиб бораётганидан далолат беради.

Учрашув чоғида Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, Орол фожиасининг экологик оқибатларини юмшатишга доир масалалар муҳокама этилди. Глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди. Мулоқот давомида А.Гутерриш таъкидлаганидек, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлигини юксалтириш борасида муҳим аҳамиятга эга. Айниқса бунда инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилгани эътиборга лойиқ.

Бугун юртимизда давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари изчиллик билан амалга оширилаётган бир шароитда аҳоли саломатлиги ва турмуш даражасини юксалтириш масаласига долзарб вазифа сифатида қаралмоқда. Бунда, айниқса, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг ўрни аҳамиятли. Мисол учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқарма, БМТ Тараққиёт дастури, БМТ ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури сингари халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари билан самарали алоқалар йўлга қўйилгани давлатимизнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги ОИВ/ОИТС масалалари бўйича махсус элчиси Мишель Казачкин билан учрашуви ҳам айни шу мақсадда ташкил этилди.

Мулоқот чоғида А.Шодмонов юртимизда Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели ва ушбу масалага давлат даражасида қаратилаётган эътибор хусусида маълумот бериб, репродуктив саломатлик, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, шунингдек, сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масалаларига самарали ва халқчил ечим топилаётганини айтиб ўтди.

БМТ Бош котибининг махсус элчиси М.Казачкин Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасида қисқа вақт ичида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, бунда соҳада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар ва албатта, давлат ҳам мазкур вазифаларга нисбатан кучли сиёсий мажбурият кўрсатаётганини эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистон Президентининг соҳани ривожлантиришга қаратилган Фармон ва қарорларининг амалий аҳамиятини юқори баҳолаб, унда халқ манфаати, инсон саломатлигини сақлаш устувор мақсад сифатида қўйилганини алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида икки томон ҳам ўзаро манфаатларни ҳимоя қилувчи кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини билдириб ўтди.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

Назад Чоп этиш