ru uz
Микробларга қарши уруш тугатилади

Микробларга қарши уруш тугатилади

«Овқатдан олдин ёки кўчадан келгач кулингни юв», «Тозалик - соғлик гарови», деган жумлаларни болалигимизда кулоғимизга куйишган. Шунинг учун ҳар қандай йўл билан микроблардан ҳимояланишга уринамиз. Бу яхши, албатта. Бироқ улардан бутунлай халос бўлиш истаги ҳар сонияда таъқиб қилаверса-чи? Замонамиз тадбиркорлари муаммони ечимини топишган. Антибактериал совун, гель ва нам сочиқлар дейсизми, хуллас, ўзингизни ҳимояланган ҳис килишингиз учун барчаси муҳайё. Аммо ҳаддан ортиқ тозаликка муккамиздан кетишимиз саломатлигимиз учун зарарли эканидан хабарингиз борми? Келинг, бугун кундалик турмушимизда йўл қўядиган ҳамда турли хасталикларга сабаб бўлувчи хатолар ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида гаплашамиз.

Совун супер бактерияларни чақиради!?

Олимларнинг таъкидлашларича, инсон организмида ўрта ҳисобда 1,5 килограмм микдорда микроорганизм яшаркан. Атрофимиздагиларини ҳисоблашга-ку, ҳеч ким журъат қилмаган бўлса керак. Чой ичадиган пиёламизда ҳам, ўқийдиган китобимиз ёки кўлимиздаги телефон, боринг ана, компьютеримизнинг сичқонча ва клавиатурасида ҳам микроблар тўлиб ётибди. Шунинг учун ҳам антибактериал совун ва нам сочиқлардан фойдаланишга одатланганмиз. Ўнг томонга қарасангиз ҳам, чап томонга қарасангиз ҳам 99,9 фоиз микробларни йўқотувчи совун ва нам сочиқлар тинимсиз реклама қилинаётганини кўрасиз. Шундан кейин ҳам  фойдаланмай кўринг-чи. Аслида, тозаликка ўчлигимизнинг таг замирида ҳам ўша қўрқинчли рекламалар ётган бўлса, ажабмас. Хуллас, ўзини замонавий жамият аъзоси, дея ҳисоблайдиган киши борки, бундай маҳсулотларни қўллашни бурчи, деб билади.
Лекин негадир рекламаларда воситанинг зарарли томонлари ҳақида гапирилмайди. Масалан, 2016 йилнинг сентябрь ойида АҚШда антибактериал совунларни ишлаб чиқариш бутунлай тақиқланди. Чунки анча йиллардан буён микробиологлар бундай совунларнинг инсон учун зарарли эканлиги ҳақида бонг уриб келишаётганди. Гап шундаки, оддий ва бактерияларга қарши совунлар билан қўл ювганингизда катта фарқни сезмайсиз. Бироқ антибиотиклар билан бойитилган совун ҳаммомингизда турар экан, унинг юзасида супер бактериялар пайдо бўлишни бошлайди. Антибиотиклардан кўп фойдаланиш бактерияларнинг янгидан-янги, дорига чидамли турларини юзага келтиришидан хабарингиз бор, албатта. Антибактериал совунлар туфайли ҳам шу ҳодиса содир бўларкан. Улар ҳаммомингизни чинакам кимёвий лабораторияга айлантиради. Улардан бутунлай воз кечиш керакми? Албатта, қўлимизда тақиқловчи қонун ёки ҳужжат йўқлиги сабаб бутунлай воз кечинг, деёлмаймиз. Бироқ фойдаланишни чегаралашингиз мумкин. Масалан, фақат эпидемия тарқалган пайтдагина фойдаланишни танлашингиз мумкин. Қолган пайтда оддий атирсовунга мурожаат қилганингиз мақсадга мувофиқ.
Грипп ва шамоллаш тарқалган пайтда эса қўлларингизни спиртли геллар билан тозаласангиз кифоя.

Антибактериал нам сочиқлар-чи? Албатта, улар совунлар сингари хавфли эмас. Чунки таркибида триклазан ёки триклабан моддалари эмас оддий спирт мавжуд. Аммо антибактериал нам сочиқлар ҳам терининг табиий ҳимо қатламига зиён етказиш хусиятига эга эканлигини ёддан чиқарманг. Шунинг учун унинг «намлантирувчи», «гипоаллерген» ёки «тозаловчи» деб ёзилганларини танлаганингиз маъқул.

Асраган кўзга чўп тушар...

Ичбуруқ, вабо, гепатит А, сальмонеллёз... Касалликларнинг номлариёқ кишини даҳшатга солади, туғрими? Мутахассислар уларни «кир қўллар хасталиги» деб аташади. Қўрқиб кетдингизми? Дарҳол қўлларингизни чайиш истаги уйғондими? Бироз шошманг-чи, бронхиал астма, атопик дерматит, аллергия, эшакеми, экзема каби хасталиклар «тоза қўллар касаллиги» эканлигини билмасдингиз, шундайми? Уйимиз, атрофимиздаги буюмлар, қўлларимизни тоза сақлашга ҳадцан ортиқ эътибор қаратар эканмиз, бу ишимиз иммунитетимизнинг кучсизланишига хизмат қилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Ахир инсон иммунитети микробларни енгиш орқали чиниқади.

Грипп ва вирусли хасталиклардан болаларни асраш учун таркибида хлор моддаси мавжуд воситалар билан уйни чиннидек тозалашга ўрганиб қолганмиз. Лекин бельгиялик мутахассислар хлорли восита билан тозаланган хонадонда истиқомат қилувчи болалар бошқа кичкинтойларга нисбатан 20 фоизга кўпроқ хасталанишларини аниқлашгани ажабланарли. Демак, дилбандларимизга гард ҳам юқтирмасликка интилишимиз, уларнинг хасталикка чалиниш имкониятларини орттирар экан. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудида обрўли саналган педиатрлардан бири Евгений Комаровский болалар иммунитетини доимий равишда чиниқгириб бориш кераклигини, бунинг учун ўйинчоғи полга тушиб кетган заҳоти қайноқ сувга чайиш шартмаслигини таъкидламокда. Шунда уйингиздаги нисбатан боланинг ичакларида ҳимояловчи моддалар ишлаб чиқарилар экан. Америкалик педиатр Мария Шетрит-Кляйн ҳам «Болалар кўчада ўйнашлари ва уларнинг организми чиниқиши лозим», дея таъкидлашдан чарчамайди. Фақат чиниқтириш керак экан деб, масалан, ахлатхона яқинида ўйнашларига рухсат бериб бўлмайди. Мутахассисларнинг фикрича, болани инсон фаолияти натижасида юзага келган чиқиндилардан ҳимоялаш шарт!

Егуликлар ҳам микроблардан холи эмас!

Товуқ шўрва тайёрлаб беришни илтимос қилишса, ишни нимадан бошлайсиз? Албатта, маҳсулотни илиқ сувда чайишдан. Чунки хом товуқ гўштида сальмонелла бактерияси бўлиши мумкин! Бироқ ҳар қандай микроорганизм 120 даража иссиқлик таъсирида йўқолади. Ювиш жараёнида атрофга сачраган сув томчиларидаги бактериялар идишлар юзасига, пичоқ, қошиқ каби буюмларга ўрнашиб олади. Биз эса ҳеч нарсадан шубҳаланмай, улардан фойдаланишда давом этаверамиз. Бунинг олдини олиш учун товуқ ва балиқ сингари маҳсулотларни қоғоз сочиқча ёрдамида тозалаб олиш тавсия этилади. Агар чаймасдан ишлатишга кўнглингиз тортмаса, жуда эҳтиёткорлик билан бирор идишга солиб, чайинг ва атрофни яхшилаб тозалашни ёддан чиқарманг.

Кундалик дастурхонимизнинг яна бир доимий меҳмони тухум ҳам сальмонелла ташувчилардан бири ҳисобланади. Сиз ҳам уни музлаткичга қўйишдан аввал ювасизми? Афсуски, бу ишингиз учун сизни мақтай олмаймиз. Чунки аввал ювиб, кейин музлаткичга қўйсангиз, маҳсулотнинг сақланиш муддати анча қисқараркан. Яъни, тухумнинг пўстлоғидаги майда зарралар узоқ сақланишига ёрдам бераркан. Агар улардан халос бўлсангиз, 15 кундан ортиқ сақлаб бўлмайди. Аммо узоқ сақлайман деб, умуман ювмай фойдаланиш ҳам яхши эмас. Энг мақбул ечим, тухумни бевосита фойдаланишдан аввал ювишдир. Шунда овқатингизга ҳам бактериялар тушмайди, маҳсулотингизнинг яроқлилик муддати ҳам қисқармайди.

 

Манба:  "Сугдиёна"  газетаси

Орқага Чоп этиш