ru uz
Жисмоний тарбия ва спорт гигиенаси

Ўқув муассасаларидаги жисмоний тарбияни тўғри ташкил этиш ўсаётган организмга ҳар томонлама ижобий таъсир кўрсатадиган хилма-хил воситалардан фойдаланишни кўзда тутади. Бунда ўқувчиларнинг ёшга алоқадор анатомик-физиологик хусусиятларини, саломатлиги ва жисмоний тайёргарлик даражасини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.

 Меҳнат ва жисмоний машқлар дейилганда, биринчи галда жисмоний ривожланиш мақсадида қўлланиладиган ҳар хил шаклдаги ҳаракатлар тушунилади. Ҳаракат фаоллигининг чекланиши гипокинезия “гиподинамия” га олиб келади, бунда ҳаракат аппарати, вегетатив нерв системаси, қон айланиши ва бошқаларда умумий морфологик ва функционал етишмовчиликлар рўй беради. Айни вақтда ақлий ва жисмоний меҳнат қобилияти пасайиб, одам тез чарчаб қолади, организмнинг ташқи муҳитнинг зарарли таъсуротларига қаршилиги сусайиб кетади, бу кейинчалик юрак томир ва асаб системаси, нафас ва ҳазм аъзоларида касалликлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

 Ўқувчиларнинг меҳнати асосан ақлий меҳнат ҳисобланганлигидан жисмоний машқларнинг асабий-рухий зўриқишларини бартараф этишини ҳисобга олиш керак. Ақлий ишни жисмоний иш билан навбатлаштириб олиб бориш натижасида чарчаган ҳужайраларнинг энергетик сарфи ўрни тез тўлади.

Жисмоний тарбияда ўқув юрти врачи етакчи ўрин тутади, у ўқувчиларни тиббий текширувдан ўтказади, жисмоний тарбия ўқитувчиси ва ота-оналар билан бамаслахат ишлайди.

Ўқувчиларни тиббий гуруҳларга тақсимлаш жорий ўқув йилининг охири, янги ўқув йилининг бошига келиб тугалланиши керак. Тиббий текширувнинг натижалари ва жисмоний тайёргарлик тўғрисидаги маълумотларга қараб ўқувчилар тиббий нуқтаи назардан асосий, тайёрлов ва махсус гуруҳларга бўли-нади.

Асосий гуруҳларга соғлиғида деярли ўзгаришлар бўлмаган, жисмоний тайёргарлиги яхши бўлган, яъни югуриш, сакраш, тирмашиб чиқиш ва бошқалардан ўртача ва юқори кўрсаткичларга эришадиган ўқувчилар киритилади.

 Тайёрлов гуруҳи аъзолари саломатлигида арзимас ўзгаришлар бўлган, жисмоний ривожланиш ва жисмоний тайёргарлик жиҳатидан орқада қолган ўқувчилардан иборат бўлади.

Махсус гуруҳларга саломатлигида ўзгаришлар бўлган ўқувчилар киради. Уларга шахсий режа бўйича ўқишдан ташқари вақтда 30 дақиқадан хафтасига 3 марта жисмоний тарбия машқлари ўтказиб туриш тавсия этилади.

Ўқувчилар жисмоний тарбиясининг асосий шакли жисмоний тарбия дарсидир. Дарсларда аста секинлик, изчиллик ва мунтазамлик асосларига амал қилиниши ва улар кириш, асосий ва якунловчи қисмлардан иборат бўлиши керак.

Дарслардан ташқари вақтларда ўтказиладиган оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўқувчиларнинг ҳар томонлама жисмоний ривожланиши учун имкониятларни кенгайтиради, физиологик функцияларнинг такомилланишига имкон беради ва саломатликни мустаҳкамлайди. Машғулотлар тўғри йўлга қўйилиб, ўқувчиларнинг ёши, жисмоний ва шахсий хусусиятлари ҳисобга олинганида касалликларга чидамлиликни оширади.

Спорт билан шуғулланадиган ўқувчилар спорт билан шуғулланмайдиган ўқувчиларга нисбатан соғлом бўлади, касалликларга камроқ чалинади, жисмонан яхши ривожланади, дарсларни тўлароқ ўзлаштиради.

 

2. Машғулот ўтказиладиган хоналарга қўйиладиган гигиеник талаблар.

Машғулот хоналарини ёритилишига қўйиладиган гигиеник талаблар.  Ёруғлик ҳамма жойга баравар тушиши, иш жойига соя тушмаслиги, шуъла бермаслиги, хона ортиқча иситиб юборилмаслиги керак. Бино горизонтга нисбатан тўғри жойлашганда, IV иқлим минтақасида бинонинг деразалари жанубга, жануби-шарққа қаратиб, қулай қилиб қурилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шип, деворлар ва мебеллар ранги яшил, оч ҳаво ранг ёки дарахт танаси рангида бўлиши керак.

Дераза олдига ёруғликни камайтирадиган даражада гуллар қўйиш мумкин эмас. Дераза пардалари ҳам қуёш нурларини кўп ютади. Шу сабабдан, машғулот пайтида, дарс тайёрлаганда пардаларни бутунлай очиб қўйиш, ёруғлик ўқувчининг чап томонидан тушиши керак. Барча таълим муассасаларида табиий ёруғликдан ташқари, сунъий ёритиш системаси яхши йўлга қўйилган бўлиши керак.

Ўқув хоналарининг ёритилганлигига мебель (парталар, синф доскаси)нинг ранги таъсир қилади. Шу муносабат билан парталар оч рангли бўёқларга бўялади. Синф доскалари жигар ранг ёхуд тўқ яшил ранг линнолеум, релин ёки пластмасса билан қопланади. Тўқ яшил рангли доскаларга сариқ бўр билан, бошқа ҳолларда эса оқ бўр билан ёзган маъқул.

Синф деразаларига бир талай хонаки гул қўйилса, деразаларнинг ойнаси ифлос бўлиб кетса, дераза ва эшикларга пардалар осилган бўлса, табиий ёруғлик кам тушади.

Хона жиҳозларига қўйиладиган гигиеник талаблар. Ўқувчиларнинг гигиена талабларига риоя қилмаслиги, мебелнинг ўқувчи бўйига мос келмаслиги, иш жойининг ёмон ёритилиши, узоқ вақт бир хил вазиятда туриб қолиш, кун бўйи кам ҳаракат қилиш ва бошқалар қад-қоматнинг бузилишига сабаб бўлади. Партада ёки стулда узоқ ўтириш ўзига хос статик иш ҳисобланади.

Иш қобилияти узоқ вақтгача пасаймай туришнинг ҳамда, ўқувчилар қад-қоматини тўғри ривожланишини, ўқиш даврида кўзнинг салбий таъсирланмаслигини таъминлаш мақсадида синфларни гигиена талабларига жавоб берадиган парталар билан жиҳозлаш муҳим аҳамиятга эга. Парта бир ва икки ўринли қилиб ясалади. Ҳар бир партанинг суянчиғи, ўтирғичи, масофаси ва дифференцияси, ёзув столи қисмлари бўлади. Партанинг суянчиғи ўқувчи бел-думғаза қисмининг қўшимча таянишини таъминлайди. Суянчиқ ўқувчи умуртқа поғонасининг бел эгрилигига мос келиши керак.

Синф парталари ва стол, стулларни аксланиш коэффициенти 35% дан 50% гача бўлган рангларда бўяш тавсия этилади. Парта, столлар оч кулранг, дарахт ранги ёки бошқа очроқ ранга бўялади. Болаларнинг антрометрик белгиларини ҳисобга олиб, парталарга ўтказиш уларни фақатгина тўғри ривожланишига таъсир қилиб қолмай, иш қобилиятини ҳам оширади.

Синф тахталарига қўйиладиган гигиеник талаблар. Синфлардаги тахталар асосан икки хилга: деворга ўрнатилган тахталар ва кўчма тахталарга бўлинади. Тахтадаги ёзув ҳаммага кўриниши учун охирги қатордаги парталарга ёки столларга нисбатан оралиқ кўпи билан 8-9 м бўлиши керак. Бундай масофада синф тахтасига ёзилганларни ўқувчи яхши кўради.

Синф тахталарининг юзаси ялтирамайдиган, силлиқ, жигар ранг ёки тўқ яшил тусдаги линолеум, ренин, ё бўлмаса пластмассадан тайёрланади. Тахтанинг пастки чети парталар баландлигидан сал юқорироқ (полдан ҳисобланганда 85-95 см баландликда) бўлиши керак. Яхши кўриниб турадиган бўлиши учун тахталар тепасига қўшимча чироқ ўрнатиш ҳам мумкин.

                   

3. Ёшлар ўртасида авж олаётган зарарли одатлар.

Келажаги буюк мустақил юртимиз учун ҳар томонлама баркамол, ватанпарвар, юксак маданиятли, маънавий қадриятларни эъзозлайдиган етук ёшларни тарбиялашимиз лозим.

Ҳам жисмонан, ҳам маънавий соғлом авлоднинг турмуш тарзини яратиш давр тақозосидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг «Буюк мақсад йўлидан оғишмайлик» номли асарида: «Биз наслимизнинг келажаги-соғлом авлод учун кураш бошладик. Шу ном билан орден таъсис этдик ва махсус халқаро жамғарма туздик. Бу беъжиз эмас. Соғлом авлод деганда, биз фақатгина жисман бақувват фарзандларимизни эмас, балки маънавий бой авлодни ҳам кўзда тутганмиз. Чунки, ҳар тарафлама соғлом авлодга эга бўлган халқни ҳеч қачон енгиб бўлмайди. Буни ҳаммамиз яхши англаб олмоғимиз шарт» - деб уқтириб ўтган эди. Дарҳақиқат, соғлом авлодни шакллантириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, уни амалга ошириш эса, барча мутасаддиларнинг бу борада жиддий фаолият олиб боришларини тақозо этади.

Муаммонинг долзарблиги. Психоактив моддалар (ПАМ)-алкоголь, гиёҳванд ва токсик моддаларга ружу қўйиш, сурункали равишда истеъмол туфайли уларга ўрганиб қолиш, қатор мамлакатлар аҳолиси, айниқса ёшлар саломатлигига путур етказаётган энг дахшатли муаммолардан бири бўлиб қолмокда. Сўнгги йилларда тиббий тавсиялардан ташқари наркотик ва токсик кайф қилдирувчи турли моддаларни қабул қилиш кўрсаткичлари шиддат билан ошиб бормоқда. Энг хатарли томони шундаки, ёшлар орасида кучли ва оғир синтетик гиёҳванд моддалар-кокаин ва героин кабиларга қизиқиш кучайиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Гиёҳвандлик қатор тизимли бузилишлар билан тавсифланади. Энг аввало, модда алмашинуви жараёнида қўпол ўзгаришлар рўй беради. Гиёҳванд моддалар инсон бош миясига таъсир этиб, унга ўрганиб қолишига олиб келади. Шу билан бирга, улар бош миянинг, муҳим ички аъзоларининг зарарланишига ҳамда иммунитетнинг пасайиб кетишига сабаб бўлади. Шахснинг салбий томонга ўзгариши, характернинг заифлашиши, ҳулқ-атвор бузилиши, масъулиятсизлик, лоқайдлик, оилавий муносабатларнинг бузилиши, жиноятга қўл уриш, ўғирлик содир этиш кабилар гиёхвандликка хос бўлган ҳолатдир.

Ундан ташқари, мактаб ёки ўқув юртидаги умумий интизомнинг бузилиши, ўқувчи ва талабалар ўзлаштиришининг пасайиши, гиёхвандларга хос муҳит ғоясининг тарқалиши кабилар ҳам гиёхвандлик иллатининг ёшлар муҳитига кириб келганлигини англатади.

Тиббий томондан, гиёхвандлик оқибатида гепатитлар, ВИЧ/ОИТС, жинсий йўл билан юқадиган касалликларнинг кўпайиш жараёнини кузатиш мумкин.

Бундан ташқари, тамаки чекиш ҳам ёшлар ўртасида авж олиб бораётган зарарли омилдир. Чунки, одам папирос чекканда тамаки тутуни билан нафас олади, ўпкага кислород ўрнига карбонат ангидрид гази бориб қонга ўтади, организмдаги моддалар алмашинувини бузади, бундай ҳолат ўз навбатида организмнинг кислород танқислигига сабаб бўлади. Чекиш туфайли одамнинг хотираси сусаяди, одам озиб кетади, ёш ўсмирларни чекиши туфайли бола ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, уруғ ҳужайраларда ўзгаришлар содир бўлади, жинсий ожизлик келиб чиқади.

Кейинги йилларда ёшлар ўртасида нос чекиш каби зарарли одат кенг тарқалмоқда. Носнинг тутуни бўлмаганлиги учун у чекувчи ўпкасига кирмагани билан, унинг заҳарли моддалари тил остидаги қон томирларига сўрилиб, қон орқали мия, юрак, жигар каби ҳаётий муҳим органларни заҳарлайди. Носнинг эриган қисми оғиз бўшлиғидаги сўлак билан ютиб юборилади ва у ошқозон-ичакларга тушиб, уларни заҳарлайди.

 

4. Гиёҳвандлик ва ОИТС касаллиги. Уларга қарши кураш профилактикаси.

Гиёхванд моддаларнинг организмга таъсири ва уларга қарши кураш профилактикаси. Гиёхванд модда (психоактив модда-ПАМ) қабул қилаётган бола (ўсмир) қанчалик ёш бўлса, унинг шунчалик тез ва оғир ногиронликка чалиниши, ёки эрта ўлиб кетиши эҳтимоли шу қадар кўп бўлади. Шунинг ўзи, давлатнинг салоҳиятини пасайтирадиган омил ҳисобланади.

“Оқ ажал” домига кўплаб ўсмирларининг тушиб қолаётганлиги ташвишли ҳолдир. Барчага маълум бўлган гиёхванд моддалардан ташқари, сўнгги 10 йил ичида психотроп наркотиклар (моддалар) қабул қилаётган гиёхвандлар сони кўпайиб бормоқда.

Инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлган амфитаминлар, галлюциногенлар, ЛСД ва лизирин кислотасининг бошқа хосилалари шулар жумласидандир.

“Наркотик” (“гиёхванд модда”) нима дегани? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифига кўра, тиббиётда қўлланилишидан қатъий назар, кайф хиссиётини туғдирадиган ва унга ружу қўйишга (ўрганишга) олиб келадиган ҳар қандай модда наркотик дейилади. Уни истеъмол қилиш ва кайфидан ҳузурланишни одат қилганларни “наркаманлар” дейишади.

“Наркомания” атамаси грекча narke-тилдан қолиш, қотиб қолиш ва mania-ақлсизлик, ишқибозлик сўзларидан таркиб топган бўлиб, жисмонан ҳамда рухан гиёхванд моддани қабул қилишга ишқибоз бўлиб қолиш, ружу қўйиш ва оқибатда оғир асоратларга олиб келадиган касалликка айтилади.

Барча наркотик моддаларнинг инсон рухиятига таъсир этиш механизми бир хил бўлишига қарамасдан, у ёки бу наркотикнинг инсон организмига таъсирининг аниқ кўриниши айнан шу наркотик тури хусусиятлари билан боғлиқдир.

Гиёхванд модда ностерил эритмалар билан суюлтирилганида (масалан, водопровод суви билан) қонга мазкур модда билан биргаликда жуда кўп миқдордаги тирик ҳамда ўлик микроорганизмлар ҳам тушади. Бу эса, тана ҳароратининг 380С ва ундан кўтарилиши, совуқ қотиб қалтираш (озноб), кўнгил айниши, бош айланиши, қувватсизлик, баъзида белда ва бўғимларда оғриқ пайдо бўлиши билан кечади.

Ушбу ҳолат, энг аввало (хаттоки энг енгил кечганида ҳам), шуниси билан хавфлики, юқори температурада ҳам бош мия ҳужайралари халок бўлади.

Оқибатда, гиёхвандликка дучор бўлган бемор қўшимча яна бир касалликка-энцефалопатияга (бош миянинг яллиғланишига) йўлиқади. Бу касаллик ҳам бош мия ҳужайраларининг кўплаб нобуд бўлишига олиб келади.

Гиёхванд беморларнинг захм (сифилис) касаллиги билан оғриши ҳоллари сўнгги пайтларда кўпайиб бормоқда. Энг ёмони шундаки, захм охирги лахзаларидагина аниқланмоқда. ОИТСга йўлиқаётган беморлар сони ҳам кундан-кунга ўсиб бормоқда. Статистика маълумотларига кўра, инъекция (нина санчиш) йўли билан гиёхванд моддаларни қабул қиладиган гиёхвандларнинг, 70 % дан кўпроғи ОИТСни юқтирганлар.

Опиатлар организмда бевосита кальций алмашинувининг бузилишига сабаб бўлганлиги туфайли гиёхвандлар орасида суяк тўқимаси ва тишлари зарарланганлари жуда кўп учрайди. Кальций суяк ва тиш таркибидаги асосий моддалардан бири бўлганлиги учун ушбу тоифадаги беморларнинг суяклари ва тишлари жуда катта зарар кўради.

Шундай қилиб, опиатларни қабул қилиш ўз навбатида гепатит, захм (сифилис), ОИТС каби ўта хавфли касалликларнинг юқишига ҳамда жигар, юрак, ўпка ва бош миянинг шикастланишига, иммунитетнинг кескин пасайишига, йирингли-юқумли касалликларнинг келиб чиқиши хавфининг ўта ошишига олиб келади. Шунинг учун, ҳам гиёхванд моддаларни, мунтазам равишда қабул қиладиган беморларнинг ўртача яшаш умри гиёхванд моддани илк бор қабул қилган вақтидан бошлаб 7-10 йилни ташкил этади.

Гиёхвандлик профилактикаси. Наркоманияга қарши курашнинг энг ишончли йўли бу профилактикадир. Маълумки, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осонроқ. Гиёхвандлик ўта маккор касаллик, у нафақат инсон саломатлигига путур етказади, балки у бемор оиласини бузади, унинг жамиятдаги мавкеига рахна солади, моддий бойлигини кемиради, охир оқибатда бундай бемор оламдан кўз юмади. Ушбу касалликнинг ўзига хос “алохида хусусияти” ва “уни даволашнинг ўта оғирлиги” гиёхвандликнинг олдини олишнинг кенг миқёсдаги комплекс чора-тадбирларини қўллашни талаб этади.

Гиёхвандлик профилактикасига оид комплекс тадбирлар механизми қуйидагича бўлиши кўзда тутилган:

  •  гиёхвандлик профилактикаси асослари бўйича ўқув муассасалари ўқитувчилари, маҳаллалар рахбарлари, участка врачлари ҳамда милиционерларни ўқитиш;
  •  тайёргарликдан ўтган ўқитувчилар ёрдамида ўқув муассасаларидаги турли ёшдаги ўқувчилар орасида гиёхвандлик профилактикаси бўйича дастурий дарслар ўтказиш;
  •  ҳар бир синфдан 1-2 нафар ғолиб ўкувчиларни аниқлаш ва улардан кўнгиллилар тренерлар тайёрлаш;
  •  кўнгиллилар ўзининг синфида 10 нафар ўқувчидан тузилган гурухларда дарслар, тренинглар олиб боради;
  •  ўқувчилар ва ўқитувчилар кучи билан давра сухбатлари, семинарлар, ОИТС ва гиёхвандликка қарши кураш бўйича рефератлар, расмлар, бадиий хаваскорлик танловлари ўтказилади;
  •  врач-наркологлар, милиция ва прокуратура ходимлари иштирокида хар ойда ўқув муассасалари ва махаллаларда гиёхвандликка қарши кураш йўналишида семинарлар, учрашувлар ўтказиш;
  •  болалар ва ўсмирлар ўртасида гиёхвандлик профилактикаси ишлари кўп қиррали бўлиши лозим. Бу ишда, гиёхвандликнинг тарқалишига қарши таъсир механизмини яратишда, жамиятнинг барча қатламлари иштирок этиши керак, аниқроғи, гиёхвандлик профилактикаси мультисекторал характерга эга бўлиши даркор.

Орттирилган  иммунитет  танқислиги синдроми (ОИТС)  касаллиги.

1980 йилларнинг бошларида Америка қўшма Штаталарининг врачлари томонидан биринчи маротаба пневмоцестик зотилжами ва Капоши саркомаси билан оғриган ёш бачавозларда уларнинг иммунитет ҳимоя тизимларининг ниҳоятда сусайиб кетганлиги аниқланган ва ўлим билан тугаётган СПИД касаллиги бутун жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 1997 йилнинг охирида берган маълумотларига қараганда дунёнинг 197 мамалакатларида қайд қилиниб, оғриганларнинг умумий сони 1736958 ни ташкил этди. Улардан Америка қитьасига - 839189, Африкага - 617463, Европага - 197374, Осиёга - 74431 ва Океанияга -8501 киши тўғри келади.

СПИД касаллиги туфайли бугунги кунда ишга лойиқатли бўлган ёшларнинг аксарият қисмининг оғришлари ва ундан содир бўлаётган ўлимлар мамлакатларнинг иктисодий ва маънавий мавқеларига катта салбий таъсир кўрсатмоқда ва бутун Жахон халқларини ташвишга солиб қўймоқда.

Мутахассислар томонидан олиб борилаётган доимий эпидемиологик таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 1997 йил 28 ноябргача дунё мамлакатларида, яъни бу касалликнинг қўзғатувчиси вирусини ўзларига юқтириб олганларнинг ва СПИДнинг клиник белгилари билан яшаётганларнинг умумий сони 30,6 милионни ташкил этди. Шу кунгача СПИД касаллигидан ўлганларнинг сони    11,7 миллионга етди. Бирлашган миллатлар ташкилоти ва Бутун Жахон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг СПИД касаллиги бўйича тузилган дастурига биноан, бу касалликнинг эпидемияси бошланган вақтдан шу кунгача 2 миллион болалар СПИД билан оғриган оналардан туғилганлар, юз минглаб болалар эса уларга қон қуйиш ёки катта ёшдаги болалар ва қизлар жинсий алоқа қилишлари туфайли касалликнинг қўзғатувчисини ўзларига юқтириб олганлар.

СПИД эпидемияси бошланган вақтдан 3,2 миллиондан зиёд болалар бу касаллик билан оғриганлар, улардан 2,7 миллион болалар СПИД дан вафот этганлар.

Дахшатли СПИД касаллигига болалар ҳам чалинмоқда. Дунё бўйича ҳар куни 1000 дан зиёд болалар СПИД касаллигининг қўзғатувчисини ўзларига юқтириб олмоқдалар. СПИД касаллиги кенг тарқалган мамлакатларда болалар ўлими 75 фоизга етиши, беш ёшгача бўлган болалар ўлими эса 100 фоиздан ошиб кетиши башорат қилинмоқда. 15 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоизи СПИД касаллиги билан оғриган оналардан туғилганлар. 9 миллиондан ортиқ болалар оналарнинг СПИД касаллигидан ўлганликлари туфайли етим бўлиб қолмоқдалар ва натижада ҳаёт қийинчиликларига тўғри келмоқдалар.

Ўзбекистон Республикасида ҳам СПИД касаллиги бўйича эпидемиологик вазият кун сайин таранглашиб бормоқда.

1987 йилдан 1 июль 1998 йилгача Республикамизда 47 киши СПИД касаллигининг қўзғатувчисини ўзларига юқтириб олганликлари аниқланган. Улардан 27 киши хорижий фуқаролар бўлиб, уларда касаллик аниқланиши биланоқ ўз юртларига чиқариб юборилганлар. 20 киши эса Республикамизнинг навқирон ёш йигит ва қизларидир.

Касаллик вируси соғлом одамларга қуйидаги йўллар билан ўтиши мумкин:

1.   Жинсий алоқа қилиш орқали;

2. Касаллик вирусини ўзига юқтириб олган хомиладор онадан ҳаммага вирусни йўлдош орқали ўтиши - бу йўл тиббиётда вертикал юқиш йўли деб номланади;

3. Вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотларини қуйиш, эҳтимол вирусдан зарарсизлантирилмаган, яъни стерилланмаган тиббиёт асбоб-анжомларини   ва   бошқа   кўпдан-кўп   турли   хил   терини,   шиллиқ қобиқларни кесувчи буюмларни ишлатиш жараёнида юзага келадиган
параэнтерал йўл.

Бугунги кунда мустақилликка эришган Ўзбекистон давлатимиз дунёнинг кўпдан-кўп давлатлари билан иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқаларни кучайтириб юборди. Бизнинг фуқароларимиз хизмат юзасидан хорижий мамлакатларга, ўз навбатида, хорижий мамлакатларнинг фуқаролари бизнинг мамлакатнинг шахар ва вилоятларига келмоқдалар ва фаолият кўрсатмоқдалар. Республикамизда СПИД касаллиги олдини олиш ва унга қарши курашиш чора-тадбирларини ҳаётга тадбиқ қилиш борасида Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган СПИД марказлари, ҳамда барча даволаш профилактика муассасалари ва уларнинг қарамоқларида бўлган 92 та диагностик лаборатория ходимлари фаол хизмат қилмоқдалар.

         Республикамизда СПИД касаллигини олдини олиш ва курашиш чора-тадбирлари қуйидаги йўналишларда олиб борилиши лозим.

  • аҳолининг барча қатламлари орасида СПИД касаллигидан сақланишнинг асосий йўлларини кенг кўламда тарғибот қилиш ва тушунтириш;
  • ҳар бир киши, айниқса, ёшлар ўзлари учун соғлом турмуш тарзини ташкил қилишлари, ҳулқли, одобли ва юксак маънавият соҳиби каби олий    фазилатларни ўзларида мужассамлаштиришлари, салбий иллатларга ёндошмас-ликлари;
  • даволаш-профилактика муассасаларида хизмат қилувчи барча врачлар ВИЧ/СПИД касаллиги бўйича ўз малакаларини мунтазам равишда ошириб боришлари ва амалиётига тадбиқ қилишлари;
  • тиббиёт даволаш-профилактика муассасаларида хизмат қилаётган барча тиббий ходимлар СПИД касаллигини олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан чиқарилган барча буйруқ ва кўрсатмаларга тўлиқ амал қилишлари;
  • халқимиз томонидан айтилган нақл-соғлом танда соғлом ақлнинг барқ уриши ҳар бир ёшнинг келажак ҳаётининг мароқли ва бахтли бўлиши
    гарови эканлигини унутмаслик;
  • орттирилган иммунитет танқислик вирусини параэнтерал йўл билан тарқалишини олдини олиш, қон ва қон маҳсулотларини соғлом одамларга қуйишдан олдин албатта СПИД вирусини текшириш;
  • донорлар қонини қуйишни иложи борича чеклаш, уларни имконияти борича қон ўрнини босувчи маҳсулотлар билан алмаштириш;
  • беморларга тўғридан-тўғри қон қуйишни, хаттоки ҳаётий кўрсатма бўлганда ҳам қатьиян ман қилиш;
  • айрим   давлатларда   орттирилган иммунитет   танқислик   вирусини параэнтерал юқиш йўли айниқса гиёҳвандлар орасида кўпдир, чунки улар гиёхванд моддаларни баданга юборишда битта умумий шприц ва игнадан фойдаланадилар. Гиёхвандликни олдини олиш ва гиёхвандлик дардига учраганлар ўртасида СПИД касаллиги вирусининг тарқалишини олдини олиш учун махсус тушунтириш ишлари, яъни стериллланган шахсий шприц, игна ва бошқа асбоблардан фойдаланиш, хавфсиз  жинсий алоқа қилиш йўлларини билишлари устида иш олиб бориш;                                                      

Орттирилган  иммунитет танқислиги вирусини юқтирмаслик учун одам  аҳлоқан ва маънавий пок бўлиши лозим. Оила соғлом бўлса, эр-хотин бир-бирига содиқ бўлса, ана шунда ҳар бир одам ўзини бу дахшатли  касалликдан ҳимоя қила олади.

Орқага Чоп этиш