ru uz
Табиий овқатлантириш

Инсон овқат билан бирга тана қуввати учун сарфланадиган куч ва унинг асосий модда алмашинувини таъминловчи зарурий моддаларни қабул қилади. Бундай ҳолат, ўсаётган организм, яъни бола учун алоҳида аҳамиятга эга. Овқатланишни организм талабларига монанд бўлиши болани иммун ҳолати, салбий реакцияларга қаршилик қобилияти, жисмоний ва руҳий ривожланишини бевосита белгилайди.

Овқатлантиришдаги номутаносибликлар айниқса, унинг ҳаётининг биринчи йилларида сезиларли салбий таъсир кўрсатади. Чунки айни шу даврда бола танасининг вазни, узунлиги, ички аъзолар ва тизимларнинг ривожланиши ҳамда иммун ҳолати тез ривожланади. Ушбу жараёнларни тўлақонлигини таъминлаш овқат маҳсулотлари таркибида асосий ва қўшимча моддаларнинг, яъни витаминлар, микроэлементлар, минерал тузлар ва бошқалар бўлишини тақозо қилади. Шу боисдан ҳам эрта ёшдаги болалар соғлигини сақлашга қаратилган тадбирлар орасида уларни етарли даражада ва монанд овқатланиши муҳим аҳамият касб этади. Бир ёшгача бўлган болаларни табиий она сути билан боқиш овқатлантиришнинг энг монанд ва физиологик усули ҳисобланади.

Қиз боланинг кўкрак бези уларнинг етилиш даврида тез ривожланади ва бу жараён ҳомиладорлик ҳамда кўзи ёриш даврида кўзга яққол ташланади. Кўкрак безини ҳомиладорликни дастлабки 2 - 3 ойида ривож топиши маммогенез деб аталади. Бола кўкрак билан эмизилаётганда сут ҳосил бўлиш жараёнида лактогенез (сут ажралиши кучайиши) галактопоэз (сутни без бўшлиқларида йиғилиши) ва автоматизм босқичи (сутни ажралиши бошлаши) кузатилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш «Baby friendly hospital» номли дастурига биноан кўкрак сути билан овқатлантиришнинг қўллаб - қувватловчи 10 та тамоиллар амалиётга кенг тадбиқ қилинган:

  •  Овқатлантириш қоидаларига жиддий амал қилишни тиббиёт ходимлари ва ҳомиладор аёлларга етказиш;
  •  Тиббиёт ходимларини чақалоқларни кўкрак сути билан боқиш кўникмалари бўйича ўқитиш;
  •  Барча ҳомиладор аёллар ва оналарни болани кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари ва усуллари ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаш;
  •  Кўзи ёригач, оналарга дастлабки 30 дақиқа ичида болани кўкрак сути билан боқишга кўмаклашиш;
  •  Эмизикли оналарни боласини кўкрак сути билан боқиш, сут ажралишини сақлаш ҳамда бола вақтинча ёнида бўлмаган пайтда сутни тўғри соғиб олишга ўргатиш;
  •  Тиббий моънеликдан ташқари ҳолатларда, янги туғилган чақалоққа она сутидан бошқа таом ёки суюқлик бермаслик;
  •  Она ва болани бир хонада бўлишини таъминлаш;
  •  Болани эмишини унинг талабига кўра амалга ошириш;
  •  Болаларга тинчлантирувчи воситалар ва кўкрак ўрнига (сўрғич, шиша идиш) бошқа нарсаларни беришни ман этиш;
  •  Оналар орасида кўкрак сути билан боқиш гуруҳларини ташкил этишни қўллаб - қувватлаш ва рағбатлантириш, барча ҳомиладор ва эмизикли аёлларни туғруқхонадан чиқгач ушбу гуруҳларга юбориш.

 

Табиий овқатлантириш қуйидаги устиворликларга эга:

  • Биологик мослиги (инсон ўз боласини факат она сути билан боқиши керак);
  •  Аллергия чақирмаслиги. Она сути оқсилларининг 1/3 қисми ошқозонда парчаланмай сўрилади ва уни аллергенлик хавфи камаяди;
  •  Болаларда юқумли касалликлар ва ичак инфекцияларига нисбатан пассив иммунитетни пайдо бўлиши (эмизадиган она сувчечак, қизамиқ, тепки ва бошқа юқумли касалликларни бошдан кечирган бўлса, болаларда ушбу касалликлар учрамайди ёки енгил кечади, чунки сут орқали бола танасига иммуноглобулинлар (махсус оқсиллар) ўтади. Сут таркибидаги А иммуноглобулини ичак деворини қамраб олади ва касаллик чақирувчи микробларнинг ўтишига тўсқинлик қилади;
  •  Қабул қилишнинг осонлиги кўкрак сути доимо истеъмол қилишга тайёр, ўта тоза, идишлар тозаланмайди ва қайнатилмайди;
  •  Меҳр – оқибат туйғуларини пайдо бўлиши. Кўкрак сути билан боқилган болалар ота - онасига, яқинларига садоқатли бўлишади, оила қуришда қийинчиликларга учрамайдилар;
  •  Болалар онгининг ривожланиши. 6 - 9 ой давомида кўкрак сути билан овқатлантирилаётган болаларнинг онги ва ақлий қобилиятлари она сутида таркиб топган ярим тўйинмаган ёғ кислоталари орқали ривожланади;
  •  Аёлларда кўкрак бези саратони (ракини) олди олиниши (статистик маълумотларга кўра болани кўкрак сути билан боққан оналарда саратон ва кўкрак безини бошка касалликлари жуда кам учрамайди);
  •  Туғруқдан кейин бачадондан қон кетишининг олди олинади. Кўкрак сўрилганда аёл организмидаги окситоцин деб аталувчи махсус модда бачадоннинг силлиқ мушакларини қисқартиради, натижада туғиш йўлларидан қон кетиши тўхтайди;
  •  Туғруқдан кейин тез қайта ҳомиладор бўлиш олди олинади;
  •  Иқтисодий тежамкорлик. Эмизикли онанинг овқатланиши тўғри йўлга қўйилса, қимматбаҳо сунъий аралаш озуқалардан фойдаланишга зарурат бўлмайди.

Оғиз сути.

она сути.JPG

Ҳомиладорлик ниҳояси ва кўзи ёриган кунлари аёл сут безларидан оғиз сути ажралади. У сариқ ёки кулранг сариқ, шира каби қуюқ суюқликдир, бу тус берувчи моддалар ва ёғлар билан боғлиқ. Оғиз сути зичлиги 1050 – 1060 га тенг ва таркибида етилган сутга нисбатан оқсиллар миқдори анча ортиқ. Шунингдек, она сутига нисбатан унда А ва каротин витаминлари 2 - 10, аскорбин кислотаси 2 - 3 марта кўп ва В12, Е витаминлар миқдори ҳам юқори. Ундан ташқари оғиз сутида тузлар 1,5 баробар альбумин ва глобулин фракциялари эса казеинга нисбатан сезиларли даражада ортиқ. Чақалоққа кўкрак тутгунга қадар, оғиз сутидаги оқсиллар миқдори 102,6 - 132,0 г/л даражасида бўлиб, кейинчалик аста - секинлик билан камайиб боради. Оғиз сутида айниқса А иммуноглобулин кўп ёғлар ва сут қанди миқдори эса аксинча нисбатан кам бўлади. Бошқача қилиб айтганда оғиз сути ўта тўйимли маҳсулот бўлиб, таркибида оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал моддалардан ташқари ферментлар, гормонлар, витаминлар ва антитаначалар мавжуд. Унинг таркибида стафилококк антитоксини максимал миқдорда бўлиб, эмизишнинг 8 - 10 кунларига келиб у 3 баробарга камаяди.

Чақалоқлар ҳаётларининг дастлабки кунларида, оғиз сути билан кўп миқдорда юқори қувватли ва тўйимли биологик моддалар қабул қиладилар. Уни таркибидаги қатор оқсиллар, бола қони зардобидаги моддаларга ўхшаш бўлганлиги сабабли, унинг ошқозони ва ичагида парчаланмай сўрилади. Аёлнинг кўзи ёригач сут безидан 4 - 5 кундан бошлаб оғиз сути, 2-3 ҳафтадан кейин эса етилган сут ажралиб чиқа бошлайди.

Болани кўкрак сути билан боқиш эрта ёшдаги болаларда учрайдиган аксарият касалликларнинг олдини олишдаги асосий омиллардан бири ҳисобланади. Қадимги файласуфлар сутни «оқ қон» деб номлашган ва бу билан унинг бола учун тўйимлилиги, ҳамда ҳаёти учун зарур эканлигини таъкидлаб ўтишган. Кўкрак ёшдаги болалар 6 ойлик бўлгунларига қадар ўз эҳтиёжларини она сути ҳисобига қоплайдилар. У бу ёшдаги болаларнинг ривожланишини. Она сути ўз таркибида бола танасини тузилиши учун зарур бўлган асосий моддаларни ўзида мужассамлаштирган. Юқорида қайд этганларимиздан ташқари, боланинг она сутини эмиши яна бошқа қуйида келтирилган қатор афзалликларга эга: унга ёт нарсалар шу жумладан, микроблар тушиш эҳтимоли йўқ; доимо янги, ҳарорати (36 - 370 ) бола танаси ҳароратига яқин; ошқозонга аста - секин ва оз - оздан тушади ва бола танасига таомнинг таркибий қисми тўла ҳолда парчаланмай сўрилади. Бундан ташқари она сутида чақалоқнинг дастлабки ойларида айрим юқумли касалликлардан ҳимояловчи, яъни иммун таначалар деб аталувчи алоҳида моддалар ҳамда ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар мавжуд. Шу сабабли она сути билан боқилган болалар яхши ривожланади ва рахит, камқонлик касаллиги, ошқозон - ичак фаолиятини ишдан чиқиши деярли кузатилмайди ва зотилжам билан кам оғрийдилар. Она сути таркибидаги ёғлар миқдори сигир сутидаги каби бўлса ҳам унинг кимёвий таркиби бир мунча фарқ қилади. Унда бола танасида муҳим вазифани бажарувчи ўта тўйинмаган ёғ кислоталари умумий ёғларининг ярмидан кўпини ташкил этади. Сигир сутида 60 % дан ортиғи эса тўйинган ёғ кислоталари улушига тўғри келади.

Она сутининг ушбу жиҳатлари ҳамда липазанинг мавжудлиги унинг бола организмига юқори даражада сингишини таъминлайди. Ўта тўйинмаган ёғ кислоталари хусусиятларини қуйида яна бир бор санаб ўтамиз:

  • Тўйинмаган ёғ кислоталари оқсиллар сўрилишини оширади. Чунки табиий овқатлантиришда оқсилларга бўлган эҳтиёж сунъий овқатлантиришга нисбатан кам бўлади;
  •  Ёғ кислоталари таркиби марказий асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади;
  •  Тўйинмаган ёғ кислоталари етишмовчилиги оқсиллар, электролитлар, фосфор - кальций алмашинуви бузилишларига олиб келади ва турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Углеводлар.

Она сутида улар 6,6 - 7,0 % атрофида бўлиб бета - лактоза кўринишида учрайди. Сигир сути таркибида эса альфа - лактоза мавжуд. Лактоза нафақат тананинг қувват манбаи, балки ҳазм қилиш жараёни ва ичак микрофлорасига ҳам таъсир кўрсатувчи омил ҳисобланади. Бета - лактоза, альфа - лактозага нисбатан ингичка ичакда секин сўрилади ва йўғон ичакка етиб бориб, граммусбат бактериялар ўсишини таъминлайди.

Она сути амилаза, трипсин, липаза каби ферментларга бой. Кўкрак сутида липаза сигир сутидагидан 15 марта, амилаза – 100 марта кўп. Бу ўз навбатида болаларда вақтинчалик ферментлар фаоллиги сустлигини бартараф этади ва овқатни меъёрида ўзлаштирилишини таъминлайди.

Кальций ва фосфорнинг миқдори она сутида камроқ бўлса хам, лекин уларнинг нисбати бола организм учун физиологик ва ўзлаштирилиши қулай. Шунинг учун табиий овқатлантирилаётган болаларда рахит касаллиги камроқ ривожланади. Натрий, магний, хлор, темир, мис, рух, кобальт, олтингугурт ва селен каби микроэлементларни миқдори кўкрак сутида оптимал ва боланинг эхтиёжига мос. Олдинги бобларда таъкидлаганимиздек, витаминлар ҳам овқатнинг муҳим ва алмаштириб бўлмайдиган таркибий қисмидир. Улар бола организмини интенсив ўсиш ва ривожланиш жараёнларида бевосита қатнашади. Алмашинувлар жараёнини, қон, ферментлар, гормонлар ҳосил бўлишини бошқаради, турли касалликларга, салбий таъсирларга организм турғунлигини оширади. Аксарият витаминлар организмда ҳосил бўлмайди ва фақат овқат билан организмга етказилади. Фақат В гуруҳнинг айримлари кисман ичакларда ва Д витамини одам терисида қуёш нурлари таъсирида ҳосил бўлади.

Ҳозирги вақтда аниқланишича, табиий овқатлантирилиш бир томондан, она билан бола орасидаги муносабатларни шаклланиши ва оналик туйғусини пайдо бўлишига, иккинчи томондан эса, она танасида пролактин ҳамда окситоцин моддаларини кўп миқдорда ишлаб чиқарилишига туртки бўлади ва натижада сут ажралиши кучаяди.

Овқатлантириш сонига келсак, болани иштахаси очилганда, унинг ҳохишига кўра кўкрак бериш лозим. Ушбу овқатлантириш тури «эркин» усул деб номланади. Бундай ёндошиш маълум соатларда овқатлантиришга нисбатан бир қатор афзалликларга ва энг аввало болаларни тез ривожланигшиа ижобий таъсир кўрсатади.

Болани табиий овқатлантиришда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:

  •  Бола тинч, она бемалол (ўтирган, ётган) бўлганида эмизиш амалга оширилади. Бола она бағрига олиниб, юзи кўкракга қараши керак;
  •  Дастлаб бир неча томчи сут соғилади ва кейин болага кўкрак тутилади;
  •  Бола нафақат кўкрак учини, балки унинг атроф сўрғич қисмини ҳам оғзига олиши ва унга даҳани билан ёпишиб туриши лозим. Бу пайтда оғиз тўла очилиб, пастги лаб ташқарига қараган бўлиши керак.

Кўкракга тутишнинг ушбу қоидаларини бузиш унда оғриқлар пайдо қилади, без учи ёрилади, шу боис овқатлантириш оғриқли жараёнга айланади ва тўла ҳажмли бўлмайди. Бундай ҳолларда кўкрак безида сутнинг тутилиши (лактастаз) кузатилиб уни ажралишини камайтиради ва гипогалактияга (сут ажралиши камайиши) олиб келади.

груд.JPG

  •  Овқатлантириш тугагач, қолган сут соғиб олинади (сутни қолиши лактацияни яъни сут ажралишини сусайтиради);
  •  Агарда бола бир кўкракни тугатса, унга иккинчиси тутилади;
  •  Зарур ҳолларда лактация даражасини аниқлаш учун бола вазни ўлчанади (овқатдан олдин ва кейин). Улар орасидаги фарқ болани бир карра овқатланишида сўриб олган сут миқдорини белгилайди;
  •  Агар бола қандайдир сабабларга кўра сунъий овқатлантиришда бўлса, унда сут миқдори (ҳажми) аниқланади. Бир кеча кундуздаги сут ҳажмини аниқлаш учун (дастлабки 7 - 8 кунгача) қуйидаги махсус формуладан фойдаланилади.

Кунлик сут миқдори (мл) = тана вазнини × 2 % П, бунда П – бола ҳаёти кунлари.

Бундан ташқари ҳисоблашнинг “ҳажмий” ва “қувватий” усуллари ҳам мавжуд:

  •  «Ҳажмий» усул – тана вазнига кўра бола 2 хафтадан 6 ҳафталиклигигача оладиган сут миқдори тана вазнининг 1/5 қисмини, 6 ҳафтадан то 4 ойгача - тана вазнининг 1/6 қисмини, 4 ойдан 6 ойгача - тана вазнининг 1/7 қисми миқдорида бўлиши керак. Масалан бола 3 ойлик, тана вазни 5200 гр чақалоқ тана вазнининг 1/6 қисмигача бўлган сут олиш керак, яъни 5200:6=866 мл сут.
  •  Қувватий (калорияли) усул – тана вазнининг ҳар бир килосига қабул қилинади:

I. чорак – бир кеча кундузда 120 ккал;

II. чорак - бир кеча кундузда 115 ккал;

III. чорак - бир кеча кундузда 110 ккал;

IV. чорак - бир кеча кундузда 100 ккал.

Бола тана вазни аниқлангач, унга қанча қувват кераклиги ҳисобланилади. Она сутининг 1 л 700 ккал қувват беришини инобатга олиб, бола бир кеча кундузда қанча сут эмиши белгиланади.

Масалан, 5 ойлик бола, тана вазни 7000 гр. У бир кеча кундузда 115 ккал х 7 кг = 705 ккал. 1л она сути қуввати 700 ккалга тенг бўлса, 705 ккалда қанча ккал бўлади?

1000 мл – 700 ккал

Х мл – 705 ккал

Х = 1006 мл

Болани ёшга мос равишда асосий озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжи:

  • Қувватга:

1 ярим йил 120 - 115 ккал/кг;

2 ярим йил 110 - 100ккал/кг.

Оқсилларга:

0 - 6 ой 2,5 г/кг;

6 - 9 ой 3 г/кг;

9 - 12 ой 3,5 г/кг.

  • Ёғларга:

0 - 3 ой 6,5 г/кг;

4 - 6 ой 6 г/кг;

7 - 12 ой 5,5 г/кг.

  • Углеводларга:

0 - 3 ой 13 г/кг;

4 - 6 ой 13 г/кг;

7 - 12ой 13 г/кг.

Кўкракни сўриш самарадорлиги меъёрлари:

  •  Кунига 10 - 12 марта сийиш;
  •  Кунига 4 - 5 марта ич келиши;
  •  Эмизишдан кейин кўкракни юмшаши.
mozhno-li-kormit-grudnym-molokom-chuzhogo-rebenka_1.jpg
Орқага Чоп этиш