ru uz
Холестирин дўстимизми ёки душманимиз? Аниқлаймиз!

Ижтимоий тармоқларда холестерин асли биз ўйлаганчалик зарарли эмас, шу пайтгача айтилган маълумотлар дори-дармон ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг маркетинг усули, холос, деган маэмундаги гап-сўзлар тарқалган. Бир томондан бу сўзларда жон бордек. Ахир ота-боболаримиз авваллари қўй ёғию қўй гўштидан еб, туппа-тузук яшашган. Сариёғ, қаймоқ, тухум, ҳайвон ёғлари, кўй ёки мол гўшти каби егуликлар кувват беради, иликни мустахқамлайди, дейишган. Биз эса диетологларнинг гапларига кириб тўғри овқатланиш деймиз, парҳез тутамиз, калорияларни ҳисоблаймиз. Хуллас, ҳаётимизни мураккаблаштирмаяпмизми? Кўпинча қайсидир хонанда ёки актёр оқсилли ёки углеводли егуликларни реклама қилса, дарров ишонамиз-кўямиз. Масалан, бизга қачонлардир холестерин инфарктга сабаб бўлади, ундан бутунлай воз кечиш керак, дейишганди. Бироқ бир неча йил аввал мутахассислар холестеринни ноқақ «қора рўйхат»га киритганликларни тан олишди. Очиғи, ўзимиз ҳам иккиланиб қолдик, истеъмол қиладиган холестерин организм учун зиёнми, фойдами ёки умуман ҳеч қандай таъсирга эга эмас? Қонда холестерин кўпайиб кетиши-чи? Шу саволларга ойдинлик киритамиз.

Ёмонотлиққа чиқаришга шошилманг!

XX асрнинг энг катта англашилмовчиликларидан бири америкалик олим Ансел Киз томонидан илгари сурилган «Юрак хасталикларининг асосий сабабчиси холестерин» деган фикр десак, муболаға бўлмайди. Иккинчи жаҳон уруши даврида у аскарлар учун айнимайдиган таомларни ўйлаб топган ва бу жараёнда ватандошлари юрак-қон томир хасталикларидан европаликларга нисбатан кўпроқ азият чекканларига эътибор берган. Ва ҳаммасига «америкача парҳез», яъни ёғли таомлар сабабчи деган хулосага келган. Ҳатто, тадқиқотлар учун ҳукуматдан маблағ ундириб, «етти мамлакат» номли тадқиқот ўгказади. Бироқ орадан 30 йил ўтгач, унинг бу тахмини англашилмовчилик эканлиги исботланди.

Холестерин ўзи нима?

Келинг, аввалбошдан холестерин ўзи нима ва у қандай вазифани ўтайди, деган саволга жавоб изласак. Холестерин - содда қилиб тушунтирганда, мумни эслатувчи, юмшоқ ёғсимон модда бўлиб, инсон танасидаги барча ҳужайралар мембранасида мавжуд. У ҳужайраларимизга, демак, танамизга ҳам шакл бериб туради. Қўполроқ қилиб айтганда, холестеринсиз биз катта желега ўхшаб қолардик, Бундан ташқари, тестостерон ва эстроген гормонларининг ишлаб чиқарилишида иштирок этувчи муҳим моддадир. Энг қизиғи, 80 фоиз холестеринни организмнинг ўзи ишлаб чиқаради. Ҳатто, унинг миқдорини ҳам бошқариб туради.

Қолган 20 фоизи эса ташқаридан, яъни истеъмол қилган егуликларимиз таркибидан келиб тушади. Мабодо, овқатдан қонга жуда кўп миқдорда холестерин келиб тушган тақдирда ҳам, танамиз ўзи ишлаб чиқараётган турини камайтиради. Агар аксинча жуда кам бўлса, кўпроқ ишлаб чиқаради.

«Яхши» ва «ёмон» турлари бор

Фойдали томонлари кўплигига қарамай холестериннинг ўзига хос инжиқликлари ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, бошқа ёғлар сингари у сувда эримайди. Натижада, қон холестеринни органларга етказа олмайди. Бироқ организмимиз шу қадар ақллики, бу муаммони ҳал этиш учун холестеринга оқсил қўшиб липидларни ҳосил қилган. Яъни оқсил холестеринга қўшилиб, «такси» вазифасини ўтай бошлайди. Бироқ ўша қўшилган оқсилнинг миқдори турлича бўлиши мумкин. Халқ тилида оқсили паст зичликдаги липопротеидлар «ёмон», юқори зичликдаги липопротеидлар эса «яхши» деб юритилади. Қон эса аввал паст зичликдаги липопротеидларни органларга етказиб беради, ортиб қолганини юқори зичликдагилари орқали йиғиб олади ва жигарга ҳайдайди.

 Зарари нимада?

Кўп йиллик кузатувлар ёрдамида холестерин томирларда ўз-ўзидан йиғилиб қолмаслиги аниқланди. Ёғли масса томирларни ҳимоя қилиб турувчи юпқа пардадан ўга олмас экан. Бироқ томирнинг бутунлигига зиён етса, ўша «ёмон» холестерин тўпланиб қолади. Юқорида ҳар бир организмда холестерин ишлаб чиқарилишини айтдик, буни қарангки, танамиз «ёмон» турини ҳам ишлаб чиқаради. Унинг кўпайиб кетишига асосий сабаб сифатида моддалар алмашинувининг бузилиши кўрсатилмоқда. Ушбу муаммони эса кўп ҳолларда таомномамиздаги камчиликлар келтириб чиқаради. Шунинг учун егуликдан атиги 20 фоиз холестерин келиб тушаркан дея, истеъмол қилаётган маҳсулотларингизга бефарқ бўлманг. Эътибор берган бўлсангиз, ота-боболаримиз кучли таомларни истеъмол қилиш билан бирга доим пиёда юришган, ерга ишлов бериш давомида мунтазам жисмоний фаолият билан шуғулланишган. Бизнинг замонга келиб узоғимизни яқин қилувчи, оғиримизни енгил этувчи техника воситалари тобора кўпайиб боряптики, одамлар кам ҳаракатли ҳаёт тарзига ўтиб олишмокда. Бу эса тана вазнининг ортиши, метаболизмнинг ўзгариши, «яхши» ва «ёмон» холестерин ўртасидаги мувозанатнинг бузилишига олиб келмокда. Натижада, юрак хасталиклари кўпайган.

Баъзилар қондаги холестеринни камайтириш учун ёғни бутунлай чеклаб, фақат мева ва сабзавотлардангина иборат парҳезларга амал қилишади. Лекин умумий холестерин камайди дегани хасталик чекинганини билдирмайди. Бунда «яхши» холестерин ҳам камайиб, «ёмон» турини олиб чиқиб кетолмайди. «Ёмон» холестериннинг қолдиқлари эса томирларда тўпланишда давом этиши мумкин. Доим соғлом юришни истаган инсон холестериннинг ҳар икки тури ўртасидаги мувозанатни сақлашга интилиши даркор.

 Қон таҳлили топширганмисиз?

Қандли диабет. артериал гипертензия, жигар ва буйрак хасталиклари ёки қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолардан азият чекувчи беморлар доим қондаги холестерин микдорини текшириб туришлари лозим. Баъзи ҳолларда инсонларда туғма гиперхолестеринемия (холестерин микдорини назоратга олувчи гендаги нуқсон) хасталиги аниқланади. Шу гуруҳга кирмаслигингизга ишонч ҳосил қилиш учун ҳам бир марта қон таҳлили топшириб кўринг. Спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари ҳам мувозанатни бузади. Устига-устак, спирт ва тамаки елими (смола) томирларнинг бутунлигига путур етказиб, атеросклероз хавфи ортишига хизмат қилади. Спиртли ичимлик ичувчи ёки тамаки чекувчилар йилда бир марта, соғлом инсон эса 3 йилда бир марта қондаги холестерин микдорини текшириб туришлари тавсия этилади.

Эркак саломатлигига таъсири бор

Гап шундаки, атеросклероз тизимли хасталик. Аввал майда томирларда пайдо бўлган «ёмон» холестерин, вақт ўтиб катта артерияларда ҳам тўпланиши мумкин. Бироқ томирларда тўпланган холестериннинг ташқи белгилари йўқ. Шу сабаб уни барвақг аниқлаш мураккаб вазифа. Баъзида «ёмон» холестерин жинсий органдаги майда томирларда тўплана бошлайди ва эркаклик қувватининг камайишига олиб келади. Бундай пайтларда уролог кўригидан ташқари холестеринга қон таҳлили ва кардиолог кўриги зиён қилмайди.

Мувозанатни ушлаш учун

Энди соғлом ҳаёт кечириш учун «яхши» ва «ёмон» холестерин мувозанатини ушлаб туриш кераклигини билиб олдингиз, Бунинг ҳам бир қанча усуллари мавжуд. Шулардан энг самаралиси мунтазам жисмоний машқлар билан шуғулланиш ҳисобланади. Эътибор беринг, бозорга тушиб кроссовка харид қилишни тавсия қилмаяпмиз. Шунчаки, кунига ярим соат жадал тепмда сайр қилсангиз кифоя. Фақат бу машғулот мунтазам ва доим бир хил жадалликда бўлсин. Чунки айнан жадал машқлар организмда ишлаб чиқариладиган «ёмон» холестеринни ҳайдашга қодир. Бундан ташқари, мувозанатни асабийлик ва стресс ҳам бузади. Агар асаб торларингиз таранглашган бўлса, ўзингизга бир кунгина дам беринг.

Ташқаридан келадигаё холестеринни назорат қилиш учун таомномангизга балиқ маҳсулотлари, балиқ ёғи, зиғир ёғидан қўшинг. Чунки улар таркибида Омега-3 ёғ кислоталари мавжуд ва у бугунги кунда «ёмон» холестеринни организмдан чиқарувчи энг самарали восита ҳисобланади. Шу билан бирга, кепаклар, петрушка ҳам холестерин устидан назорат ўрнатишингизга кўмаклашади. Моддалар алмашинуви жараёнини издан чиқариб, атеросклероз юзага келишига имкон яратмаслик учун эса ширин егуликлардан воз кечиш талаб этилади. Узум, шафтоли каби меваларни ҳам бироз юкласангиз, фойдадан холи бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, холестерин бизга душман эмас. У билан курашиш, уни йўқ қилишга интилиш керакмас. Шунчаки, унинг миқдорини назорат қилиш орқали кўпгина муаммоларнинг олдини олиш мумкин. Хаммаси доимгидек ўз қўлимизда!

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси
 

 

Орқага Чоп этиш