ru uz
Ҳомиладорликда кўриш қобилиятининг пасайиши хавфлими?

Ҳомиладорлик юз бергач, гормонлар организмни туғруққа тайёрлай бошлайди. Агар аёл соғлиғида бирор муаммо бўлса, бу ички аъзолар ишида акс этиши мумкин. Масалан, яллиғланиш мавжуд бўлганида, буйрак, жигар, ошқозон-ичак тизими ишдан чиқиши ҳеч гап эмас. Гормонал ўзгаришларда эса қалқонсимон без фаолияти, кўриш қобилияти пасаяди. Бунинг олдини олиш учун ҳомиладорликни режалаштириш пайти шифокор-офтальмолог кўригидан ўтиш лозим. Борди-ю, муаммо айни фарзанд кутаётган маҳал юз берса-чи? 

Ўзгаришларнинг боиси нима?

Агар аёл сурункали касалликларни бошдан ўтказмаган бўлса, кўзлар борасида муаммо юзага келмайди. Аммо ҳомиладорликнинг стрессли ўтиши, аёл руҳан ва жисмонан қаттиқ чарчаши, ўзини аямаслиги, нотўғри овқатланиши, унда дармондори танқислиги, камқонлик, қон босимининг кўтарилиши, невроз, дистония каби ҳолатларга сабаб бўлади. Бу эса юрак ва қон томирларни ишдан чиқаради. Кўз томирлари ҳам бу ҳолатда жабр чекади. Ҳар хил гормонал касалликлар, айниқса, қандли диабет кўз қаватининг томирларига жиддий таъсир этиши мумкин.

Қандай даволанамиз?

Агар сизда:
■  кўриш қобилиятингиз кескин пасайиб, яқин ва узоқдаги предметларни кўришга қийналсангиз, кўз олдингизда хиралик пайдо бўлса;
■  чапдаги предметларни яхши кўрсангиз-у, аммо ўнгдагисини фарқлолмасангиз;
■  кўз олдингизда ёрқин чақмоқ ургандек туйилса, пайсалга солмай, шифокор-офтальмолог кўригидан ўтинг.
Кўриш даражаси пасайганда шифокор лазерли коагуляция — кўриш қобилиятини мустаҳкамлаш тиббий муолажасини буюриши мумкин. Ушбу муолажа ҳомиладорликнинг 30—32 ҳафтасида амалга оширилади. Операциядан кейин 2 ҳафта давомида аёл ўзини эҳтиёт қилиши, кўпроқ дам олиши керак. Шу билан бирга қабзиятдан ҳимояланиш, тез-тез сайрга чиқиш ҳамда мева-сабзавотларни кўпроқ ейиш тавсия қилинади. Акс ҳолда, кўз тўрпардаси янада зўриқиб, тиббий муолажанинг фойдаси бўлмайди.

Кесарча кесиш ёки табиий туғруқ?

Шифокор-офтальмолог аёлнинг ёши, умумий аҳволи, кўриш қобилиятининг пасайиши даражаси, кўз тўрпардасининг аҳволи ҳамма-ҳаммасини аниқ текшириб, кейин бир тўхтамга келади. Мисол учун, кўз тўрпардасининг дистрофияси ташҳиси қўйилганда аёлга табиий туғруқ мумкин эмас. Чунки бундай тyғpyx организмнинг зўриқтиради. Бундай пайтда кўз ички босими кўтарилиб-пасайиши мумкин. Бу эса кўз тўрпардаси кўчиб, кўриш қобилиятининг кескин тушиб кетишига олиб келади. Қолган кўз касалликларининг атиги 10 фоизида шифокор кесарча кесиш йўлини маъқул кўриши мумкин.

Энг муҳими профилактика!


Агар кўриш қобилиятингиз паст бўлса, ҳомиладорлик пайтида оғир ишлардан сақланишингиз, айниқса, 1 кг.дан ортиқ юк кўтармаслигингиз лозим. Чунки зўриқиш кўз ички босимининг кўтарилишига олиб келади. Вақти-вақти билан қуйидаги машқни бажариш керак: оқ қоғозга рангли дойра чизиб, ичини қалин қилиб буянг. Расмни кўзга 30 см. масофада яқинлаштириб, яна узоқлаштиринг. Расмни яқинлаштирганда бир кўзни ёпиб қаралса, машқнинг самарадорлиги янада ошади. Дам расмга, дам узоқдаги дарахтга ёки деворга қараш ҳам яхши натижа беради. Машқни ҳар куни 5 дақиқа давомида бажаринг. Шунда кўриш қобилиятининг пасайишини анча секинлаштириш мумкин. Агар иш фаолиятингиз компьютер билан боғлиқ бўлса, ундан кунига 2 соатдан кўп фойдаланманг. Ёки ҳар 40 дақиқада ўрнингиздан туриб, нигоҳингизни бошқа нарса-буюмга қаратинг.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Август 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1