ru uz
Ёшармоқчимисиз, таомномангизга қаранг!

Юз териси салқимаслиги, ажин босиб, буришиб қолмаслиги учун қимматбаҳо кремлар сотиб олиш, косметологлардан маслаҳатлар олиб, уларни қўллашдан ҳеч эринмаймиз. Лекин фақат юз терисига эътибор бериш нотўғри. Ахир буришиш жараёни бир вақтнинг ўзида юз, бўйин ва бадан терисида ҳам содир бўлади-да. Бу дегани парвариш қоидаларини бутун теримизга қўллашимиз керак. 
Ёшармоқчимисиз, таомномангизга қаранг!

Терингиз ҳуснбузарлардан холи бўлишини истайсизми? Унда колбаса, сосиска, қотган нон ва бошқа тўқтутар маҳсулотлар истеъмолини чеклаб, мева-сабзавотлар, дон-дун, чақ-чуқлар, ёғли балиқ ейишга ўтинг. Денгиз неъматлари қиммат, дея норози бўлаяпсизми, дўконларда селдь балиғи сероб ахир. У омега-3 мойига бой бўлгани учун, терини чунонам озиқлантиради-ки, озроқ вактдан кейин ажинлар камайганини, терингиз соғлом нур таратаётганини сезасиз. Боз устига, балиқнинг ҳар қандай нави юрак-қон томир касалликларидан сақлашга қодир. Балиқдаги рух моддаси терини янгилаб, уни чипқон, ҳуснбузар чиқишдан асрайди.
Чақ-чуқларга нима дейсиз?

ЁHFOҚ мағзини творог билан аралаштириб есангиз, маҳсулотнинг ёшартирувчи таъсири ўн баравар кўпаяди. Зайтун мойи ва цитрус мевалардаги омега-6 моддасига ҳам зинҳор йўқ деманг. Улар бир-бирининг фойдасини ошириб, сизнинг ёш кўринишингизни таъминлайди. С витаминига бой тузланган оқбош карам, гармдори ва булғор қалампири, қуритилган меваларни хўб енг. Ахир йиллар ўтиб терида коллаген ишлаб чиқарилиши пасаяди, шунга яраша ташқи кўринишимиз ҳам анча ўзгаради. Бу жараённи С витаминига бой маҳсулотлар истеъмоли тўхтатиши мумкин. Терининг салқиши, буришиб қолиши, барвақт ажин тушишидан асровчи ажойиб А дармондори ҳам бор. Сабзи, исмалоқ, тухум ва жигар, хурмони кўпроқ истеъмол қилинг, шунда юзингиз силлиқ ва майин бўлади.
Ҳаракатда гап кўп...
Ҳар куни 1—1,5 соат давомида ҳаракатда бўлинг. Бу пиёда юриш, фитнес машғулотлари, уйдаги оздирувчи оддий юмушлар — кир ювиш, кийим дазмоллаш, таом тайёрлаш бўлиши мумкин. Жисмоний ҳаракатдан кейин, албатта, душ қабул қилиб, қалин ювгич ёрдамида баданни яхшилаб уқалаш, дон-дун, оддий ош тузи ва қатиқ аралашмаси, асал ёки қаҳва кукунидан тайёрланган скраблардан фойдаланиш тери буришишидан ҳимоялайди. Ҳар куни терини зайтун ёки кунжут мойи ёрдамида мойлаш ҳам ажойиб таъсир кўрсатиб, терининг осилиб қолишидан сақлайди. Кўпгина аёллар кўкрак терисининг осилиб қолишидан шикоят қилишади. Бундай пайтда пресс машқи ҳамда кўкрак қафаси соҳасига 2—3 томчи ялпиз эфир мойини озиқлантирувчи крем билан аралашти¬риб суртиш яхши натижа беради. Қорин ва сон соҳасидаги бурмаларни йўқотишда яшил ва қизил тусдаги меваларни кўпроқ еб, хамирли таомлардан воз кечиш ҳамда қоринни ичга тортиб юриш машқи, йога ва фитнес машғулотлари тавсия этилади.
Дармондорилар ёрдам беради

Теридаги ажин ва буришиш — ниқоблар, мойлаш ва уқалашдан ўлгудек қўрқади. Айниқса, нарҳи арзон, аммо ҳақиқатан фойдали витамин йиғиндилари бу ишда бизга аниқ ёрдам беради. Мисол учун, юзингиз нурсиз бўлса, қуруқшаб, оғиз четида яра пайдо бўлса, В2 (рибофлавин) ва РР витамини зарур. Сочдаги қазғоқ ва доғларда В1 (тиамин) витамини асқотади. Ажин ва қичишишда В5 дармондориси ёрдам беради. Ҳуснбузар қийнаса, В2, В6 ва В9 (фолий кислотаси), В12 ни қўллаймиз. В гуруҳ витаминлари беҳи, нок, лимон, шафтоли, лавлаги, салат барги, курка гўшти, ёнғоқ, дуккакли ўсимликларда жуда кўп. Шиш ва яллиғланишларда К витаминига мурожаат қиламиз. Помидор, кўк чой, яшил нўхат, кўкпиёз, қўй гўшти, гулкарам, сельдерей кўкати бу витаминга ниҳоятда бой. Тери қуруқлиги, ажинларда F витамини ёрдамга келади. У балиқ мойи, сули ёрмаси, кунгабохар пистасида бисёр. Тери ҳужайралари янгиланишига Н витамини жавобгар. Сиз уни тухум сариғи, қаймоқ, пишлоқ, чаканда мойи, буғдой ёрмасидан топасиз. Мавжуд муаммодан келиб чиқиб, керакли витаминлар мужассам бўлган косметик воситалар сотиб олишингиз, витамин йиғиндисини қабул қилишингиз ёки витаминни мойли аралашма кўринишида ниқоб қилиб маҳсулотлар таркибига қўшиб суртишингиз фойда беради.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Август 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1