ru uz
Ҳомиладорликда аёллар организмида рўй берадиган ўзгаришлар

Ҳомиладор аёл организмида витаминлар камайиб кетса токсикознинг авж олишига қулай шароит яратилади. Бўлажак она вужудида айниқса, A, D, В, Е, С витаминларига бўлган талаб янада кучаяди.

С дармондориси сперматозоид билан тухум ҳужайранинг ягона ҳужайра бўлиб бирикиши, шунингдек, фолликулаларнинг ўсиши, бачадон децидуал пардасининг ривожланиши учун ҳам зарур. Организмнинг бу витаминга бўлган талаби ҳомила ўсган сари орта боради. Агар организмнинг С витаминига бўлган талаби 50 мг. бўлса, ҳомиладор аёлда бу кўрсатгич 120-125 мг, ҳатто, 224 мг гача кўтарилади. Йўлдош ушбу дармондорини заҳира “омбори” сифатида ўзида сақлайди ва ҳомиланиинг талабини вақти-вақти билан қондириб туради.

Ҳомиладор аёл организмининг D витаминига бўлган эҳтиёжи ҳам катта. Маълумки, бу дармондори кальций ва фосфор алмашинувини бошқариб, тартибга солиб туради. Агар организмда D витамини етишмаса, онада остеомаляция, ҳомилада эса рахит касаллиги вужудга келиши мумкин. Аёл “оғироёқлик” даврини бошидан енгил ўтказиши учун Е ва А витаминлари ҳам зарур. Агар она организмида Е ва А витамини етишмаса ҳомила чала туғилиши мумкин.

Ёғ алмашинуви

Ҳомиладорлик даврида бўлажак она қонида липоид каби нейтрал ёғлар ва холестерин ҳам кўпаяди. Булар ҳомила танасининг тузилиши, унинг тери ости ёғ қатламининг шаклланиши айниқса, ҳомиланинг ривожланиши, бундан ташқари сут безлари сут ишлаб чиқариши учун зарур бўлади.

Ёғларнинг парчаланиши организмда ацетон вужудга келишига сабаб бўлади. Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида учрайдиган токсикозларда аёл тўхтовсиз қусганда пешобдан ацетон таналари топилади. Агар бу ҳолат давом этаверса ҳомиладорликни тўхтатиш лозим бўлади. Ҳомиладор аёл ёғли овқатларни кўп истеъмол қилса унинг организмида ёғнинг парчаланиши издан чиқади. Натижада унда тўла ёнмаган ёғнинг зарарли маҳсулотлари тўпланади ва улар пешобга ўтади. Оқсил ва карбонсувларнинг тўла ёнмаган маҳсулотлари физиологик ацидоз ва сув алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади.

Асаб тизими

Бу тизимда кўпинча вегетатив белгилар юзага келади. Ҳомиладор аёлнинг сўлаги оқади, унинг кўнгли айнийди ва қайт қилади (меъда пилорус қисмининг спазми) ҳамда вегетатив асаб тизимининг фаолияти бузилади. Қабзият, веналарнинг кенгайиши, пешоб йўлининг қовуққа уланган қисми кенгайганлиги ва бошқа ўзгаришлар кузатилади. Ҳомиладор аёл организмининг туғишга тайёрланиши асосан асаб тизимининг мураккаб рефлектор реакциясига боғлиқдир. Бачадон рецепторлари сезувчанлигининг аста-секин ошиши туғруққа тайёрланишга имкон беради.

Периферик асаб тизими

Ушбу тизимдаги ўзгаришлар думғаза ва бел соҳасидаги оғриқлар билан намоён бўлади. Кўпинча аёлнинг болдири ва ахилл пайи соҳасида томир тортишади. Ҳомиладор аёлнинг салга жаҳли чиқадиган бўлиб қолади. Унинг кайфияти ўзгариб туради, уйқучанлик кузатилади. Шунингдек, аёлда жинсий майл сусаяди. Юқорида қайд қилинган ҳолатлар мия пўстлоғи ва пўстлоқ ости фаолияти ўзаро мувозанатининг ўзгаришига боғлиқдир.

Юрак ва қон томирлар тизими

Агар юрак нормал бўлса, ҳомиладорликда бу аъзода деярли ўзгаришлар бўлмайди. Ҳомиладор юраги ҳомила ўсиши билан аста-секин унга мослаша боради. Унинг мушаклари гипертрофиялашиб, бироз кенгаяди. Функционал хусусияти ортади. Чунки, аёл организмида бачадондаги қон айланиш вужудга келгани сабабли периферик қон томирларнинг қаршилиги ортади. Бачадон катталашган сари бу ҳолат оша боради.

Ҳомиладорликда умумий қон миқдори кўпаяди. Агар қон миқдори ҳомиладор бўлмаган аёлларда умумий тана оғирлигига нисбатан 1/16-1/20ни ташкил қилса, ҳомиладорликда бу кўрсатгич 1/12-1/14 нисбатгача етади. Яна бу даврда қоннинг ивиш хусусияти ошади. Фибрин ва фибриноген моддалари миқдори кўпаяди. Қон пластинкалари сони ошади. Шунга кўра ҳомиладор аёлларда тромбоз хавфи бўлади.

Қон ишлаб чиқариш тизими айниқса, суяк кўмиги бир қатор ўзгаришларга учрайди. Физиологик кечаётган ҳомиладорликда суяк илигининг гемопоэтик (қон ишлаб чиқариш) фаолияти ортади.

Нафас аъзолари тизими

Ҳомиладорлик даврида ўпка, жигаркаби аъзолар, диафрагма воситасида юқорига кўтарилишига қарамай, унда деярли функционал ўзгаришлар бўлмайди. Ҳомила катта, қоғоноқ суви кўп ёки ҳомила биттадан ортиқ бўлган ҳоллардагина ҳомиладорликнинг охирги даврида нафас олиш тезлашади. Ҳатто, бўлажак онада нафас қисиши каби ҳоллар юз беради. Шунингдек, сут безларида ҳам ҳомиладорликка хос ўзгаришлар юз беради.

Овқат ҳазм қилиш аъзолари

Ҳомиладорликнинг биринчи ойларида овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолияти бузилади. Бундай ҳол юқорида айтиб ўтилганидек вегетатив асаб тизими фаолияти бузилишидан келиб чиқади.

Ҳомиладор аёлнинг баъзан кўнгли айнийди. У қайт қилади ва сўлаги оқади. Ичаклар атонияси, қабзият ҳам кузатилади. Аёл баъзи овқатларни хуш кўрмайдиган бўлиб қолади. Бўр, кесак ва шунга ўхшаш истеъмол қилиб бўлмайдиган нарсаларни кўнгли тусайди. Бундай ҳолат ҳамма ҳомиладорларда ҳам кузатилмайди. “Бошқоронғулик” деб аталадиган бундай ҳоллар 3-4 ой мобайнида йўқолади.

Пешоб чиқариш аъзолари

“Оғироёқлик”да бошқа аъзолар каби буйракнинг вазифаси ҳам ортади. Бу қўш аъзо организмда сув алмашинувини тартибга солувчи, она ва ҳомила организмидан ажралган алмашинув маҳсулотларини ташқарига чиқаради. Агар пешобда оқсил пайдо бўлса, бу ҳомиладорликда гипертензия ҳолати бошланишидан дарак беради. Ҳомиладор аёл организмида сув алмашинуви жараёни ортиши сабабли пешоб миқдори кўпаяди. Ҳомила қовуқни босиб, аёлни тез-тез ҳожатхонага югуришга мажбур қилади. Бундай ҳол сийдик йўллари касалликларида ва пешоб-тош касалликларида ҳам учраши мумкин.

 

 

Манба:  soglom.uz

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Август 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1