ru uz
Муайян шароитда заҳарли бўладиган ҳайвон маҳсулотларидан заҳарланишлар

Факультатив овқат заҳарланишини келтириб чиқарадиган ҳайвон маҳсулотларига, биринчи навбатда, инсон овқатланишида ишлатилувчи,  токсигенлиги ошган даврдаги микроскопик сув ўтлари (динофлагелят)ни истеъмол қилган моллюскалар ва денгиз қисқичбақасимонлари киради. Баъзи балиқларнинг тухум ташлаш даврида уларнинг жигари, увилдириғи (икраси) ва сути ҳам заҳарлилик хусусиятига эга бўлиши мумкин. Бундай балиқларга скумбрия, чўртанбалиқ, окунь, налим мисол бўла олади.

Баъзи ўткир заҳарланишлар икки табақали моллюскалар (мидиялар, устрицалар, тароқчалар ва бошқалар), краблар, лобстерлар, лангустлар каби нобалиқ денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Микроскопик сув ўтлари (динофлагелятлар) билан овқатланишда улардан ёки, камдан-кам ҳолларда, мустақил равишда токсик бирикмаларнинг катта гуруҳи  метаболизланиши мумкин. Ҳозирги пайтда эса табиий моринотоксинлар (фикотоксинлар)нинг моллюскалар ва қисқичбақасимонлар билан боғлиқ  бутун бошли рўйхати устуворлик қилувчи заҳарлаш белгиларига қараб тўрт гуруҳга бўлинади: фалажловчи, ич кетказувчи (диареяли), нейротроп ва амнестик.

Фалажловчи токсинлар гуруҳида сакситоксинлар етакчи роль ўйнайди. Улар қизил-қўнғир сув ўтларида пайдо бўлишади ва қарийб барча ейиладиган моллюскаларда, шунингдек, Тинч океанининг салқин қирғоқбўйи сувларида яшовчи краблар ва лобстерларда йиғилиши мумкин. Касаллик ўткир тарзда, кўпинча ейилганидан сўнг 0,5 ... 2 соат ичида бошланади. Заҳарланишнинг биринчи белгилари  юз, қўл ва оёқ соҳаларидаги қарахтланиш, ачишиш ва оғриқли қизиб кетишлардан иборат бўлади ва нафас олиш мушакларининг фалажи ривожланади. Заҳарланиш энг авжига чиққанида  нафас олиш етишмовчилиги оқибатида ўлим юз бериши мумкин. Агар камроқ оғирликдаги заҳарланиш юз берган бўлса, унда бир сутка давомида  касаллик белгилари ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Қайта тикланиш даври  бош оғриқлари ва мушаклар заифлашуви билан бирга кечади.

Ич кетказувчи (диареяли) токсинлар окад кислотаси,  исессотоксин, пиктенотоксин, динофазик токсинни ўзига қамраб олади. Овқатланишда икки табақали моллюскалар  истеъмол қилинганидан сўнг орадан 0,5 ... 2 соат ўтганидан сўнг бошланадиган ич кетказувчи (диареяли) токсинлар билан заҳарланишнинг етакчи касаллик белгилари кўнгил айниши, қайт қилиш, диарея ва абдоминал оғриқлар бўлиб, озноб, лихорадка ва бош оғриғи билан бирга кечади. Касалликнинг давом этиши 2 ... 3 суткани ташкил этади.

Нейротоксик моддаларга Мексика кўрфази ва Америка қитъасининг Атлантика океани соҳилларидаги бошқа жанубийроқ жойларда яшовчи динофлагелятлар ишлаб чиқарувчи бреветоксинлар  киради. Заҳарланишнинг нейротоксик тури  овқатни ейиш вақтидаёқ (зарарланган овқат ошқозон-ичак йўлларига тушганидан сўнг бир неча минут ўтгач) ривожланувчи нисбатан шиддатли кечувчи клиник манзараси билан характерланади. Симптомокомплекс ўзига ошқозон-ичак бузилишлари (қайт қилиш ва диарея)ни, шунингдек, неврологик симптоматика (лаблар, тил ва халқум соҳасидаги парестезия,  мушак оғриқлари ва тортишишлари, мушаклар заифлашуви, иссиқ ва совуқни сезиш ўзгариши)ни қамраб олади.  Клиник манзара  бир неча соат ичида кузатилади, аммо касалликнинг давом этиши 1 ... 3 суткадан ошмайди. Одатда асорат қолиши учрамайди.

Амнестик токсинлар ичида домоат кислотаси маълум бўлиб, у мавсумий озуқаси Nitzchia pungenes оиласига кирувчи қўнғир рангли микроскопик сув ўтлари бўлган мидиялар организмида ишлаб чиқарилади. Касаллик икки босқичда ривожланади: аввал, заҳарли моллюскалар истеъмол қилинганидан сўнг 24 соат ўтгач, ўткир гастроэнтерит белгилари (қайт қилиш, диарея, абдоминал оғриқлар) пайдо бўлади. Кейинги босқичда, иккинчи сутка тугаётганда, буларга неврологик симптоматика қўшилади: кенг ёйилган ориентация бузилиши, даврий амнезия, томир тортишишлари, бош оғриғи қўшилади. Оғир ҳолатларда шайтонлаш ва комасимон ҳолат ҳам кузатилиб, булар ўлимга олиб келиши мумкин. Қари беморларда  заҳарланиш жуда оғир кечади ва Альцгеймер касаллигидаги сингари касаллик белгиларига эга бўлади.

Моллюскалар ва қисқичбақасимонларни  истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган маринотоксинлар билан заҳарланиш ташҳиси  клиник манзара ва овқат анамнези асосида қўйилади. Лаборатория ташҳиси сичқонлардаги  биоиндикация (сакситоксинлар учун) ёки нисбатан кўпроқ специфик (токсинларнинг алоҳида турлари учун), аммо унчалик оммабоп бўлмаган храмотография усулларини қамраб олади.

Океандан овланадиган моллюскалар ва бошқа нобалиқ маҳсулотларда тўпланадиган маринотоксинлар билан заҳарланишларнинг профилактикаси асосан уларнинг овланиши ва овқатга ишлатилиши мавсумга мос равишда назорат қилиниши билан боғлиқдир. Одатда, микроскопик сув ўтлари  нисбатан интенсивроқ ўсадиган ва кўпаядиган даврларда анъанавий равишда моллюскалар овланадиган ҳудудларда уларнинг овланиши тўхтатилади.  Ўртаер денгизи ҳавзасида бу давр майдан то сентябргача чўзилади. Тропик ва экваториал денгизларда  бундай даврлар  бутун йил мобайнида алмашиниб туриши мумкин. Давлат назорат идоралари  овқатланишда моллюскалардан  фойдаланишнинг потенциал хавфи мавжудлиги  ҳақида эълонлар  беришлари ва денгиз маҳсулотларини вақти-вақти билан  лаборатория текширувларидан ўтказиб туришлари лозим.

Овқат заҳарланишлари кенг жўғрофий ҳудудда ўсадиган заҳарли ўсимликлар, биринчи навбатда, Ericaceae, Kalmia ва Rhododendron лар оиласига кирувчилар: денгиз рододендрони, ғарб азалияси, калифорния атиргули, тоғ дафнасидан йиғилган асалари асалини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Ушбу ўсимликлар нектаридан олинган асалда грайанотоксин (родотоксин, андромедотоксин, ацетиландромедол) лар мавжуд бўлади. Грайанотоксинлар ўзига дитерпен (азотсиз полихлорланган циклик углеводород)ларга мансуб табиий бирикмаларни қамраб олади. Грайанотоксинлар  мембрана заҳарлари сирасига киради. Улар ҳужайралар мембраналари натрийли каналларининг рецепторлари билан боғланади, уларнинг деполяризациясини  бузади ва шу билан  ҳужайралар ичидаги кальций ионлари оқимини кўпайтирадики, бу ҳужайраларнинг, хусусан, миокард ва асаб тизими функциясининг бузилишига олиб келади.

Заҳарланиш организмга тушадиган токсинлар миқдорига боғлиқ равишда  бир неча минутдан то 2 ... 3 соатгача  бўлган вақтда ривожланади ва ғарқ тер босиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши, нафас қисиши ва оғиз атрофидаги парестезияни қамраб олади. Кейин бунга гипотензия (ҳатто коллапсгача), брадиаритмия, синусли брадикардия ва Вольф-Паркинсон-Уайт синдроми белгилари қўшилиб, тезкор шифокорлик ёрдамини талаб қилади. Заҳарланишнинг ўлимга олиб бормайдиган шакли 24 соатдан ортиқ давом этмайди. Лозим топилганда грайанотоксинларнинг лабораториявий ташҳисланиши маҳсулотдаги юпқа қатламли хроматография  ёрдамида  аниқланиши мумкин.

Асал, шунингдек,  шайтонкоса ва бангидевона сингари маълум заҳарли ўсимликлардан нектар йиғилгани оқибатида асал заҳарли бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳолда заҳарланиш хусусиятлари муайян ўсимликларнинг алкалоидли бирикмаларининг специфик хусусиятларига боғлиқ бўлади.

Заҳарли асал билан заҳарланишларнинг профилактикаси  асалари уялари жойлашган ҳудудлар олдиндан ва вақти-вақти билан  текшириб турилиши ва гуллаб турган потенциал хавфли, шу жумладан, заҳарли ўсимликлар борлигини аниқлашдан иборат бўлади. Шунингдек, овқатланишда ёввойи асалариларнинг асалларидан, айниқса,  қирғоқбўйларида ва тоғли жойлардан йиғилган асаллардан фойдаланиш тавсия этилмайди.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Август 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 31 1