ru uz
Ўсмирлик палласида гормонал ўзгаришлар кескинлашиши

Ўсмирлик палласида ўғил ва қизларимизни безовта қиладиган муаммолардан (дард деса ҳам бўлаверади) бири бу гормонал ўзгаришлар кескинлашиши оқибатида юз ва бадан терисида кузатилиши мумкин бўлган тошмалар (ҳуснбузар)лардир. Бундан ташқари, аксарият ҳолларда ўсмирларимизни вегетатив қон тизими фаолиятининг бузилиши (дистония), ўтиш даври учун хос бўлган депрессия(руҳий тушкунлик)лар безовта қилади.

Вегетатив қон тизими фаолиятининг бузилиши (дистония) – одам организмида ички мувозанатни сақлашга хизмат қиладиган вегетатив асаб тизими фаолиятининг издан чиқишидир. Одатда одам организмининг функционал фаолиятидаги бундай бузилишлар жуда кучли кечаётган гормонал жараёнлар, психо-эмоционал зўриқишлар таъсирида рўй беради. Клиник нуқтаи назардан олиб қаралса, бундай ўзгаришлар ҳақида юракнинг жуда тез уриши, бош айланиши, ҳаддан ортиқ даражада тер ажратиш, қон босимининг пасайиб кетиши, қорин соҳасида турли хил оғриқлар, жунжикиш, организмнинг тез чарчаб қолиши, серзардалик каби аломатлар дарак беради. Умуман олганда ўтиш даври тугаши билан юқорида айтиб ўтилган клиник аломатлар ўз-ўзидан йўқолиб кетади.

Ўтиш даври учун хос бўлган ҳуснбузарлар ўғил ва қиз болаларнинг юз, елка, кўкрак соҳасида, камдан кам ҳолларда тананинг бошқа соҳаларида пайдо бўлиши мумкин.

Ўспиринларда яна бир ўзига хос муаммо юзага чиқиши мумкин. Гап шундаки, бу даврда қиз болаларда скелет ҳамда мушаклар умумий массасининг ўсиши кузатилади. Шу муносабат билан организмда ортиқча вазн йиғилади. Ёш қизчалар бундай ҳолатни жуда оғриниб қабул қилиши эҳтимоли бор. Ахир, ўтиш даврида қиз болалар ўзининг ташқи қиёфасига ниҳоятда катта эътибор берадиган бўладилар. Ўсмирлик палласига қадам қўяётган қизларимиз атрофдагиларнинг, хусусан, ўғил болаларнинг уларга нисбатан қандай муносабатда бўлаётганини руҳий жиҳатдан жуда нозик ҳис этадилар. Шу боисдан ҳам ўтиш даврида ортиқча вазннинг ошиб кетишидан чўчиган баъзи бир қизлар ўзини овқатланишдан тийишади. Бундай зўрма-зўраки «парҳез тутиш»нинг оқибати жуда ёмон тугайди. Негаки, болаликдан ўсмирликка ўтиш даврида ўсиш жараёнлари билан бевосита боғлиқ бўлган организмдаги жадал ўзгаришлар таъсирида бутун умрга татигулик салбий оқибатлар (масалан, анорексия) юзага келиши мумкин. Илгарироқ айтиб ўтганимиздек, ўтиш даврида танадаги суяк ва мушаклар массаси ўзгаради. Тана оғирлигини кейинчалик меъёрга етказиб олиш мумкин бўлса, суяклар массасини ўзгартиришнинг имкони қолмайди.

Анорексия – ўсмирлик палласига қадам ташлаётган ёш организм учун ниҳоятда ёқимсиз оқибатларни келтириб чиқарадиган касаллик. Бундай нохушликнинг олдини олмоқ учун ўсмир ёшидаги болаларнинг ота-оналари ўз фарзандарининг еб-ичишига, кун тартибини тўғри ташкил қилишига алоҳида эътибор бермоқлари даркор.

Ҳурматли ота-оналар, оилангизда ўсмирлик палласига қадам ташлаётган қиз болалар бор бўлса, улар билан муносабат жараёнида бехосдан болангизнинг дилига жароҳат етказиб қўйишдан эҳтиёт бўлинг.

Болалик билан хайрлашиб аста-секин ўсмирлик даврига кириб бораётган ўғил болаларнинг характерли муаммолари асосан нисбатан олганда ошиб бораётган жисмоний куч-қувват ҳис этилиши ҳамда жинсий жиҳатдан улғайиш жараёнларининг фаоллашуви билан узвий боғлиқ. Бу ёшдаги ўғил болалар бутун дунё аҳлига улғайиб қолгани ҳақида жар солгиси келаверади. Бунинг оқибатида улар психик жиҳатдан ортиқ даражада зўриқиб қолишади. Ўсмирлик поғонасида ўғил болаларнинг характери кескин тарзда ўзгариб қолади. Ўсмирлар ўзини худди катталардек тутишга интилишади, аммо улар психо-физиологик жиҳатдан катта ёшдаги одамлар учун хос бўладиган лаёқатларга тўлиқ эга бўлмагани боис доимо ички зиддият ҳолатида юришади. Оқибат натижада уларнинг феъл-атворида ўта даражадаги асабийлик, ҳаттоки тажовузкорлик кўзга ташлана бошлайди. Бу даврдаги болажонлар психикасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар мутаносиблиги шаклланиб улгурмаган бўлади.

Турли хил ички зиддиятлар таъсири исканжасига тушиб қолган ўғил болалар аксарият ҳолларда одамларга аралашмайдиган (одамови), қайсар, жуда уятчанг ёхуд аксинча, жуда тажовузкор, бебош бўлиб қолади. Бу даврда ўсмирларга оилавий муҳитнинг таъсири анча салмоқли бўлади. Оилада ўзаро тотувлик, ҳурмат ва самимийлик ҳукмрон бўлса, ўсмирлар ўзининг ички зиддиятларини бирмунча юмшатиши, феъл-атворини ижобий томонга ўзгартириши мумкин бўлади. Оилавий муҳит оғир бўлса, аксинча ўсмирларнинг феъл-атворидаги салбий хусусиятлар янада кескинроқ кўриниш касб эта бошлайди. Болалар бебош бўлиб, кўчанинг таъсирига тушиб қоладилар.

Ҳурматли ота-оналар, муаммолари билан ёлғиз қолган болажонларимизга имкони борича далда беришимиз, уларга нисбатан сабр-бардошли бўлишимиз, меҳр бериб, суйиб-эркалаб, ардоқлаб катта қилган жигаргўшамизни асраб- авайлашимиз керак!

Шунингдек, уларнинг диққат-эътиборларини келажакда бирорта касб-ҳунар ўрганиш ёки олий маълумотли мутахассис бўлиб етиши ишлари учун ўқишга йўналтириш зарур.

Манба:  soglom.uz

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Май 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2