ru uz
В12 витамини

Кобаламин ёки В12 витамини сувда эрийдиган витаминларга киради ва турли табиий бирикмалар (цианокобаламин, оксокобаламин) сифатида намоён бўлади. В12 витамини таркибига кобальт киради.

Сўрилиши ва физиологик функциялари. Кобаламин фақатгина  ўзига хос протеинлар: R-протеинлар ва “Касль ички омили” (ИО) деб аталувчи гликопротеидлар ошқозон шиллиқ қатламида етарлича синтезланганидагина   ошқозон-ичак йўлларида сўрилади. R-протеинлар ошқозонда В12 дан дан мустахкам мажмуа ҳосил қилади, у эса ингичка ичакнинг ишқорли муҳитида таркибий қисмларга ажралади, озод бўлган В12 эса ИО билан боғланади. Шу тариқа ҳосил бўлган В12 – ИО фаол трансмембраналар ташиши энтероцитлар рецепторлари билан танлаб боғланади. В12 нинг ташилиши фақатгина кальций иштирокида самарали бўлади.  Кобаламинларнинг суст диффузияси 1 %  дан ошмайди.

Кобаламин организмда фаол метаболитларга айланади, улардан бири – метилкобаламин метилли гуруҳни тетрагидрофолат кислотадан гомоцистеинга олиб ўтиб, метионин синтезида ва ДНК ва РНК нинг метилланишида иштирок этади, бошқаси – 5-дезоксиаденозилкобаламин эса ёғлар ва оқсиллардан қувват ҳосил бўлишида муҳим ўрин тутадиган ва гемоглобин синтезида иштирок этадиган А сукцинилкоэнзим пайдо бўлишини катализловчи фермент таркибига киради.

В12 витаминининг фолацин билан метаболик алоқаси беқарор метилли гуруҳлар ва бошқа бир углеродли фрагментларни олиб ўтишда амалга оширилади.

Асосий озуқа манбалари ва организмни таъминлаш имконияти. Кобаламиннинг овқатланишдаги асосий манбаи – ҳайвон маҳсулотларидир. В12 нинг турли-туман аралаш рациондаги таркиби одатда физиологик эҳтиёж меъёрини таъминлайди (жадвалда қувват сарфланиши 2800 ккал бўлган инсоннинг В12 витаминига физиологик меъёрини таъминловчи маҳсулотларнинг кундалик тўплами келтирилган). В12 алиментар танқислиги учрашининг салмоқли улуши ашаддий вегетарианлар ҳиссасига тушади, шунингдек, ошқозони касал ва 60 ёшдан ошган шахсларда учрайди.

                     Кобаламиннинг асосий озуқа манбалари

 

      Маҳсулот

100 г маҳсулотдаги В12 витамини (кобаламин) миқдори, мкг

 

Кундалик маҳсулотлар тўплами

Жигар, юрак, буйраклар

20 ... 60

500 мл суюқ сут маҳсулотлари + 170 г гўшт  маҳсулотлари +  50 г балиқ + 20 г пишлоқ

Суюқ сут маҳсулотлари, тухум, парранда гўшти, творог, пишлоқ, балиқ, гўшт

0,4 ... 4

 

В12 нинг абсорбциясига баъзи бир дори-дармонлар (фенобарбитал) ва алкоголь (айниқса, сурункали ичилса) ҳалақит беради. Гижжа касалликлари (масалан, дифиллоботриоз) ҳам организмдаги  кобаламинни сезиларли камайтириб юбориши мумкин.

В12 витамини сақлаш ва қайта ишловга нисбатан етарлича бардошли: пазандалик йўқотишлари ўртача 25 % ни ташкил этади.

Физиологик эҳтиёж меъёрлари ва овқат статуси биомаркерлари. В12нинг ҳар куни 3 мкг истеъмол қилиниши физиологик даража ҳисобланади. Ҳомиладорликда эҳтиёж 4 мкг.гача ошади.

Организмнинг кобаламин билан таъминланганлигининг объектив кўрсаткичлари унинг пешоб билан ажралиш даражаси бўлиб,  меъёрда 0,02 мкг/сут.дан кам бўлмаслиги ва пешобдаги метилмалон кислота (оралиқ маҳсулот) концентрацияси меъёрий даражада – 0,4 ... 0,7 мг сут. бўлиши керак.  Организмнинг В12 билан таъминланганлигининг  биомаркери унинг қон зардобидаги концентрацияси бўлиб, у 147 пмоль/л.дан кам бўлмаслиги керак.

Етишмаслиги ва ортиқчалигининг намоён бўлиши. В12 авитаминози овқат ҳазм қилиш аъзолари шикастланиши (глоссит, ахилия, антитаначалар пайдо бўлиши ҳисобига ошқозон шиллиқ пардасининг аутоиммун шикастланиши, ичаклар дискинезияси) билан намоён бўлиб, кейинчалик қон яралиши бузилиши ва макроцитар гиперхром анемия ривожланиши билан кечади. Бунда В12 пассив диффузияси механизми бузилмайди, бундан эса даволаш муолажаларини ўтказишда фойдаланилади. В12 танқислигининг идиопатик кўриниши Аддисон-Бирмер касаллиги  (пернициоз анемия) деб аталади.

В12 танқислиги ошқозон суюқлиги пасайиши (атрофик гастрит) ва В12 алоқасининг ўзига хос оқсиллар туфайли бузилиши билан кечадиган турли   ҳолатларда ривожланиши, шунингдек, салабсорбция билан оғриганларда юз бериши мумкин.

Танқисликнинг биокимёвий мезонлари гомоцистеин концентрациясининг қон зардобида 15 мкмоль/л.дан ошиқ бўлиши ва суткалик пешобдаги кобаламин концентрацияси 0,02 мкг/л.дан кам бўлишидир. Айни пайтда пешоб билан метилманол кислотаси ажралиши кўпаяди – 0,7 мг/сут.

В12 гипервитаминози таърифланмаган.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Февраль 2020
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 1