ru uz
Маданий ўсимликларни ифлослантирувчи бегона ўтлар уруғларидан заҳарланиш

Бегона ўтларнинг уруғларидан заҳарланишлар уларнинг тўпланиши ва озуқа донларидаги миқдори қониқарсиз назорат қилинганида учрайди. Улар бегона ўтларнинг уруғидаги токсик моддаларнинг унга, ундан унинг асосидаги озиқ-овқат маҳсулотлари (нон, нон маҳсулотлари)га тушиши билан боғлиқдир.

Кўкмарак (гелиотроп) токсикози. Иссиқ иқлим шароитларида ўсувчи кўкмарак (Heliotropium lasiocarpum) уруғлари аралашиб кетган дон маҳсулотларини овқатланишда ишлатилиши оқибатида овқат заҳарланиши пайдо бўлади. Уруғларнинг токсик хусусияти улар таркибидаги  нейротроп ва гепатотроп таъсирга эга бўлган алкалоидлар мажмуаси (циноглоссин, гелиотрин, лазиокарпин) миқдорига қараб белгиланади. Кўкмарак токсикози секин ривожланади ва токсик гепатит белгиларига эга бўлади: жигар катталашади, сариқлик пайдо бўлади, асцит ҳолатлари кучаяди. Бунақанги манзара бир неча ойга чўзилиши мумкин. Жигар функциясини қайта тиклаш ва умумий саломатликни меъёрий даражага келтириш узоқ вақт олади. Оғир ҳолларда ўлим ҳолатлари 20 ... 30 % ни ташкил этади.

525.jpg

Кўкмаракнинг жавдар ва буғдойдаги аралашмаси  100 кг донда 10 мг.дан ошмаслиги лозим (Россия Федерацияси нормативи).

Кампирчопон токсикози (триходесмотоксикоз). Кампирчопон (Trichodesma  incanum) – Осиё мамлакатларининг тоғ ёнбағрида жойлашган ҳудудларида ўсадиган кўп йиллик ўсимлик бўлиб, уни овқатланишда ишлатилганида овқат заҳарланиши триходесмотоксикозни юзага келтиради.

Кампирчопоннинг уруғларида мавжуд бўлган алкалоидлар (инканин, триходесмин) кучли  нейротроп таъсирга эгадир. Заҳарланиш ривожланишида намоён бўлувчи клиник манзара   энцефалит ва менингоэнцефалитнинг касаллик белгиларини қамраб олади. Шунингдек,  кўнгил айниши ва ич кетиши кузатилиб, келгусида  гипохром анемия ҳам қўшилиши мумкин.  Заҳарланишнинг оғир шакллари 35 % ҳолатларда ўлимга олиб келади. Кампирчопоннинг уруғлари юқори заҳарлиликка эгалигини назарда тутган ҳолда, уларнинг озиқ-овқат маҳсулотларида мавжуд бўлишига йўл қўйилмайди.  Ифлосланган донлар  кампирчопоннинг уруғларидан пухта тозаланади ва донлар устидан унинг уруғлари шарбатини кетказиш учун сувда ювиб ташланади.

Плевел билан заҳарланиш. Плевел (Lolium temulentum) кенг тарқалган бошоқли бегона ўтлар сирасига киради. Уруғларининг заҳарлилиги улар таркибидаги темулин алкалоидининг миқдорига боғлиқ. Доимо плевел уруғларида  паразитлик қиладиган Stromatinia temulenta  микроскопик замбуруғи ушбу ўсимликнинг заҳарлилик потенциалига асосий ҳисса қўшса керак.

526.jpg

Овқатланишда плевел аралашган донли маҳсулотлардан фойдаланиш оқибатида ривожланадиган заҳарланишнинг клиник манзарасида алкоголдан маст бўлишга ўхшовчи белгилар – кўнгил айниши, қайт қилиш, бош айланиши, атаксия устунлик қилади. Дондаги плевел аралашмаси  ундан тайёрланган унга нохуш ачқимтир таъм беради.  Дон етиштиришда гербицидлардан кенг фойдаланиш плевел билан заҳарланишлар сонини салмоқли даражада камайтирди.

Бошқа бегона ўтлар ва овқатланишда ишлатиладиган ўсимликлардан заҳарланиш. Озуқа донларида, шунингдек, какра (аччиқмия), оқмия,  термопсис,  вязель каби бегона ўтлар ҳам чекланадики, уларнинг донни қайта ишлашнинг тайёр маҳсулотларига тушиши  овқат заҳарланишларини келтириб чиқаради. Уларнинг дондаги миқдори 100 кг.да 10 мг. дан ошмаслиги лозим (Россия Федерацияси нормативи).

Borginaceae, Compositae, Leguminosae оиласига кирувчи бир қатор ўсимликлар пирролизидинли табиатга эга бўлган заҳарланишларни келтириб чиқаришга қодир овқат таркибий қисмлари  сифатида тиббий аҳамиятга эга. Ушбу оилаларга кирувчи кўпгина ўсимликлар  овқатланиш ва ноанъанавий тиббиётда қўлланиладиган кўпгина чойлар ва дамламалар таркибида анъанавий равишда кенг қўлланилади. Уй шароитида гиёҳли чойлар (йиғмалар)ни ишлаб чиқаришда  табиий токсик бирикмаларнинг миқдори назорат қилинмайди, бу эса заҳарланиш ривожланишига олиб келиши мумкин.

Пирролизидинли алкалоидлар гепатотоксик йўналтирилганликка эга бўлади ва аҳамиятли концентрацияларда тушганида оғир заҳарланишларни келтириб чиқаради. Диспепсик бузилишлар одатда абдоминал оғриқлар, қайт қилиш, кучаювчи асцит, безгак каби  клиник симптоматиканинг ёйилишига  олиб келади. Касаллик манзараси Бадд-Киари синдроминикига ўхшайди,  унинг асосида жигар вена томирининг тромбози,  гепатомегалия,  портал гипертензия, асцит, жигарнинг биокимёвий  шикастланишлари ётади. Бир қатор ҳолатларда ўпкалар шишиши  ва зотилжам ҳам қўшилади. Ўлдиришга қодир дозаси организмга тушганида,  ўлим ҳолати икки ҳафтадан сўнг юз беради. Касаллик, шунингдек,  анча вақт (1 ... 2 йил) дан сўнг охири ўлим билан тугайдиган сурункали терминал жараёнга ҳам айланиши мумкин. Пирролизидиннинг ўлимга сабаб бўлмайдиган сублетал дозалари  жигарнинг некротик шикастланишига олиб келади, кейинчалик эса цирроз ривожланади.

Пирролизидинли алкалоидлар билан заҳарланишлар, шунингдек,  овқатланишда фойдаланилган ифлосланган ўсимлик донлари (токсинларнинг унга ўтиши), сут (контаминацияланган емлардан фойдаланилган ҳолларда) ва асал  (асаларилар уни юқорида айтилган ўсимликлардан йиққан ҳолатларда)  туфайли ҳам юз бериши мумкин.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Сентябрь 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6