ru uz
ҚАРИЛИКДА УЧРАЙДИГАН ТУРЛИ КАСАЛЛИКЛАР

ҚАРИЛИКДА УЧРАЙДИГАН ТУРЛИ КАСАЛЛИКЛАР

Биологик ҳаёт давомийлиги - кўплаб инсонлар яшай олиш эҳтимоли бўлган ёш билан белгиланади ва олимларнинг фикрича бу 100 - 120 йил бўлиши мумкин. Америкалик мутахассислар эса 180 ёш ҳам ҳаёт давомийлигида чегара эмаслигини таъкидлайдилар. Инсон қариши билан шуғилланувчи халқаро ташкилот тавсиясига кўра ёши улғайган кишиларни қуйидаги уч гуруҳга ажратиш тавсия этилган:

  •  Кекса ёшлилар - эркаклар 60 - 74 ёш, аёллар 55 - 74 ёш;
  •  Қарилик ёши 75 - 90 ёш;
  •  Узоқ умр кўрувчилар 90 ва ундан юқори ёш.

Қариликни тезлаштирувчи омилларга нотўғри овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, гиёҳванд моддаларни қабул қилиш ва бошқалар киради. Семизлик, қон томирлар атеросклерози билан боғлиқ бўлган юрак қон - томир хасталиклари, нафас олишни бузилиши билан кечадиган ва эндокрин касалликлари ҳамда организмида сурункали интоксикация мавжуд бўлган шахслар эрта қарийдилар. Нотўғри овқатланиш - кексаларда кўплаб аъзо ва тизимлар фаолияти бузилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Маълумки, қариш табиий жараён ва биологик қонуният. Унинг натижасида - бир қатор физиологик - биокимёвий реакцияларнинг сустлашиши, ташқи таъсурот омилларига чидамлиликнинг пасайиши кузатилади. Организмнинг барча тизимларида кучсизланиш юз беради. Биринчи навбатда қарияларда юрак қон - томир тизимининг фаолияти ёмонлашади. Атеросклероз, яъни қон - томир деворлари дағаллашади, эластиклиги йўқолади ва мўртлиги ошади. Гипертония касаллиги, яъни қон босимини кўтарилиши кузатилади.

 

Кекса ёшда рационал овқатланиш тамоиллари

Кексалар учун таомнома тузишда қатор омилларни ҳисобга олиш зарур. Жумладан, қарилик даврида таомни чайнаш аъзоларида ўзгаришлар кузатилиши сабабли маҳсулотлар танлаш ва уларни кулинар қайта ишлаш усулларига талаб кучаяди. Осон ҳазм бўладиган ва енгил ўзлаштириладиган маҳсулот ва таомлар афзал кўрилади.

Ҳазм қилиш ферментлари таъсирида чопилган гўшт ва балиқ, творог нисбатан тез ўзлаштирилади. Ичаклар фаолиятини меъёрида сақлаш ва енгиллаштириш учун суюқликлар монанд истеъмол қилиниши керак. Сабзавотлардан қанд лавлаги, сабзи (янги узилган, қирилган ҳолда), кабачоклар, ошқовоқ, гул карам, помидорлар, пюре ҳолидаги картошка истеъмол қилиш афзал ҳисобланади. Хўл мевалар, жумладан, уларнинг ширин навлари, цитруслилар, олма ва бошқа мевалар тавсия этилади.

  Рационда карам бир мунча чекланган бўлиши керак, чунки у бижғиш жараёнларини кучайтиради.  Кекса одамларга зираворларни ҳам меъёридан ортиқ истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Тайёр таомларга таъм бериш мақсадида хушбўй кўкатлардан фойдаланиш маъқул. Таомлар ўта иссиқ ёки совуқ бўлмаслиги керак. Қариликда организмни энергияга бўлган эҳтиёжи алмашинув жараёнлари тезлигини пасайиши ва жисмоний фаолликни чекланиши ҳисобига камаяди. Ўртача овқатланиш рационини энергетик қуввати 60 - 69 ва 70 - 80 ёшдаги қариялар учун 20 - 40 ёшдагилардан фарқли ўлароқ мос равишда 80 ва 70 % ларни ташкил этади. Қариётган организм керагидан ортиқ таом истеъмол қилишга таъсирчан бўлиб бу нафақат семиришга, балки ёшликка нисбатан тезроқ атеросклероз, гипертония, юракни ишемик касалликлари, қандли диабет, ўт ва сийдик қопи тоши, подагра ҳамда бошқа хасталикларга олиб келиб оқибатда организм янада тез қарий бошлайди.

Кунлик рационни ўртача энергетик қиймати кекса эркак ва аёллар учун 2300 - 2100 ккал, қариялар учун эса 2000 - 1900 ккал ташкил этиши керак. Энергетик қиймат шакар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (қандолатлар), ёғли гўшт маҳсулотлари ва ҳайвон ёғларини бошқа манбалари ҳисобига чекланади. Ишлаб чиқаришда ёки уйда жисмоний фаолият билан шуғилланаётган кексалар учун энергетик қийматга бўлган эҳтиёж юқорида келтирилгандан бирмунча кўпроқ бўлади. Тана вазни турғунлигига қараб организм эҳтиёжларига биноан овқатланишни энергетик мослигини назорат қилиш мумкин. Қариликда оқсилларни ўз - ўзини янгилаш жараёни пасаяди. Бу ўз навбатида уларга ва биринчи навбатда гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қисқаришини тақазо этади.

Оқсилга бой маҳсулотларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қариётган организмга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун кексалар оқсил меъёрини 1 кг тана вазнига 1 грга камайтиришлари лозим. 60 ёшдан кейин балиқ, сутли ва денгиз маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак. Шу билан бир қаторда, оқсилларни етарли миқдорда қабул қилинмаслиги моддалар алмашинувини ёшга мос ўзгаришларини кучайтиришини ва ёш организмга нисбатан, оқсил етишмовчилигини турли ҳолатларини нисбатан тезроқ келтириб чиқаришини унутмаслик зарур. Оқсилларга бўлган бир кунлик эҳтиёж кексалар учун ўртача 70 ва 65 гр, қариялар учун эса 60 ва 57 гр ташкил этиши лозим. Ҳайвон оқсиллари унинг умумий миқдорини 50 – 55 % ташкил этиши керак. Уларнинг манбаи сифатида ўртача ёғликдаги сут ва балиқ ҳамда денгиз маҳсулотларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ҳайвон ва паррандалар гўштини бирмунча чеклаш зарур.

Оқсилларни керагидан ортиқ қабул қилиш қариётган организмга салбий таъсир этади, жигар ва буйракларга ортиқча юклама ҳисобланади, атеросклероз ривожланишини тезлаштиради. Ундан ташқари гўшт пурин асосларига бойлиги сабабли организмда сийдик кислотаси пайдо бўлишини кўпайтиради ва бўғим касалликларини келтириб чиқаради. Гўштли таомларни сувда пишириш мақсадга мувофиқ. Кексаларда гўшт истеъмол қилишни чеклашни яна бир сабаби - бу моддалар алмашинуви (метаболик) жараёнларини кучсизланиши натижасида қонда сийдикчил кислотасини ушланиб қолиши ҳисобланади. Қариялар истеъмоли учун дарё балиқлари фойдали (судак, наханг, лаққа, ширмой ва бошқалар) ҳисобланади. Кунлик рационда балиқ миқдори 75 гр ни ташкил этса меъёрида ҳисобланади. Кексалар рационидаги оқсилни 30 % сут маҳсулотлари ҳисобига бўлиши керак. Бунда биринчи навбатда кунда 100 гр атрофида ёғсизлантирилган творог истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. У паст калорияга ва юқори оқсилга эга. Кунда 20 – 30 гр ёғсиз ёки таркибида жуда ёғи кам пишлоқ ҳам фойдали ҳисобланади. Лекин у таркибида кальций сақлаш билан бир қаторда қариялар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ёғ, холестерин ва ош тузи ҳам бўлишини унутмаслик керак.

Кунда 300 мл сут ичиш организмга зарур даражада кальций тушишини таъминлайди ва суяк синишларини олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Айниқса, нордон сутли маҳсулотлар - кефир, қатиқ, ацидофилин жуда фойдали ҳисобланади. Улар ўзида нордон сут таёқчаларини  сақлаганлиги сабабли ичакдаги бактерияларни меъёрида сақлаб туради ва бунинг натижасида чириш жараёнларига тўсқинлик қилади. Бу ўз навбатида,  жигар захарланишини олдини олади. Кунда 200 гр кефир ёки бошқа сут маҳсулотларини кечқурин ёки ётишдан олдин қабул қилиш тавсия этилади.

Кефирга бир ош қошиқ ўсимлик ёғи қўшиб, яхшилаб аралаштириб истеъмол қилиш кўпчилик қарияларда кузатиладиган қабзиятда яхши самара беради.

Кексаларга тухум сариғини чеклаш ва унинг оқ қисмини ҳоҳлаган миқдорда истеъмол қилиш мумкин.

Рациондаги оқсилларни ярмини ўсимлик оқсиллари яъни ёрмалар ва дуккаклилар ташкил этиши керак. Ёрмалардан энг фойдалиси гречка ва сули ҳисобланади. Улардан тайёрланган бўтқаларга сут қўшилса, таркибидаги аминокислоталар меъёрлашади. Ўсимлик оқсилининг асосий манбаларидан бири нон ҳисобланади. Айниқса, жавдар унидан тайёрланган нон аминокислоталар таркиби бўйича тўла қимматга эга ва В витамини, минерал моддалар ҳамда толаларга жуда бой.  Кексалар рационида ёғлар миқдори эркак ва аёллар учун мос равишда кунда ўртача 70 ва 75 гр, 75 ёшдан кейин эса 65 ва 70 гр дан ошмаслиги керак.

Ҳайвон ёғларини айниқса, уларни қийин эрийдиганларини хусусан гўшт ва ёғли колбаса маҳсулотларини чеклаш лозим. Енгил ҳазм бўладиган ва таркибида лецитин ҳамда ёғда эрийдиган витаминлар сақлайдиган сут таркибидаги ёғлар рациондаги барча ёғларни 1/3 қисмини (кунда 20 – 25 гр) ташкил этиши керак. 

Карбон сувларга (углеводларга) бўлган кунлик эҳтиёж кекса эркак ва аёллар учун ўртача 340 ва 310 гр, қариялар учун 290 ва 275 гр ни ташкил этилиши керак. Крахмал ва овқат толаларига бой, йирик тортилган ва кепакли унлардан тайёрланган нонлар, йирик буғдойдан ёрмалар, мева – сабзавотлар уларнинг манбаи ҳисобланади. Овқат толалари ҳазм ва ўт ишлаб чиқариш тизими фаолиятини кучайтирувчи, қабзиятни олдини олувчи таъсирга эга. Шунингдек, улар организмдан холестеринни чиқаришга ёрдам беради. Рационда енгил ўзлаштириладиган карбонсувлар, авваламбор шакар, қандолатчилик маҳсулотлари ва ширин ичимликлар чекланади. Умумий углеводлардан уларни миқдори 15 % дан (бир марталик қабул 15 гр гача), семиришга мойиллик бўлганда эса 10 % дан ошмаслиги лозим. Шакарни қисман ксилит билан алмаштириш мумкин.

Кунда 15 – 25 гр ксилит ширин таъм бериб енгил ични юмшатиш ва ўт ҳайдаш хусусиятига эга. Рационда енгил ҳазм бўладиган карбон сувлар лактоза ва фруктоза (сут маҳсулотлари, мевалар ва резавор мевалар) кўпроқ бўлиши керак. Қариликда организмда баъзи бир минерал моддаларни танқислиги ёки ортиқчалиги кузатилади. Масалан, кальций тузлари қон томирларининг деворида, бўғимларда ва қатор бошқа тўқималарда тўпланади. Рационда айрим моддалар ошиб кетишида (буғдой ва дуккакли маҳсулотларнинг фитинлари, шовул кислотаси, ёғлар) кальцийни организмга сингиши пасаяди ва у суяклар таркибидан чиқа бошлайди. Бу хол айниқса, оқсиллар етишмаслиги негизида қарилик остеопорозига (суяклар синишига) олиб келади. Кекса ва қариялар организмини кальцийга бўлган эҳтиёжи 0,8 грга, фосфорга эса 1,2 грга тенг. Магний миқдорини кунда 0,5 - 0,6 гргача кўпайтириш лозим. Чунки у ичаклар спазмини ва қисқаришини, ўт ҳайдашни ҳамда холестерин алмашинувини меъёрлаштиради.

Рационда калий кўп бўлиши (кунда 3 – 4 гр) ва шўр маҳсулотларни кам истеъмол қилиш ҳисобига натрий хлорни кунда 5 - 6 гр гача чеклаш керак. Чунки уни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш қон босимини ошишига мойиллик туғдиради. Бир кунда озиқ – овқатлар билан 10 – 15 гр темир организмга тушиши лозим. Агар рационда буғдой махсулотлари кўп бўлиб, гўшт, балиқ ва мева - сабзавотлар кам бўлса ушбу талаб қопланмайди. Қарияларда темир танқислиги камқонлиги кўп учрайди. Бунинг сабабларидан бири улардаги мавжуд овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари ҳисобланади. Бундан ташқари, ёш улғайиб борган сари суяк илигидаги темир миқдори камаяди ва уни қондаги эритроцитларга кириш қобилияти ҳам сусаяди. Физиологик қариликда қатор витаминлар алмашинуви бузилиши кузатилса ҳам бу ўзгаришлар уларга бўлган юқори эҳтиёжни кўрсатмайди.

  Лекин шунга қарамасдан витаминларни табиий манбалари ҳисобланган озиқ  овқат маҳсулотларини истеъмол қилишга алоҳида эътибор бериш керак. Ёши улуғ кишилар тегишли бир вақтда ва маъум оралиқда овқатланишлари ҳамда оралиқ жуда узоқ бўлмаслиги лозим. Истеъмол қилинадиган таом миқдори чегараланган бўлиши керак. Бунда тартибга амал қилиш озиқ моддаларни меъёрида ҳазм бўлиши ва унда иштирок этадиган организм тизимларини юқори фаолликда иштирок этишини олдини олади. 

Кекса кишилар кунда 4 марта овқатланишлари мақсадга мувофиқ ва уларни энергетик қиймати қуйидагича бўлгани маъқул: 

  • 1 - нонушта - 25 %;
  • 2 - нонушта – 15 – 20 %;
  • Тушлик – 30 – 35 %;
  • Кечки овқат – 20 – 25 %.

Қисқача қилиб айтганда, овқатланишда нафақат ёши улуғлар барча кишилар қуйидаги асосий учта тамоилга амал қилишлари керак:

  • Овқат билан қабул қилинаётган ва ҳаёт фаолияти даврида сарфланаётган энергиялар мувозанатини сақлаш;
  • Таом истеъмол қилганда улар таркибидаги озуқа моддалар, витаминлар ва минераллар мувозанатини сақлашга амал қилиш (оқсиллар – 15 %, ёғлар – 30 %, углеводлар – 55 % ни ташкил этиши лозим);
  • Овқатланиш тартибини сақлаш. Бир кунда овқат қабул қилиш 4 - 5 мартадан ошмаслиги ва у маълум бир вақтда истеъмол қилиниши шарт. Уйқудан олдин овқат тановвул қилиш мумкин эмас. Нонушта ва кечки овқат оралиғидаги вақт 10 соатдан ошмаслиги керак.                                                                                         

 

 

Ёши улуғ кишиларга овқатланиш бўйича тавсиялар

1. Гўштли ва балиқли таомларни зарур даражада истеъмол қилиш, ёғларнинг асосий қисмини эрталаб ва тушда қабул қилиш;

2. Тузли, гўштли ва балиқли таомлар юрак қон - томир ва нафас тизимлари фаолиятига салбий таъсир этиши сабабли (қон босимини кўтарилиши, томир уриш ва нафас олиш сонининг кўпайиши) уларни кечқурунлари истеъмол қилмаслик;

3. Уйқу пайтида аъзолар фаолиятига таъсир этмаганлиги сабабли кечки овқатда сутли маҳсулотларни қабул қилиш;

 4. Ёши улуғ кишилар кўпроқ димланган ва гўштсиз шўрвалар истеъмол қилишлари мақсадга мувофиқ. Ҳазм безларини ортиқча юклама билан ишлашига сабаб бўлганлиги туфайли ёғли, қовурилган, аччиқ таомлар, маринад ва соуслар истеъмолини кескин чеклаш;

5. Дастурхон тузаганда таомларнинг ташқи кўриниши, ҳиди ва таъмига алоҳида эътибор бериш. Чунки улар ҳазм шираси ажралиши ва таомларни яхши ўзлаштирилишига ёрдам беради;

6. Таркибида холестерин, организмга тез сингувчи углеводлар ва кўп миқдорда ош тузи сақловчи маҳсулотлар ва улардан тайёрланган таомлар истеъмолини камайтириш;

 7. Рационга толалар, витаминлар, калий ва магний тузларига бой маҳсулотлар ҳамда ўсимлик ёғидан тайёрланган таомларни киритиш. Уларни тайёрлашда димланган, ёғсиз қўй, мол ва парранда гўштлари ҳамда балиқдан фойдаланиш; 

  8. Сабзавотлар ва дуккаклилардан тайёрланган таомлар ва салатларни кўпроқ истеъмол қилиш;

9. Бир кунда 70 – 80 гр атрофида ёғ истеъмол қилиш. Унинг 1/3 қисми ўсимликлар ёғи бўлиши керак. Тана вазни ортишига мойиллиги бўлган онахон ва отахонлар хамирли озиқ - овқатлар, ширинликлар, сметана, сариёғ каби маҳсулотлар истеъмолини кескин чегаралашлари шарт;

10. Сутли маҳсулотлар - ёғсиз пишлоқ, творог ва улардан тайёрланган таомлар, простокваша, қатиқ ва ацидофилин истеъмолини кўпайтириш;

11. Ичиш учун аччиқ қилиб дамланмаган чой, шу жумладан сутли, мева ва сабзавот шарбатларидан фойдаланиш;

 12. Овқат рационини хилма - хил бўлишини таъминлаш, бир хил маҳсулотлардан тайёрланган озиқ – овқатларни суистеъмол қилмаслик.

Ёши улуғ кишиларнинг таомномаларини юқорида қайд этилган тартибда тузиш улар организмидаги модда алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади, иш фаолиятлари ва саломатликларини таъминлаб туради. Хулоса қилиб айтганда, қарилик – бу қонуний биологик жараён ҳисобланиб, уни соғлом турмуш тарзига амал қилиш, рационал овқатланиш, чекиш ва бошқа зарарли одатлардан воз кечиш орқали секинлаштириш мумкин.

 

Орқага Чоп этиш
Соғлом овқатланиш
Воқеалар тақвими
Сентябрь 2019
Ду Се Чо Па Жу Ша Як
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6