ru uz
Гипертония касаллиги

Гипертония касаллиги. Гипертония касаллиги аҳоли ўртасида кенг тарқалган бўлиб қон босимининг барқарор ошиши билан намоён бўлади. Ушбу касаллик ва унинг оғир асоратларини олдини олиш учун нафақат шифокор, балки аҳолининг кенг қатламлари ҳам юқори қон босимини моҳияти, уни олдини олиш ва замонавий даволаш чора - тадбирларидан яхши хабардор бўлишлари лозим. Касаллик тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлиш, онгли равишда ҳаёт тарзини ўзгартириш ва даволашга ёндашиш, ҳамда қон босимини назорат қилиб бориш ижобий самарага эришишнинг гаровидир.
18 ёшдан катта бўлган ва хавф омиллари мавжуд бўлмаган кишиларда қон босими 140/90 мм симоб устунига тенг ва ундан баланд бўлса юқори ҳисобланади.
Замонавий тамоилларга кўра қон босими кўрсаткичлари қуйидагича таърифланади:
 Оптимал систолик (юқори) босим 120 мм симоб устуни ва ундан паст, диастолик (пастки) 80 мм симоб устуни ва ундан паст; 

 Меъёридаги босим 120-129/80-84 мм симоб устуни;
 Меъёрнинг юқори чегараси 130-139/85-89 мм симоб устуни;
Гипертония касаллигига чалинганларнинг қон босими кўрсатгичлари:
 1-даража: 140-159/90-99 мм симоб устуни;
 2-даража: 160-179/100-109 мм симоб устуни;
 3-даража: систолик босим 180 мм симоб устуни ва ундан юқори, диастолик 110 мм симоб устуни ва ундан юқори;
 Айрим ёши улуғ кишиларда фақат систолик босимни кўтарилиши аниқланади (унинг 140 мм симоб устуни ва ундан юқори бўлиши, диастолик босимни эса 90 мм симоб устуни ва ундан паст бўлиши) ва бу систолик артериал гипертензия деб аталади. Гипертония касаллиги кўп ҳолларда секинлик билан белгиларсиз бошланади ва биринчи марта қон босими ўлчанганда, профилактик текшириш пайтида ёки санатория - курорт карталари тўлдирилаётганда тасодифан аниқланади.
Касалликнинг намоён бўлиши аксарият ҳолларда қон босими даражасига боғлиқ бўлиб, беморларнинг тахминан 50 % да шикоятлар бўлмаслиги мумкин. Қолган қисмида эса бош оғриши ва айланиши, қулоқ шанғиллаши, юрак соҳасида оғриқ, тез чарчаш, иш қобилияти пасайиши, уйқу бузилиши, хотира сусайиши, об - ҳаводаги ўзгаришларнинг салбий таъсири каби белгилар ёки уларнинг айримлари кузатилади. Беморларда кузатиладиган бош оғриқлари тунда ёки эрталаб уйғонгандан сўнг пайдо бўлиб, соатлаб давом этиши мумкин.
 

Орқага Чоп этиш