ru uz
Тарбия турлари

Республикада ижтимоий тарбия ва унинг турлари (ахлоқий, ақлий, жисмоний, эстетик, экологик, иқтисодий, ҳуқуқий ва мафкуравий тарбиялар) қуйидаги вазифаларни амалга оширади. Чунончи:

1. Ахлоқий тарбияни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларни ижтимоий ахлоқий меъёрлар мазмунидан хабардор этиш, уларга ахлоқий меъёрларнинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини тушунтириш, улардан ижтимоий ахлоқий меъёрлар (талаб ва таъқиқлар)га нисбатан ҳурмат ҳиссини қарор топтириш асосида ақлий онг маданиятини шакллантириш.

2. Ақлий тарбияни йўлга қўйиш чоғида ўқувчиларни илм-фан, техника ва технология борасида қўлга киритилаётган ютуқлардан, янгилик ва кашфиётлардан бохабар этиш, уларга ижтимоий фанлар асослари хусусидаги билимларни бериш тарзида уларда тафаккур қобилиятини қарор топтириш, дунёқарашини шакллантириш. 

3. Жисмоний тарбияни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларда ўз соғлиқларини сақлаш ва мустаҳкамлаш, организмни чиниқтириш, жисмоний жиҳатдан тўғри ривожланишни ҳамда унинг ишлаш қобилиятини ошириш борасида ғамхўрлик қилиш туйғусини юзага келтириш, уларда янги ҳаракат турлари борасида кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, уларни махсус билимлар билан қуроллантириш, ўқувчиларнинг ёшига ва жинсига мувофиқ келадиган (куч, тезкорлик, чаққонлик, сабот-матонат, чидам, ирода ва тавсифни қарор топтириш) асосий ҳаракат сифатларини ривожлантириш, уларда шахсий гигиенани сақлашга нисбатан онгли муносабатларни тарбиялаш.

4.Эстетик тарбияни олиб бориш жараёнида ўқувчиларда эстетик ҳис-туйғу, эстетик дидни тарбиялаш, уларнинг ижодий қобилиятларини тараққий эттириш, эстетик маданиятини шакллантириш.

5. Экологик тарбияни олиб бориш чоғида ўқувчиларга экологик билимлар бериш асосида шахс, жамият ва табиат бирилиги ҳамда алоқадорлигини ўқувчиларга тушунтириш, уларда экологиянинг инсон, инсоният, жамият тараққиётидаги муҳим ўрни ва аҳамияти борасида тушунчаларни қарор топтириш, шунингдек, экологик маданиятни шакллантириш.

6. Иқтисодий тарбияни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларга иқтисодий билимларни бериш асосида мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, бозор инфраструктураси қоидаларига амал қилиш, ички бозорни тўлдириш, кичик ва ўрта бизнесни яратиш борасидаги фаолият жараёнида иштирок этиш, кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, инсон меҳнати билан бунёд этилган моддий бойликларни асраш, уларни кўпайтириш борасидаги қайғуриш туйғуларини қарор топтириш, иқтисодий маданиятни шакллантириш.

7. Ҳуқуқий тарбияни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларга Давлат Конституцияси ҳақидаги таълимотни чунончи, фуқаролик, оила, меҳнат, хўжалик, маъмурий, нафақа, суд ишларини юритиш ва бошқариш ҳуқуқларининг маъносини тушунтириш, улар онгига ижтимоий ҳуқуқий меъёрларнинг шахс ва жамият ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги тасаввурга эга бўлишларини таъминлаш, уларда ҳуқуқий онг, шунингдек, ҳуқуқий фаолиятни ташкил этиш борасидаги кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш.

8. Ғоявий ва мафкуравий билимирни бериш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, фуқаролик жамият асослари, миллий давлат тузилиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи мафкураси мазмунини ўрганишни таъминлаш асосида ўқувчиларда мафкуравий фаолият кўникма ва малакаларни қарор топтириш, мафкуравий маданиятини шакллантириш ва бошқалар.

Демак, тарбия мазмунида олдинга қўйилган мақсад ва вазифаларга мувофиқ ўқувчилар томонидан ўзлаштириши лозим бўлган билим, кўникма ва малакалар шахс хулқ-атвори ҳамда сифатларнинг моҳиятини акс эттиради.

Орқага Чоп этиш