ru uz
Компьютерли ўйинлар ва ақлий тарбия

Фан ва техника шиддат билан тараққий топаётган ҳозирги даврда ёш авлод тарбиясини амалга оширишнинг янгича мезонлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, болажонларимиз ақлий камолотида компьютер ва унинг вазифаларидан мақсадли фойдаланиш йўлларини излаб топиш, уларнинг тарбия жараёнидаги ўрни ва аҳамиятини ойдинлаштириш педагогика фани олдида турган долзарб масалалар сирасига киради. Зеро, ижтимоий ҳаётимизнинг турли жабҳаларига жадал кириб бораётган компьютер техникаси ва унинг кенг имкониятларидан фойдаланиш ёш авлоднинг муайян техник маълумотларни ўзлаштиришидан ташқари, уларнинг ақлий фаолиятини такомиллашувида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Мактаб ёшидаги болаларимизнинг ақлий тарбиясини амалга ошириш борасида педагогика фанида турлича назарий қарашлар мавжуд. Рус олимаси И.А. Несмелова ўзининг «Табиий-математик тушунчаларни шакллантиришда компьютер моделларидан фойдаланиш» номли номзодлик диссертациясида ўқув компьютер ўйинлари ўқувчилар ўзлаштиришининг муайян вазифа бажариши мумкинлигини таъкидласа, тадқиқотчи У.А.Ботезат-Белая лингводидактик тестлар кичик мактаб ёшидаги ўқувчиларда назорат-таҳрир ҳаракатларини шакллантиришда катта аҳамиятга эга эканлигини уқтиради .

Кичик мактаб ёшидаги тарбияланувчиларнинг тарбия жараёнини ташкил этиш ва уни амалга оширишнинг самарали йўлларини тадқиқ этган ҳар икки олим тарбияланувчи шахсини камол топишида, тўғрироғи, ақлий такомиллашувида компьютер техникасидан ўринли ва мақсадли фойдаланиш таклифини берди. Телекоммуникация ўқувчиларнинг ўзини англашида муҳим восита эканлиги борасида тадқиқотлар олиб борган З.С. Алборованинг ёзишича, тарбияланувчиларнинг ўзини англашида техник ўйинлар ҳам ўзига хос восита вазифасини бажаради.

Телекоммуникцион воситалардан фойдаланиш ўқувчиларнинг ҳам ақлий ҳам ахлоқий тарбиясини шакллантиришда энг қулай ва замонавий усуллардан биридир. И.И. Игнатовичнинг қайд этишича, 6-7 ёшли болаларнинг ақлий фаоллигини оширишда информацион тасаввурлар жуда катта аҳамият касб этади. Юқоридаги олимларнинг ишлари асосан, ёш хусусиятидан турли даврларга хос болаларнинг ақлий ва ахлоқий тарбиясини амалга оширишда компьютер техникасининг муҳим ўрин тутиши борасидаги умумий назарий қарашларни қамраб олган.

Ўқувчиларга компьютерда ўйин топшириқлар бериш орқали дастурда берилган мавузини мукаммал ўзлаштириб олишлари учун ички эҳтиёж пайдо қилишдек мураккаб дидактик мақсадга эришишни юзага келтирар экан. Компьютер ўйинларидан мақсадли фойдаланишнинг ўқувчилар ақлий тарбиясига таъсири қуйидагиларда кўринади:

1. Бундай ўйинларни ташкил этиш ва улардан ўқув машғулотлари жараёнида фойдаланиш ўқувчиларнинг дастурда берилган билимларни ўзлаштиришлари учун ички эҳтиёжни юзага келтиради. Чунки, бунда компьютер ўйинларининг шартлари юқоридаги каби муайян илмий масаланинг характерли томонларини билиш ва англашни талаб этиши кўзда тутилиши керак;

2. Ўқувчиларнинг мустақил фикрлашини шакллантиради. Ўйин жараёнида бола ўйинда ғолиб чиқишдек ўз олдига қўйган мақсадига эришиш учун мустақил фикрлашга мажбур бўлади. Бунда боланинг тўғри хулоса чиқариши лозимлиги унинг шахсий қизиқишига айланади;

3. Ўқувчи информатика доир билимларни ўзлаштириб боришига эришади. Ўқувчида компьютерга муносабат қилиш, уни ишлата олиш, унда муайян топшириқларни бажариш, унинг техник имкониятлари билан танишиш кўникмалари шаклланиб боради;

4. Ўқувчиларда муаммоли вазиятлардан қандай чиқиб кетиш кўникмалари шакллана боради. Чунки, ўйинлар муаммолар ва уларнинг ечимини топиш машқларидан иборат бўлади. Хоҳ у отни ўрганишга қаратилсин, хоҳ у математик ҳисоб ечимига қаратилсин бари бир унда муайян мақсад бўлиши талаб этилади. Компьютерли ўйинларнинг ўқувчилар ақлий тарбиясига қайдаражада таъсир кўрсатиши борасида фикрларимизни баён қилдик. Энди масаланинг бошқа бир томонига, яъни ўқувчиларга тавсия этилажак компьютер ўйинларининг мазмун моҳиятига эътибор қаратсак.

Маълумки, ижтимоий ҳаётимиздаги иқтисодий ўзгаришлар натижасида шахсий компьютерлардан фойдаланиш кўпчилик хонадонларда учрайди. Баъзи тадбиркорларимиз махсус компьютер ўйинлари учун шахобчалар очиб қўйибдилар.

Афсуски, бу шахобчаларда биз юқорида таъкидлаган ўқувчилар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатувчи ўйинларни учратиш мумкин эмас. Уларда аксарият жангари мультификацион ўйинлар, спорт ўйинлари намойиш этилмоқда. Тўғри, компьютер шашкаси, шахмати, футбол каби спорт ўйинлари яратилганки, улардан жисмоний тарбия дарсларида фойдаланиш мумкин. Аммо оммавий компьютерхоналаридаги барча ўйинларни ёш авлод олдидаги намойиши масаласида эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Айниқса, болаларимизни кучли руҳий таъсирга тушуриб қўювчи жангари сюжетни ифодаловчи компьютер ўйинларини оммалашиб кетишининг олдини олишимиз зарур.Хуллас, юқоридаги мулоҳазаларни инобатга олиб, ўқувчилар учун қуйидаги мазмундаги копьютер ўйинларини яратиш ва улардан фойдаланишни тавсия этиш мақсадга мувофиқ келади:

1. Фанларга доир махсус компьютер ўйинларидан фойдаланиш. Буларга мавзули ўйинлар, электрон кроссвордлар киради;

2. Дидактик сюжетли компьютер ўйинларидан фойдаланиш. Булар худди эртак ёки воқеи ҳикоя сингари муайян сюжет тизими ва воқеалар ривожига асосланган муаммоли ўйинлардан иборат бўлиши, ўқувчини мустақил фикрлашга ундаши назарда тутилган бўлиши мумкин.

 

Орқага Чоп этиш