ru uz
Ақлий тарбиянинг вазифалари ва мазмуни

Ҳар қандай кишида муҳим бир безак бор. У инсондаги ақл ва унга мос одоб гўзаллигидир. Ушбу гўзаллик кишига ҳаётда ўз ўрнини топишда муҳим маънавий асосдир. Қуйида улар билан боғлиқ маълумотларни келтирамиз:

Ақл — кишининг ўз идроки, қалби ва фикри асосида дунёвий, ҳаётий ҳақиқатларни англаш ва уларга ўз фаолиятида маънавий-инсоний нуқтаи назардан амал қилишдир.

Ақл — инсон камолотининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, унинг ёрдамида одам ҳаётда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлади. Ақлнинг далили — фикрдир.

Ақлий тарбия — табиатан берилган ақлий куч, руҳий ҳолат, билувчанлик ва фаолият эркинлигини ривожлантириш натижасида инсонда мустақил фикр юритиб, олдига мақсад қўя олиш ҳамда кўзлаган мақсадига етиш қобилиятини шакллантириш.1 

Ақлий тарбия шахс интеллектуал салоҳиятини юксалтиришнинг асосий негизини ташкил этади. Бу борада халқ таълими қуйидаги муҳим бўлган учта функцияни бажаради:

1. Кишиларни замонавий илм-фан асослари билан қуроллантириш.

2. Инсон шахсининг интеллектуал салоҳиятини тараққий эттиради, уни ақлий, маънавий, ахлоқий ва бадиий жиҳатдан ривожлантиради, ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб шаклланишига ёрдам кўрсатади.

3. Мамлакат иш кучини такрор ишлаб чиқаради. Ҳозирги замонда чекланган, ноёб ресурслар шароитида мамлакат халқининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини самарали қондира бориш муаммосини ҳал этишда ҳам халқ таълим тизими ўқувчимуҳим рол ўйнайди.

Юқоридаги маълумотларни эътиборга олиб ақлий тарбиянинг мақсадини қуйидагича ифодалаш мумкин.

Талабалар ақлий тарбиясидан асосий мақсад инсон шахсининг маънавий ва интеллектуал салоҳияти негизида уларнинг дунёқарашини юксалтириш, эътиқодини мустаҳкамлаш ва эзгулик ҳамда ақлий гўзаллиги каби кўникмаларини шахс сифатига айлантиришдан иборатдир.

Ушбу мақсадни амалга оширишда бир қатор муаммолар ечимларини белгилаб олишга тўғри келади, яъни ақлий тарбия ёрдамида бажариладиган вазифалар аниқланади. Улар қуйидагилар:

1. Шахс тарбиясидаги истеъдодни юксалтиришга эътиборни қаратиш.

2. Шахс тарбиясида маънавий қадриятлардан фойдаланишга эришиш.

3. Ақлий тарбияда интеллектуал салоҳиятга эътибор.

Ақлли одам эгаллаган билимларга амал қилиб қандай фаолият юритишини билади. Доно одам эса нима қилмаслик керак эканлигини ҳам билади. Яъни, ақлли одам муаммоли вазиятдан осон чиқиб кетса, доно одам бундай ҳолатга умуман тушмайди.

Ақлли одам — бу буюк яратувчиликка, оламни обод қилишга, кишиларнинг мушкулини осон қилишга, жамият ва давлат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга, одамлар ўртасидаги инсонпарварликни юксалтиришга хизмат қилиб, ўзини ҳам инсон камолоти босқичларига эришишга сурунмай, тўқнашмай боришини таъминлай олади ва улар бугунги ёшларимиз тарбиясида ибрат-намуна бўла олади.

Доно одам — бу ақл-заковатли бўлиши билан бирга, оқил ва донишманд инсондир.

4. Талаба-ёшларга ақлий тарбия беришда интеллектуал мулкка тегишли тушунчалардан фойдаланишга эътиборни қаратиш.

Талаба-ёшларга ақлий тарбия бериш онг, фикр, илм, тафаккур, идрок қилиш каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини билишни талаб қилади ва булар ўз навбатида талаба-ёшларга ақлий тарбия беришдаги маълумотлар тушунарли ҳамда ишончли бўлишига имконият яратади. Шу сабабли ҳам билиш ҳақидаги тушунчалар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида қисқача маълумотларни келтирамиз.

Маълумки, фан-дунё (теварак — атроф — муҳит) ҳақидаги объектив билимлар мажмуи. Билимлар эса ўқиш, ўрганиш ва тажриба ёки амалиёт орқали шаклланади.

         Билим тушунчаси кенг қамровли, шу сабабли унинг таърифларини ҳар хил кўринишда учратиш мумкин, аммо уларда ифодаланаётган мазмун-моҳият умумийдир. Улардан баъзиларини келтирамиз.

         «Билим — кишиларнинг табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида ҳосил қилинган маълумотларидир ва яна билим объектив борлиқнинг инсон  тафаккурида акс этишидир»2.

         «Билим — ижтимоий моддий ва руҳий фаолиятнинг маҳсули: объектив хусусиятлар ва олам табиий ва инсоний алоқаларнинг белгили шаклдаги идеал ифодаланиши».3 

         «Билим — одамларнинг предметлар ва жамиятни билиш (тасаввур этиш, тушуниш) маҳсули».4 

         «Билим-табиат, жамият ва тафаккурнинг қонуниятлари тўғрисидаги илмий тушунчаларнинг яхлит ва системалаштирилган йиғиндисидир».5 

         Бу таъриф умумназарий қоидалар асосида ифодаланган таърифдир ва унинг ёрдамида илмий билим ҳақида ҳам тушунча ҳосил қилинади.

         Билимларга қуйидаги талаб қўйилади:

         1. Билимнинг тушунарлилиги — бу сифат таълим олувчилар томонидан билимлар ўртасидаги алоқасини тушунишларида, муҳим ва асосий бўлмаган алоқаларини ажрата билишда, билим олиш усуллари ва тамойилларини билишда акс этади.

         2.Билимни тушунишлик-бу ўзлаштириш ва бошқа кўрсаткичларни синтез қилувчи якуний натижаларни ифодаловчи бир мунча умумлашган сифатдир. У билимнинг чуқурлилиги, мукаммаллиги ва тизимланганлигига қараб бир билимнинг ўзи турлича тушунилиши, ифодаланиши ва ундан фойдаланилиши мумкин.

         3.Билимнинг мукаммаллиги-буни аниқлаш учун тушунчанинг барча белгилари ва уларнинг бир-бири билан алоқасини ажратиш керак.

         4. Билимнинг чуқурлиги — бунинг учун у ёки бу тушунчалар ва улар ўртасидаги ўзаро алоқаларини ҳамда улардаги муҳим белгилар сонини аниқлаш лозим.

         5.Билимнинг оперативлиги (тезкорлиги) — бу ўрганилган билимлар ўзгариши мумкин бўлган кўп вариантли вазиятларни тақдим этиш билан ва улардаги қарорлар қабул қилишни ўз вақтида бажаришлиги билан аниқланади.

         6. Билимнинг ихчамлилиги. — буни текшириш  топшириқни ҳал қилишда бир неча усулларни уюштириш ёки ўхшаш масалаларни ҳал қилишда бир шаклда бўлмаган ёндошувлар ичидан масалага қулай ва  мосини танлаш орқали амалга оширилади. 

         7. Билимнинг аниқлиги ва умумийлиги — умумлаштирилган билимнинг аниқ намоён бўлишини очиб бериш маҳорати, аниқ билимларни умумлаштириш  остида якунлаш, хусусийликдан умумийликка (индукция) ўтказиш қобилиятини аниқлаш билан текширилади.

         8. Билимнинг тизимийлиги-буни топшириқларни тушунчанинг иерархиясини аниқлашдаги уларнинг изчиллиги, ўзаро боғлиқлиги тизими билан текширилади.

         Демак, билимлар инсон ақлий фаолиятининг доимо ривожланиб, такомиллашиб борувчи жараёни бўлиб, инсонни яратувчиликка, ижодкорликка ундайди ва натижада уларда илмий билимлар тизими яратилади.      Кундалик ҳаётда «билиш», «билим» каби атамалар кўплаб учраб туради. 

         Умуман билиш деганда жараённинг ҳаракатдаги баъзи ҳолатини, муайян предметлардаги қандайдир воқеаларни  амалга оширишни, баъзи жараёнларнинг кечиши ва бошқа ҳолатларини тавсифловчи инсон фаолияти маҳсули тушунилади.

         «Билиш — таълим олувчи онгида ташқи дунё акс этишининг маълум шаклига тегишли таълим-тарбия олувчининг хотирасида сақланиб қоладиган ва унинг амалий фаолиятини тартибга солиш ва ташкил этишга йўналтирилган тасаввур ва тушунчалар кўринишидаги ифодасидир».6 

         Билиш тадқиқот усули бўлиб, унинг ёрдамида табиат ва жамият қонуниятлари ўргатилади. Бу қонуниятлар билимнинг объектив реалликка бўлган муносабатлари асосида яратилади.

         Билиш жараёнининг босқичлари, шакллари, усуллари, воситалари, ишончлилиги, ҳаққонийлик шартлари ва мезонларини билиш назарияси тадқиқ қилади.

         Демак, билиш жараёни кенг тушунча бўлиб, у билиш қонунлари ва имкониятларини ҳамда билимнинг объектив борлиққа муносабатларини ўрганишдаги асосий пойдевордир. Шунинг билан бирга билиш жараёни инсониятнинг табиат ва жамият тараққиёти тўғрисидаги фикр (ғоя, таълимот, қараш, қонун, қонуният, усул, услубият ва ҳ.к.)ларини шакллантиришнинг мустаҳкам асосидир. 

 

 

 

Манба:  fikr.uz

Орқага Чоп этиш