ru uz
Қандли диабет, гастрит ва соч тўкилишига қарши булғор қалампири

Табиатнинг қайси неъматини олмайлик, инсоннинг саломатлигига фойдаси бор. Бугун эътироф этмоқчи бўлган сабзавотимиз ҳам соғликни тиклашда, уни сақлашда, турли хавфлардан химоялашда асқатади. Булғор қалампирининг қайси касалликларда кўлланилиши, қай бирида тавсия этилмаслиги хусусида маълумот берамиз.

Асабийликнинг давоси

Асабийлик, руҳий тушкунлик, нохуш фикрлар мияни қамраб олдими? Булғор қалампирини хомлигича енг. Таркибидаги В гуруҳи витаминлари ва капсаицин моддаси мияга дарров керакли қувват беради. Тезда ўзингизга келиб, дунёга бошқача нигоҳ билан қарай бошлайсиз. Айниқса, булғор қалампирининг сариқ, қизил тусдаги турларини тановул қилсангиз.

Қон томирлари учун керакли!

Сариқ булғор қалампирини ювиб, майдалаб, овқатдан 10 дақиқа олдин ёки таом билан бирга есангиз, камқонликни енгган бўласиз. Бу сабзавот организмга керакли С витаминини бериб, қон томирларини хилтлардан тозалайди, мия қон томирларининг ўтказувчанлигини оширгани учун хотира пасайиши, инсульт, атеросклероз ва инфаркт хавфини камайтиради, қон босимини эса меъёрлаштиради.

Соч тўкилганда ёрдам беради

Соч тўкилиши, терининг қуруқшаши, тирноқ мўртлиги билан боғлиқ муаммолар дармонсизликдан келиб чиқади.

Бу ҳолатни С витаминига бой маҳсулотлар билан енгасиз. Булғор қалампирида эса бу витамин лимон ва наъматакданда кўпроқ. Шунинг учун сабзавотни қайнатиб сувини ичинг, шу сувда сочларни чайсангиз соч илдизлари мустаҳкамланади.

Ошқозонингиз оғриса...

Ошқозон яраси қўзғаган маҳал, юқори кислотали гастритда, буйрак касали, колит ва бавосилда бу сабзавотни фақат димлаб ёки суюқ овқат таркибида пишириб, қайнатиб, устидаги пўстини олиб ташлаб еган маъқул.
Албатта, булғор қалампирини димлаб пишириб истеъмол қилганда С витаминининг салмоқли қисми йўқолади, аммо таъми негадир янада мазали бўлади.

Булғор қалампири сариёғ, беҳи, ёнғоқ, исмалоқ, думба ёғи ва пиёз билан дўст. Улар билан димлаб истеъмол қилсангиз, С витаминига бой, 101 касалликни енгувчи ажойиб восита тайёр деяверинг.

  •  Болаларга булғор қалампирини 7 ёшдан бошлаб, димлаб пишириб ёки майда тўғраб салат қилиб бериш мумкин. Агар булғор қалампирини бедана тухуми ёки тузланмаган бринза билан қўшиб берсангиз, боланинг суяклари мустаҳкамланади, уйқуси тиниқлашади. Лекин аллергик касаллиги бўлган болаларга бу сабзавот тавсия қилинмайди. Бундай болаларда сабзавот дарров дисбактериоз, қорин оғриғи ва тошмаларга сабабчи бўлади.

Полиздан узилгач, музлаткичда 3 кунгача фойдали хусусиятини йўқотмайди.

  • Ёшлигини йўқотмаслик илинжида бўлган хонимлар булғор қалампирини майда тўғраб, творог билан аралаштириб ейишлари керак. Булғор қалампири ширасини пишган ловия аралашмаси билан юзга суртилса терини таранглаштириб, уни оқартиришга хизмат қилади.
  • Бир дона булғор қалампирини сиқиб, сувини наҳорда ичилса, қондаги қанд микдори сезиларли даражада пасаяди.
  • Сариқ булғор қалампири гастритда фойда беради. Фақат уни димлаб ёки газ печида пишириб енг.
  • Юрак касалликларида булғор қалампирининг қизил тусдагиси фойдали. Энг қизиғи, уни албатта, пишган ловия ёки ёнғоқ билан аралаштириб ейиш керак.

Уруғини еса бўладими?

Булғор қалампирининг уруғи эфир мойларига бой бўлгани сабабли баъзи одамларда енгил заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, қон босими юқори бўлган, эпилепсия билан оғриган, аллергияси бор кишиларда қалампир уруғи юрак ўйноғи, бўшашиш, қорин дам бўлиши, терига тошма тошиши каби ҳолатларни пайдо қилади. Лекин бу ҳолат одам икки-учта булғор қалампиридан ажратилган уруғларни еганидагина юз беради.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш