ru uz
Олча юрак, бўғим ва шамоллашда фойдали!

Барчамизга болаликдан таниш бўлган олчанинг бирталай фойдали ҳусусиятлари борлигини биласизми? Олча фақат камқонликни даволайди ҳамда шамоллашда даво, десангиз, у ҳақида ҳеч нарса билмас экансиз, ҳисоб. Ватани Осиё бўлган олча дарахтининг дунё бўйлаб юзлаб турлари мавжуд. Олчани шарбат, компот, мураббо, морс кўринишида маза қилиб истеъмол қиламиз. Аммо бу тариқа мевани ейиш мумкинми ўзи?

Бўғим оғриғида фойда

Олча меваси яллиғланишга қарши, балғам кўчирувчи, терини тозаловчи, қонни кўпайтирувчи ҳусусиятга эга. Юрак уришини маромига келтириб, иммунитетни кўтаради. Таркибида яллиғланишга қарши моддалар борлиги сабаб олча меваси шарбати ҳамда банди ва шохчасидан тайёрланган дамлама артрит, ревматизм, артроз касалликларида бўғимдаги оғриқнинг тезроқ тўхташига, шишларнинг йўқлишига ёрдам беради. Агар узоқ, вақтдан бери бел оғриғидан қийналсангиз, олча шохининг пўстлоғини қайнатиб ичиш керак.

Олча шохидан тайёрланган дамлама ёзда кўп кузатиладиган ичкетар, қорин оғриғида шифо бўлади. Бунинг учун бир сиқим олча меваси бандини 2 пиёла сувда қайнатиб, кун давомида ярим пиёладан ичилади. Бу дамлама ҳайз кўп келганда, оғриқ кучли бўлганда ҳам ёрдам беради.

Озмоқчиман денг...

Таркибида В гуруҳи витаминлари, пектинни сақлаган олча нафақат тинчлантиради, уйқуни тиниқлаштиради, балки яхшигина оздиради ҳам. Бу мевани кунига уч маҳал, 10 донадан овқатдан олдин есангиз, бир ойда 5—8 кило вазн ташлашингиз аниқ. Яна 10 дона олча тановули бир дона аспирин дорисининг ўрнини ҳам босади. Яъни олча қонни суюлтириб, тозалайди, сийдик йўлларини яллиғланишдан халом қилади, гемоглобинни кўпайтиради ва юрак хасталикларининг олдини олади.

Баргини қайнатамиз!

Вирусга қарши хусусиятлари борлиги сабаб олча барги қайнатиб истеъмол қилинса, грипп, иситма, йўталдан тезроқ тузалишга ёрдам беради. Ёш болалар ва кексаларда оғирроқ кечадиган бронхит касалида олча мевасини қайнатиб ичиш тавсия этилади. Олча барги қайнатмаси аёллардаги жинсий йуллардаги шамоллаш, эркаклардаги простата бези аденомасида ҳам айни муддаодир.

Олча баргини сутда қайнатиб ичиш куруқ йўталда, ўт пуфаги яллиғланишида, сариқ касалида, жигарнинг ёғ босишида фойдали.

Қандай танлаймиз?

Мевани танлашда унинг банди яшил бўлишига эътибор беринг. Бу меванинг янги узилганини билдиради. Олчани музлаткичда 2 кун сақлаш мумкин. Ҳатто, бунинг учун ҳам мевани яхшилаб ювиб, қуритиб кейин музлаткичга солиш керак. Агар узоқроқ сақлашни истасангиз, данагидан ажратиб музлатиб қўйинг. Шу ҳолатда олчани 6 ойгача сақлаш мумкин.

Кимларга зарар?

Мураббо тайёрлашда олчанинг данагини олмасдан ишлатманг. Сабаби, данаги ва олча ypyғи таркибидаги амигдалин моддаси узоқ сақланса ва одам уни беихтиёр ютиб юборса, организмни заҳарлаши мумкин.

Олчадан тайёрланган мураббо, компотни бир йилдан кўп сақламаслик зарур. Сабаби олча данаги таркибидаги амигдалин моддаси соғлиққа зарар қилиши, юрак уришини тезлаштириши мумкин.

Ёдда тутинг!

Олчани ҳаддан зиёд кўп ейиш тиш эмалининг бузилишига олиб келади. Ошқозон яраси, қандли диабет, панкреатит, ўпка яллиғланиши, тери касалликлари, псориазда бу мевани имкон қадар камроқ ейишни тавсия қиламиз.

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш