Биз хақимизда

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институти

Вирусология илмий текшириш институти 1978 йил 27 декабрда ташкил қилинган.

НИИ Вирусологии1994 йил 11 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 134-сонли қарори билан институт Ўзбекистон Фанлар Академияси таркибига киритилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 30 мартдаги Қарори билан институт 2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти» бўлиб ўтказилган.

Институт тиббий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича клиник ўқув база ҳисобланади.

Шифокор кадрлар, клиник ординаторлар ва аспирантларни тайёрлайди.

Институтда қуйидаги бўлимлар мавжуд: табиий ўчоқли ўта хавфли вирусли инфекциялар (ТЎЎХВИ) лабораторияси, Грипп миллий маркази, клиника, лаборатория-ташхисот бўлими.

Институтнинг асосий йўналишлари вирусология соҳасида илмий-педагогик ва координацион фаолиятни амалга ошириш ва вирусли юқумли касалликларни ташхислаш, даволаш ва профилактикаси бўйича аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат

Институт:

Тарқалган вирусли ва бошқа юқумли касалликларни ташхислаш, даволаш ва тарқалишини олдини олиш бўйича аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатади;

Вирусли гепатитлар, ОИВ инфекцияси, грипп, парранда гриппи, янги грипп, арбовирус ва бошқа вирусли инфекцияларнинг эпидемиологияси, клиникаси, ташхисоти, даволаш ва профилактикаси масалалари бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга оширади;

Арбовирус касалликлари устидан эпидемиологик мониторинг ўрнатади, уларнинг табиий ўчоқлари ва лаборатория ташхисини ўрганади, уларнинг аҳоли орасида эпидемик тарзда тарқалишини олдини олиш тадбирларини такомиллаштиради;

Вирус табиатли инфекцияларни ташхислашнинг замонавий лаборатория усулларини ишлаб чиқади ва соғлиқни сақлаш амалиётига тадбиқ этади;

Диагностикумлар, вирусологик ва бактериологик препаратлар сифатини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ўтказади;

Дори препаратлари ва тиббий воситалар ҳамда институт фаолияти бўйича касалликларни ташхислаш ва даволаш усулларини клиник синовдан ўтказади;

Вирусли инфекцияларга қарши ўтказилаётган иммунопрофилактик тадбирлар самарадорлигини ўрганишда соғлиқни сақлаш муассасаларига услубий ва амалий ёрдам кўрсатади;

Республика ва чет давлатларнинг вирусология хизмати мутахассислари билан илмий-амалий алоқалар ўрнатади, чет эл тиббиёт дунёсида ўзининг илмий ва технологик ютуқларини тақдим этади;

Тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолият юритади;

ОИТСга қарши кураш марказлари билан ҳамкорликда республикада ОИВ инфекцияси устидан мониторинг ўрнатади, касалликнинг клиник шаклларини ўрганади, тиббий ёрдам кўрсатади ва антиретровирус (АРВ) препаратлар самарадорлигини ўрганади, диспансер кузатувини ўрнатади;

Вирусология соҳасида илмий журнал, илмий ишлар тўплами, монография, ўқув-услубий тавсияномалар ва ахборот-маълумотли материаллар тайёрлайди ва нашрдан чиқаради;