Онлайн Хизматлар
Ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни, фикрларингизни билдириш ёки саволлар бериш учун кўйидаги матнни тўлдиринг.Батафсил
Ушбу булимда сиз мавжуд булган иш жойлари билан танишиб, узингизни резюменгизни куйишингиз мумкинБатафсил
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф
таваллудининг 60 йиллигига
ШЕЪРЛАРИДА БАРҲАЁТ ЮРТ ЎҒЛОНИ
Муҳаммад Юсуф – халқимиз қалбида мангу яшашдек бахтга мушарраф бўлган ноёб истеъдод эгаси эди. У ўзининг бор меҳр-муҳаббатини, илҳомини халқига, Ватанига бағишлаганди. Юртимизда шоирни билмаган, шеърларини ўқиб завқланмаган киши бўлмаса керак. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қалам аҳлининг меҳнатини қадрлаш ва эъзозлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси бўлди.
ВАТАН
Эй, менга эртаклар сўйлаган Замин,
Эргашиб изингдан қолмасман сенинг.
Ўзгалар наздида Боғи Эраминг
Жийданг япроғига олмасман сенинг.
Ватан, қайда бўлмай, сен ҳамроҳимсан,
Боболарим ётар саждагоҳимсан.
Офтоб келин тушган боғларинг кўркам,
Ялпизлар ястанган дала-даштларинг.
Осмонга туташган оқтерак ўлкам,
Кўнглимда ўзгача сайру гаштларинг.
Ватан, қадрим уйи — хонақоҳимсан,
Боболарим ётар саждагоҳимсан.
Олтин бешик узра аллалар айтиб,
Ҳамиша бедорим — онаизорим.
Жилғаси жаранги тонгда уйғотиб,
Юрагимга кириб келган баҳорим.
Ватан, кунда боқиб тўймайин, кимсан —
Оқ оғриниб ботар саждагоҳимсан.
Суйиб сийм-танимга солган сен чўғни,
Пойинг ўпсам арзир чўкка тушиб тиз.
Сен-ку мангудирсан, мен борму-йўқми,
Мен қайдан кунимни кўрардим сенсиз.
Ватан, жонга жондан яқинроғимсан,
Қавмим илдиз отар саждагоҳимсан.
Алқаб мени кузат, илҳақ мени кут,
Эй, бир парча булут, эй, бир парча йўл.
Омон бўл, сен борки дунёлар унут,
Сенинг ҳузурингга элтар барча йўл.
Ватан, мен келсам ҳам келган ёғимсан,
Кетсам ҳам асқотар қароргоҳимсан!..
ҚИЗҒАЛДОҚ
Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тош ойнанг йўқ.
Ўксиб-ўксиб турганингда, ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ.
Солланасан келинчакдай бошинг эгиб,
Жайрон ўтган сўқмоқларга ёшинг тўкиб.
Қизил юзинг қон дилимга турар тегиб,
Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ.
Қадринг билган, дардинг билган, айт, киминг бор?..
Келиб-кетар баҳор сенга бевафо ёр.
Гўзалсанки, сенга бари гуллар ағёр,
Оҳ урсанг, бир оҳинг тинглар остонанг йўқ...
Ёнингга мен боролмасам, ўт гуноҳим,
Бир йўқлаб қўй мен дунёдан ўтган чоғим.
Қабрим узра ҳилпираб тур, қизғалдоғим
Муҳаммаддан бўлак дўсту девонанг йўқ.
ОНАМГА ХАТ
Мен сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмайман,
Тунлари чароғон шундай шаҳарда,
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.
Мен сиз айтгандайин ҳаммани севдим,
Ҳаммага ишондим, мана оқибат:
Ўз дўстим уйига кўмилди севгим,
Кун бўлиб кўксимни куйдирди нафрат.
Бошимдан ўтгани кўкка ҳам аён,
Юлдузлар қиқирлаб кулар оқбадан:
Мен – зангор яйловда олис, бепоён,
Уюридан ажраб олган қулунман...
Мана, кетаяпман тош йўлда кўзим,
Қадамим мошинлар йўрғасига мос .
Йиғласам юпатиб ўзимни ўзим,
Пишқириб қўяман тойчоқларга хос.
Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасдан .
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман...
Ҳа, севги ҳақида. У дилга не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб .
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз – Муаммад Юсуф.