Онлайн услуги
-
Опишите подробнее процедуру подписки на журнал
Подписка на журнал осуществляется через АК «Matbuot tarqatuvchi», ОАО “Узбекистон почтаси” и их филиалы, а та...
-
Можно ли скачать журнал в PDF формате?
Да, можно...
Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее
В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее
Эзгу ташаббуслар, изчил ислоҳотлар аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон билан таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлмоқда
Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, халқимиз турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги мисли кўрилмаган янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Яъни ушбу тизимнинг ҳар бир бўғини ва йўналиши ўз фаолиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида қўйилган талабларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Биргина дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан аҳолини таъминлашга доир олиб борилаётган тизимли чора-тадбирларни олиб қарайлик. 2016 йил 31 октябрда бу йўналишда тарихий ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ушбу қарор билан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 343 номдаги дори воситалари, жумладан, 98 номдаги маҳаллий ва 201 номдаги чет эл дори воситалари, 44 номдаги тиббий буюмлар, жумладан, 18 номдаги маҳаллий ва 26 номдаги чет эл тиббий буюмлари рўйхати тасдиқланди.
Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш тиббиёт тизимида ўтказилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадларидан биридир” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур қарор амалиётга қандай жорий этилаётгани, кўзда тутилган вазифалар ижроси, энг муҳими, аҳоли учун, халқ учун яратилаётган қулайликлар хусусида сўз борди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, тегишли бошқарма раҳбарлари, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни ва Тошкент фармацевтика институти вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, мамлакатимизда маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда. Хусусан, мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида атиги иккита корхона томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунда 146 та фармацевтика корхоналари томонидан 2200 дан ортиқ дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида, хусусан, жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларда бу хусусда бир неча бор тўхталиб, арзон ва ишончли дори-дармон билан таъминлаш масаласида аҳолимиздан қарздорлигимизни ва бу қарзни узиш вақти келганини бот-бот таъкидлаган эди. Шу мақсадда қабул қилинган мазкур қарор аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини кенг тарқалган касалликларни даволашда қўлланиладиган юқори самарадорликка эга сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Тан олиш керакки, дорихона тармоқларида нарх-навонинг бесабаб ошиб кетиши ҳолатлари кузатилган эди. Аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган ушбу салбий ҳолатларнинг олди олиниб, бугун уларга йўл қўймайдиган энг қатъий чоралар кўрилмоқда, дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларини аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланмоқда.
Эндиликда четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун 15 фоиз, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Яна бир янгилик шундан иборатки,тиббиётда кенг қўлланиладиган 300 дан ортиқ номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этилган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади.
Ўз навбатида, Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол равишда бузилса, уларга нисбаттан қатъий жазо қўллаш ва ҳатто лицензиясини бекор қилиш кўзда тутилган.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки,чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали маҳаллий дори воситаларининг нархи 8 фоиздан 44 фоизгача пасайганлигини кўрсатди. Демак, халқимиз энди маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни сезиларли даражада паст нархларда харид қилиш имконига эга бўлмоқда.
Бордию истеъмолчиларда мамлакатимиздаги мавжуд дорихоналардаги дори воситалари ва тиббий буюмларнинг сифати ва нархи билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифлар бўлса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ушбу йўналишда ташкил қилинган (0371) 242-84-16 рақамли “Ишонч телефони” орқали мурожаат қилишлари мумкин. Ҳар бир мурожаат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилади, назоратга олинади ва қонун доирасида ҳал этилади.
Шунингдек, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб республикамиздаги барча дорихоналарнинг “Истеъмолчилар бурчаги”да бўлиши мажбурий энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати, рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати, белгиланган нархларда сотиладиган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чекланган нархлари ҳамда чекланган нархларда сотувга чиқариладиган маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларнинг 2016 ва 2017 йиллар учун таққосий жадвали илинди.
Бугунги ҳолатни таҳлил қилар эканмиз, соҳада зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим масалалар мавжудлигини кўришимиз мумкин. Авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур.
Шу кунларда Вазирлар Маҳкамасининг “Доривор ўсимликлар асосида дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда доривор ўсимликларни бирламчи ва чуқур қайта ишловчи 190 та кичик ва йирик корхоналар томонидан жами 392 турдаги дори воситалари ва 62 турдаги биологик фаол қўшимчалар рўйхатдан ўтказилиб, 15,11 миллион қадоқ биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилиб сотувга чиқарилди.
Маҳаллий дори воситалари ҳақида сўз кетар экан, Ўзбекистон ҳудудида ўсувчи доривор ўсимликлар асосида тайёрланадиган оригинал дори воситалари тўғрисида сўзлаб ўтиш жоиздир.
Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Биоорганик кимё институти, Ўсимлик моддалари кимёси институти, шунингдек, Тошкент фармацевтика институти ва Ўзбекистон кимё фармацевтика илмий тадқиқот институти томонидан соҳанинг долзарб муаммолари бўйича илмий тадқиқот ишлари амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Улар томонидан сўнгги 20 йил мобайнида маҳаллий хом ашёлар асосида яратилган 30 га яқин оригинал дори воситалари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариш жорий этилган.
Давлатимиз раҳбарияти томонидан эркин иқтисодий зоналарда ташкил этилаётган барча ишлаб чиқариш корхоналари қатори фармацевтика саноати корхоналарига ҳам қатор имтиёзлар берилиши соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республикада фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йилгача бўлган даврда фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича жами 67 та инвестицион лойиҳалар ижроси режалаштирилган.
Шунингдек, Бўстонлиқ, Зомин, Бойсун туманларида ва Сирдарё вилоятида эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилаётганлиги маҳаллий фармацевтика саноатининг янада ривожланиши, ишлаб чиқарилаётган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тури ва ҳажмининг ошиб бориши ҳисобига дори таъминотини янада яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Албатта, юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот, энг аввало, инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу ҳаракатлар эл саломатлигини асраш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлар самарадорлигини янада ошириши шубҳасиздир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги