Онлайн услуги
-
Опишите подробнее процедуру подписки на журнал
Подписка на журнал осуществляется через АК «Matbuot tarqatuvchi», ОАО “Узбекистон почтаси” и их филиалы, а та...
-
Можно ли скачать журнал в PDF формате?
Да, можно...
Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее
В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее
Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар
Очиқ мулоқот
Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу мавзуда ўтказилган очиқ мулоқот кўплаб саволларга жавоб топиш имконини берди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида халқни рози қилиш пировард мақсад эканлигини ва ушбу йўлда ҳар бир раҳбар шахсан жавобгарлигини бот-бот таъкидламоқда. Бунинг учун эса, аввало, одамларнинг дарду ташвишларини тинглаш, саволларига жавоб бериш жуда муҳимдир. Яқинда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида “Халқ саломатлиги: муаммо ва долзарб вазифалар” мавзуида ташкил этилган очиқ мулоқот ҳам айни шу мақсадга қаратилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаев,вазирлик бошқарма бошлиқлари ҳамда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари директорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари қатнашди. Янгича шаклда ўтказилган очиқ мулоқотда ҳеч бир савол ва таклиф эътибордан четда қолмади. Қуйида улардан айримларини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.
ҚВПлар қачон одамлар ишончини қозонади?
— Президентимиз шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари бўлиб ўтган йиғилишларда соғлиқни сақлаш соҳасини, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйганди. Ушбу топшириқлар юзасидан тизимда қандай саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда?
— Тан олиш керак, соҳада ҳақиқатан ҳам камчиликлар кўп. Уларнинг илдизи мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими инсонларнинг, бугунги куннинг талабларига жавоб бермаётганига бориб тақалади. Масалан, бундан ўн йиллар олдин қишлоқ врачлик пунктлари тармоғи яратилганди. Ўша пайтдаги шароитда мазкур тизим катта ютуққа айлангани бор гап. Аммо ҳозирга келиб, фақат шу билан чекланиб қолиш ярамайди. Боиси эндиликда бутун жаҳон тиббиётида касалликнинг олдини олиш, профилактика қилиш устувор мақсад сифатида қўйилган ҳолда, умуман янгича қоидалар асосида фаолият юритилмоқда. Тезкорлик, беморлар учун қулайлик яратиш ва бошқа йўналишлардаги тамойиллар ҳам ўзгарган.
Бундай дейишимизга асослар етарли. Мисол учун, мамлакатимизда ҚВПларнинг қарийб учдан бир қисми самарасиз ишламоқда. Уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари кунига бор-йўғи икки-уч нафар беморга хизмат кўрсатадиган вазиятлар ҳам учраб турибди. Ҳамюртларимиз кўпинча туман поликлиникалари ёки хусусий муассасаларга боришни афзал кўраяпти. Нега? Чунки ҳамма ҳам саломатлигини, таъбир жоиз бўлса, ҳаётини малакали, масъулиятли мутахассисга ишониб топширишни истайди. Бундан англаш мумкинки, аксарият ҚВПларга нисбатан ана шундай ишонч мавжуд эмас. Демак, вазиятни тубдан ўзгартириш вақти келди. Бунинг учун, аввало, ҚВПларни оптималлаштириш, йириклаштириш, улар қошида шошилинч ёрдам станцияларини ташкил этиш ва тор мутахассисликдаги шифокорлар билан таъминлаш зарур.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган яна бир муҳим топшириқ — йириклаштирилган қишлоқ врачлик пунктлари яқинида мутахассислар учун тураржой бинолари қуришдир. Шу йил охиригача ҚВПлар қошида шифокорларга мўлжалланган ана шундай уйлардан 300 таси барпо этилади.
Тез ёрдам хизматининг кечикаётган ёрдами
— Аҳолини қийнаётган, эътирозларига сабаб бўлаётган долзарб масалалардан бири — бу тез тиббий ёрдам хизматининг кечикиши билан боғлиқ. Бунинг асосий сабаби нимдаа? Яна бир жиҳатни айтиш ўринлики, диспетчерларнинг муомала маданиятини ҳам қониқарли деб бўлмайди ва кўпинча ўз вақтида қўнғироққа жавоб берилмаслиги ҳоллари кузатилмоқда. Бу ҳолат қачон ўз ечимини топади?
— Статистика маълумотларига кўра, тез тиббий ёрдам бригадалари 15-20 фоиз ҳолатларда кечикиб етиб келади. Бунинг бир қатор ўзига хос сабаблари бўлса-да, муаммонинг асосий илдизи техник имкониятларга бориб тақалади. Яъни тиббий хизмат кўрсатиш учун автомобиллар етарли эмас. Ҳозирги вақтда республикамиз миқёсида 1800 та шундай машинадан фойдаланилаётган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи 10-12 йиллик автомобиллардир. Аслида белгиланган талаб бўйича тез тиббий ёрдам автоуловлари сони камида 2400 та бўлиши лозим. Шулардан келиб чиқиб, йил охиригача 1200 та янги транспорт воситалари сотиб олиниши кўзда тутилган. Яқин икки-уч ойнинг ўзида эса улардан 550 таси хизмат кўрсатишга киришади.
Ўз навбатида, аҳолининг жиддий шикоят ва норозиликларига сабаб бўлаётган тизимдаги диспетчерлик хизмати фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилади. Боиси мазкур хизмат 30-40 йил олдинги стандартлар билан ишламоқда. Бу борада яқин икки ойда жиддий ўзгаришлар рўй беради. Жумладан, диспетчерлар қайта ўқитилади, уларнинг малакаси оширилади, талаблар кучайтирилади.
Яна бир модернизациялаш жараёни ҳақида. Тез тиббий ёрдам кўрсатиш автомобилларига GPS ускуналари қўйиш ҳам режалаштирилган. Мисол учун, пойтахтимизда шундай қурилмага эга 138 та автомашина ишлаётган бўлса, тез кунларда яна 10 таси қайта жиҳозланади. GPS қурилмаси диспетчерга автомобиль қаердалиги ҳақида маълумот берса, мурожаат қилинган манзилга яқинроқ ходимларимизни тезроқ юбориш имконияти пайдо бўлади. Лекин беморнинг олдига зудлик билан боришнинг ўзи камлик қилади. Хаста инсонга ёрдам кўрсатиш учун зарур воситаларга ҳам эга бўлиш муҳимдир. Тасдиқланган қоидаларга кўра, тез тиббий ёрдам шифокори чамадонида 80 номдаги дори ва тиббиёт воситалари бўлиши лозим. Амалиётда эса шифокор ана шуларнинг ярми билан келса ҳам, катта гап ҳисобланади. Шунинг учун шошилинч ёрдам бригадаларини зарур препаратлар билан таъминлаш механизми қайта кўриб чиқилаётир.
“Қисқа” йиғилишлар ҳужжатларда назарда тутилмаган
— Нима учун республикамиздаги поликлиникаларда иш вақти аслида беш дақиқалик бўлган, аммо соатлаб чўзилиб, турнақатор навбатлар юзага келишига сабаб бўлаётган эрталабки “қисқа” йиғилишлар билан бошланади?
— Амбулатор-поликлиника муассасаларида бундай йиғилишларни ўтказиш умуман мантиқсиз ҳолатдир. Бундай мажлислар бирорта ҳужжатда назарда тутилмаган. Агар фуқаролар шундай ҳолатга дуч келишса, ҳудудий бошқармалар ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят қилишлари мумкин. Мабодо поликлиника жамоаси ниманидир муҳокама этадиган бўлса, буни кечқурун, барча беморларга хизмат кўрсатиб бўлингандан кейин қилишлари лозим.
Шифохоналарда эса бошқа гап, эрталабки йиғилиш — зарурий амалиётдир.
Эзгулик қилишнинг бошқа йўллари бор...
— Туғуруқхоналарда шифокорларга бериладиган “суюнчи пули”га қандай муносабат билдирасиз? Сизнинг-ча, бу шунчаки одатми ёки...
— Бу нарса, аввало, тиббиёт соҳасини танлаган инсоннинг виждони ва қалбига боғлиқ. Туғуруқхоналардаги хизматлар, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам бепул амалга оширилади. Лекин ушбу муассасаларда фарзанд дунёга келгани учун “қўл ҳақи”, пулни “ҳадя” сифатида олишни юридик нуқтаи назардан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди. Бу “суюнчи” бериш қадриятига ҳам бевосита тааллуқлидир. Янги туғилган чақалоқнинг ота-онаси қувонганидан шунчалик эзгу иш қилишни истаса, ният қилган бўлса, марҳамат, уни “Мурувват” ёки “Саховат” уйларига тақдим этсин. Шу афзалроқ эмасми?
Масала ечимининг яна бир қирраси сифатида Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлиги, бошқа вазирликлар ҳамда жамоатчилик билан биргаликда туғуруқ муассасаларида фаолият юритадиган тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни руҳлантиришнинг механизмини ривожлантириш зарур. Яъни бундай масканлардаги тиббиёт ходимларининг ойлик маоши пуллик хизмат кўрсатадиган соҳалар вакиллариникига нисбатан 2–3 баравар юқори бўлиши керак. Шунда ўзгаришлар қилса бўлади.
Хориждаги мутахассисларимиз Ўзбекистонга қайтади
— Чет элларда ишлаётган ўзбекистонлик шифокорларни мамлакатимизга қайтариш масаласида ҳам аниқ топшириқлар берилган эди. Бу борада қандай амалий ҳаракатлар қилинмоқда?
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев берган топшириққа асосан, хорижда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг рўйхати тузилди ва улар билан суҳбатлашилди. Аниқроқ айтганда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги чет эллардаги бир қанча тажрибали шифокорлар билан уларни мамлакатга қайтариш юзасидан музокаралар олиб борди.
Хусусан, Норвегия, Дания, Кувайт ва Россияда ишлаётган кардиожарроҳ, нейрожарроҳ, ортопедия, травматология ва жигар жарроҳлиги бўйича мутахассислар билан қилинган мулоқотлар натижасида улардан 10-15 нафари жорий йилда мамлакатга қайтишга розилик билдирди.
Хориждан қайтиб келиб, юртимизда ўз фаолиятини давом эттирадиган шифокорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни уй-жой ва муносиб маош билан таъминлаш масалалари ҳам кўзда тутилмоқда. Қолаверса, чет элдаги тиббиёт олий ўқув юртларида кўплаб ҳамюртларимиз таҳсил олаяпти. Биргина Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университетида Ўзбекистондан 120 дан ортиқ талаба ўқимоқда. Яқинда Россияга ташриф буюрган вазирлик делегацияси улар билан учрашди. Ўзбекистонлик ёшлар ўқишдан сўнг она-Ватанимизга қайтиб, ишлашга ваъда беришди.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда тиббиёт йўналишидаги хорижий олий таълим муассасаларининг дипломларини нострификация қилиш масалаларини ҳам кўриб чиқаётир.
Ҳамкорликда ҳикмат кўп
— Ҳар қандай соҳанинг ривожи халқаро ҳамкорлик ва хорижий тажрибаларни ўрганишга бевосита боғлиқ. Шу маънода, тиббиёт йўналишида халқаро ҳамкорлик масалалари ҳақида тўхталсангиз?
— Соғлиқни сақлаш тизимидаги истиқболли саъй-ҳаракатлар халқаро йўналишда ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Россия Федерациясининг Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда Хоразм вилоятида клиника ҳамда А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини очиш режалаштирилган.
Россиянинг Бош кардиохирурги Лео Бокерия яқинда юртимиз тиббиётчилари билан ўтказган учрашувида ўз шифокорлари бригадаси билан Урганчга тез-тез келиб туриши ва у ерда икки-уч ҳафта фаолият юритишга сўз бергани ҳам диққатга сазовор. Қолаверса, врачларимиз россиялик ҳамкасблари билан елкама-елка туриб ишлайди. Бу эса улар учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтайди.
Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалади
— Замон шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизга илғор технологиялар жадал кириб келаяпти. Тиббиётимизда бу борада қандай янгиликларни кўриш мумкин?
— Дарҳақиқат, тиббиётда ҳам замонавий фан-техника ютуқлари тараққиёт, янги марраларни эгаллашнинг асосий гарови ҳисобланади. Айни пайтда жабҳага телетиббиёт ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал кириб келаётганининг боиси шунда. Фикримиз исботи учун оддий мисол келтирамиз. Телетиббиёт ускуналари ёрдамида ҳудудий педиатрия муассасаларида 40 фоиз ҳолатларда пойтахтга бормай ташхис қўйиш мумкин экан. Пировардида пул ҳам, вақт ҳам тежалади, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинади. Шу боис Ўзбекистонда истиболда бу каби технологиялар барча ҳудудий педиатрия марказларига ўрнатилади.
Шунингдек, маълумотларни электрон кўринишда алмашиш ҳажмини ошириш мақсадида рақамлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилаяпти. Ҳозирда муассасалараро ягона тармоққа 3 мингта компьютер уланган. Йил охиригача уларнинг сони 11 мингтага етказилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — “электрон соғлиқни сақлаш тизими”ни яратиб, тезкорлик ва сифатни оширишдир. Энг асосийси, бундай қулайлик натижасида бирорта касаллик тарихи қўл билан ёзилмайдиган бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги