Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

07.01.2017

Аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 2017 йилнинг 1 январидан кучга кирди. 

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Фарғона вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш ва унинг саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. – Бинобарин, аҳоли соғлиғини асраб-авайлаш, замонавий тиббиёт инфратузилмасини яратиш, айниқса, аҳолини сифатли, кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. 2016 йилда вилоятда “Дори-дармон” акциядорлик компаниясининг 10 ижтимоий дорихонаси ишга туширилди. Бугун вилоятда “Меҳригиё”, “Top victory” масъулияти чекланган жамияти каби фармацевтика корхоналарида маҳаллий хомашё асосида биологик фаол қўшимча ва табиий гиёҳлардан сифатли дори-дармонлар ишлаб чиқарилмоқда. Шаҳар ва туманларда 600 дан зиёд дорихона аҳолига хизмат кўрсатаётир.

Айни пайтда фармацевтика соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Дори воситалари нархининг асоссиз оширилиши, бир хил дори воситаларининг нархида катта фарқ борлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди. Бу дорихоналарда дори воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқишни кун тартибига қўйди. Ушбу қарор тизимдаги ана шундай муносабатларни тартибга солиш, аҳолининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.

Мазкур қарор асосида тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар жорий этилди. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади. Эндиликда юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилгани учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган.

Вилоятда дори-дармон воситаларининг чакана ва улгуржи савдоси назоратини жамоатчилик асосида амалга оширувчи жамоатчилик назорат гуруҳлари ва улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил этилган. Ишчи гуруҳ томонидан Қўқон шаҳри, Фурқат, Бешариқ, Данғара туманларидаги дорихоналар ўрганилганида, дорихона ходимларининг сотилиши зарур бўлган дори-дармонлар тўғрисида тўлиқ тушунчага эга эмаслиги аён бўлди. Барча дорихоналар сотув залида дори-дармонлар нархи талаб даражасида ёзиб кўрсатилмаган, нархлар истеъмолчига деярли кўринмайди. Нарх-наво бир хил эмас. Шу боис бугунги кунда шаҳар ва туманлардаги барча дорихона ва тиббиёт муaссасалари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Фарғона шаҳридаги “Malham” хусусий дорихонасида харидорлар учун барча шароит яратилган. Энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхати кўзга кўринарли жойга илиб қўйилган. Ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари белгиланган нархларда сотилмоқда.

– Сўнгги пайтларда аҳоли саломатлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар бизни қувонтирмоқда, – дейди Фарғона шаҳрида яшовчи Аброржон Исмоилов. – Айниқса, дори-дармонлар сифати, хавфсизлиги ҳамда нархларини белгилашда очиқ ва ошкора механизм ишлаб чиқилгани барчани мамнун этди.

“Global Prime” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихонада ҳам мамлакатимизда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатли препаратлар харидорларга тавсия этилаётганини кўриш мумкин.

Бироқ, айрим дорихоналарда ҳалигача дори-дармонлар нархида катта фарқ бор. Баъзиларида дори воситаларининг нархи асоссиз равишда ошириб сотилмоқда. Бу Президентимизнинг юқорида қайд этилган қарори ижроси устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Мухтасар айтганда, амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар, биринчи навбатда, аҳолини сифатли, арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга, халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шундай экан, мазкур қарор ижросини таъминлашга нафақат мутасадди ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик, ҳар бир фуқаро масъуллигини унутмаслигимиз даркор.

Манба: uza.uz


Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы