Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

15.12.2016

Соғлом она – соғлом бола: ҳудудлар тажрибаси

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу йўналишда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, оналик ва болаликни муҳофазалаш йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар, бирламчи тиббий санитария бўғини шифокорлари ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Д.Аҳмедова ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ғояси ва ташаббуси асосида ишлаб чиқилган ва изчиллик билан амалга оширилаётган «Соғлом она – соғлом бола» миллий дастури она ва бола саломатлигини муҳофазалаш, халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлигини ошириш, инсон манфаатларини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Кейинги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида уч юздан ортиқ тиббиёт муассасалари, жумладан, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, оилавий поликлиникалар, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари реконструкция этилди. Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ҳамда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Айни пайтда аҳоли, хусусан, она ва болага кўрсатилаётган патронаж ёрдамини янада кенгайтириш, бу йўналишда тиббий-профилактика, диагностика, даволаш ишларининг сифатини ошириш, перинатал тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш, қийин кечадиган туғруқларда она ва болага тиббий кўмакни кучайтириш, болалар ногиронлигининг олдини олиш, ўсмир қизларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, замонавий, кам инвазив операция усулларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан боғлиқ устувор вазифалар ўз ечимини кутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 ноябрдаги Ўзбекистонда 2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида ана шу йўналишдаги устувор вазифалар белгилаб берилган.

Анжуманда она ва бола саломатлигини муҳофазалашда замонавий тиббий ёрдамни ҳудудийлаштириш ва илғор технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан аҳолининг барча қатлами баҳрамандлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларининг жойларда бу йўналишда олиб борилаётган ишларга оид маърузалари тингланди.

Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида она ва болага замонавий тиббий-профилактика, шошилинч, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича замонавий тизим шаклланган. Уч мингга яқин қишлоқ врачлик пунктлари, перинатал, скрининг марказларининг ҳудудий бўлимлари бу йўналишда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти бунга мисолдир. Тўрт юз элликка яқин малакали шифокор ва ҳамширалар фаолият юритадиган тиббиёт муассасасида юқори технологияларга асосланган диагностика ва даволаш амалиётларини бажариш учун барча шароит яратилган. Шифо муассасасида болаларда учрайдиган касалликларни кам инвазив операция усуллари асосида даволашга эришилмоқда. Марказ шифокорлари тиббиётнинг бундай илғор ютуқларини туман тиббиёт бўлимлари амалиётига татбиқ этишга ҳам кўмаклашмоқда. Жорий йилда бу йўналишда туманларда йигирмадан кўпроқ маҳорат мактаби машғулотлари ташкил этилди. Болаларга кўрсатилаётган замонавий тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш мақсадида 2017 йилда болалар кардиожарроҳлик бўлимини очишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва перинатал марказлар фаолиятини баҳолаш ва мониторинг жараёнида ушбу марказ жамоасининг ана шундай саъй-ҳаракати юқори баҳоланди ва Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази оналик ва болаликни муҳофазалаш йўналишида энг фаол тиббиёт муассасаларидан бири, деб топилди.

Анжуманда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий тадбирлар самаралари, ҳудудларда бу йўналишда эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифаларга оид маърузалар тингланди. 2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш борасида белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш хусусида фикрлашилди.

Манба: uza.uz


Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы