Онлайн услуги
-
Опишите подробнее процедуру подписки на журнал
Подписка на журнал осуществляется через АК «Matbuot tarqatuvchi», ОАО “Узбекистон почтаси” и их филиалы, а та...
-
Можно ли скачать журнал в PDF формате?
Да, можно...
Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее
В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее
Кенг турдаги дори-дармон ва тиббиёт буюмлари истеъмолчиларга тақдим этилмоқда
“Ўзэкспомарказ”да тўққизинчи халқаро ихтисослашган “UzMedExpo – 2016” тиббиёт кўргазмаси очилди. Кўргазма Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Ўзфармсаноат” акциядорлик концерни, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган изчил чора-тадбирлар халқимизнинг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар тобора кўпаймоқда. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида бир юз олтмишдан кўпроқ шифо муассасасида реконструкция ва модернизация ишлари бажарилаётир. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борадаги тадбирларни ўз вақтида амалга оширишда анъанавий тарзда ташкил этилаётган тиббиёт кўргазмаларининг ҳам алоҳида ўрни бор.
Бу йил тўққизинчи бор ўтказилаётган “UzMedExpo – 2016” кўргазмасида мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари билан бир қаторда Россия, Хитой, Швейцария, Ҳиндистон, Польша, Жанубий Корея, Германия каби давлатлардан элликка яқин етакчи компания ўз маҳсулотлари билан иштирок этаётир.
Кўргазмада фармацевтика саноати маҳсулотлари намойишига алоҳида ўрин ажратилган. Стендларда дунёнинг кўплаб етакчи ишлаб чиқарувчилари қаторида мамлакатимиз корхоналари ҳам кенг турдаги дори-дармон ва тиббиёт буюмларини истеъмолчиларга тақдим этмоқда.
Айтиш жоизки, мамлакатимиз фармацевтика саноати мустақиллик йилларида иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига айланди. Бугунги кунда бу йўналишда бир юз ўттиздан кўпроқ саноат корхонасида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган икки минг номдан кўпроқ сифатли ва самарали дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда.
“Nikopharm” шундай корхоналардан биридир. ISO-9001, GMP стандартлари ва сифатни бошқариш тизимлари жорий этилган корхонада ишлаб чиқарилаётган юзга яқин турдаги замонавий дори-дармондан тиббиёт амалиётида кенг фойдаланилаётир. Мамлакатимиздаги илм-фан муассасалари билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйган корхонада инновацион ишланмалар маҳсули бўлган табиий гиёҳлар асосида яратилган ўнга яқин биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Макситон, актифер, инулекс, экдиферин, ҳаётбахш, хофитол каби шифо воситалари бунга мисолдир. Корхонада инвестиция дастури доирасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва бир неча турдаги витаминлар, суюқ ва томчи дориларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳсулот экспортини йўлга қўйиш режалаштирилаётир.
Замонавий тиббиётни лаборатория таҳлили, диагностика соҳаси ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Илм-фан ривожи илдамлагани сайин бу йўналишда кўплаб муҳим ихтиролар амалиётга кириб келгани илгари аниқлаш ва даволаш мушкул бўлган кўплаб хасталикларнинг олдини олиш, барвақт ташхис қўйиш ва самарали даволаш имкониятини яратаётир.
Хитойнинг “SonoScape medical corp” компаниясининг юртимиздаги ваколатхонаси томонидан намойиш этилаётган энг сўнгги русумдаги ультратовуш таҳлил аппаратлари ана шундай янги технологиялардандир. Замонавий тиббиётнинг барча соҳаларида чуқур таҳлил ўтказиш имкониятига эга ушбу диагностика воситалари касалликларга илк босқичларда аниқ ташхис қўйиш имкониятини яратади.
– Қарийб ўн йилдан бери Ўзбекистон бозорида фаолият юритмоқдамиз, – дейди мазкур компаниянинг юртимиздаги ваколатхонаси бошлиғи Мэн Юн Фан. – Бу галги кўргазмага ўнга яқин энг сўнгги русумдаги ультратовуш таҳлил аппаратини олиб келдик. Улар ташқи дизайни, қулайлиги ва ихчамлиги, ички функцияларининг такомиллашгани, янги-янги дастурий таъминот тизимлари билан жиҳозлангани жиҳатидан ҳам ажралиб туради. Бундай кўргазмалар халқаро алоқаларни ривожлантириш, тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва тиббий хизматни замонавийлаштиришда муҳим омил бўлади.
Кўргазмада тиббиёт туризми бўлими ҳам ташкил этилган. Унда мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги етакчи клиникаларнинг диагностика, даволаш, реабилитация соҳаларидаги ютуқлари намойиш этилмоқда.
“UzMedExpo – 2016”нинг яна бир қизиқарли бўлими “Гўзаллик ва саломатлик” секциясидир. Унда косметология индустрияси, эстетик тиббиёт, пластик жарроҳлик борасидаги янги ишланма ва ихтиролар, косметология маҳсулотлари намойишига кенг ўрин берилган.
Кўргазма тиббиёт илми, фармацевтика, тиббиёт техникаси, косметология, стоматология каби соҳаларда эришилган муҳим ютуқларни кенг оммалаштириш, тиббиёт тизимидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги диагностика ва даволаш услубларини амалиётга татбиқ этишда муҳим омил бўлади.
Манба: uza.uz