Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

21.04.2016

Келажаги буюк юртнинг бебаҳо бойлиги

Ота-она бўлиш бахти насиб этган ҳар бир инсон фарзандининг баркамол шахс бўлиб вояга етишини орзу қилади. Соғлом авлод тушунчаси, айниқса, бизнинг юрт учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқимиз — ўз эртасини фарзандларининг истиқболида кўрадиган, ўғил-қизим, болам, деб яшайдиган халқ. Шу маънода Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилиниши эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир залворли қадам бўлди. 

Аслида, бугунги кунга келиб, умуммиллий ҳаракатга айланган бундай   ислоҳотларнинг тамал тоши мустақилликка эришилган дастлабки кунлардаёқ қўйилган эди. Ўша пайтдаги турли иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларга қарамай, давлатимиз раҳбари миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласига энг асосий  вазифа сифатида эътибор қаратди.

Президентимизнинг "ФАҚАТ СОҒЛОМ ХАЛҚ, СОҒЛОМ МИЛЛАТГИНА БУЮК ИШЛАРГА ҚОДИР БЎЛАДИ", деган сўзлари жамиятимиздаги тиббий-ижтимоий ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. 

Шуни ҳам алоҳида эътироф этиш жоизки, ўзаро изчиллик касб этган Оила йили, Аёллар йили, Соғлом авлод йили, Она ва бола йили, Сиҳат-саломатлик йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Мустаҳкам оила йили, Соғлом бола йили муносабати билан махсус давлат дастурлари қабул қилиниши элимиз саломатлигини асраш ва муҳофаза қилишда беқиёс аҳамият касб этди. Бугун эса "Соғлом она — соғлом бола" миллий концепцияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.

Тиббий хизмат сифатини юксалтириш масаласи  доимий эътиборда эканлиги боис илгари ҳатто тасаввуримизга ҳам сиғмаган янгиланишлар юз беряпти. Тиббиётнинг барча йўналишлари бўйича замонавий инфратузилма яратилганлиги бунинг тасдиғидир. Мисол учун, бирламчи тиббий санитария бўғинини олайлик. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллар қишлоқ жойларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича деярли ҳеч қандай шароит йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, ўша йиллари аҳоли орасида касалликка чалиниш даражаси анча юқори, юқумли хасталиклар бўйича вазият мураккаб бўлган. Энг ёмони, оналар ва болалар саломатлиги кўрсаткичи ниҳоятда ачинарли аҳволда эди. Бу муаммолар ечимини топишнинг энг мақбул йўли сифатида энг аввало, тиббий хизматни ислоҳ қилишга эътибор қаратилди. Ҳар бир кишининг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга устувор аҳамият берилди. Тегишли ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада қишлоқ жойларда уч мингга яқин ҚВПлар барпо этилиб, мазкур муассасалар янги тиббий технологиялар билан таъминланди. Ушбу ихтисосликда ишлайдиган умумий амалиёт врачларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими, шунингдек, патронаж ҳамширалик хизмати шакллантирилди. Буларнинг бари саломатлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг олдини олиш ва энг муҳими, кенг жамоатчиликнинг тиббий маданият даражасини юксалтириш имконини бермоқда. Шунингдек, аҳолига юқори сифатли диагностика ёрдамини кўрсатиш, она ва бола скринингги, перинатал хизматлар, шошилинч ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг замонавий тизими яратилгани улкан ютуқлар омили бўлаётир.

Ўтган йили ҳам бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, 141 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бу жараёнда аҳолига яқин бўлган тиббий бўғин — қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ва замонавий ташхис ҳамда даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишларига асосий эътибор қаратилди. Кўплаб туманларда тиббиёт бирлашмалари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар жараёнида соғлиқни сақлашнинг барча соҳаси қаторида ҳамширалик иши ҳам ривожланяпти. Юртимизда патронаж ҳамширалар фаолиятини рейтинг баҳолаш услуби тажриба тариқасида 2014 йили бошланган эди. Бир қатор тиббиёт муассасаларида синовдан ўтказилган ушбу янгича услуб ҳамширалик ишини ривожлантириш йўлида ўзига хос ёндошув сифатида намоён бўлди. Жорий йилдан бошлаб мазкур иш услуби мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалиётга татбиқ қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрдаги "Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 350-сонли қарори билан патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби хусусидаги қоида тасдиқланди. Унга мувофиқ, жорий йил 1 январдан бошлаб, 85 фоиздан юқори балл тўплаган ҚВП патронаж ҳамширалари маошига 5 фоиздан 20 фоизгача қўшимча тўланади.

Албатта, бундай имконият мавжуд 2994 та ҚВПдаги 16 минг нафардан зиёд патронаж ҳамшираларнинг ўз ишига бўлган муносабати ва меҳнат самарадорлигини, пировардида тиббий хизмат сифатини юксалтириш омили бўлаётир. Шу тариқа аҳоли соғлиғини сақлаш борасида салмоқли кўрсаткичларга эришилмоқда. Масалан, мамлакатимизда кейинги беш йил ичида ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришгани юртимизда узоқни кўзлаб олиб борилаётган узлуксиз ислоҳотларнинг самарасидир.

Агар дунёда кечаётган тиббий-ижтимоий жараёнларга чуқур назар солсак, ушбу ютуқларимиз салмоғи нечоғли юқори экани ўз-ўзидан аён бўлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг  маълумотига кўра: бугун тўлақонли тиббий ёрдам олиш, тўкис яшаш ҳуқуқи кафолатланмагани туфайли дунё миқёсида ҳар йили 5 ёшгача бўлган ўн миллион бола нобуд бўлмоқда. Ваҳоланки, камхарж, айни пайтда самарали интеграциялашган тиббий-ижтимоий чораларни қўллаш орқали ушбу нохуш ҳолатнинг олдини олишга эришиш мумкин.    

Камхарж, айни пайтда самарали интеграциялашган тиббий-ижтимоий чоралар... Бу, нафақат замонавий тиббий хизмат, балки қулай яшаш шароити, соғлом ва рационал овқатланиш имконияти, тоза ичимлик суви билан таъминланиш каби кўплаб долзарб масалалар ҳам эканлигини ёддан чиқармаслик керак. Юртимизда бу борадаги ҳар қандай муаммони кечиктирмай ҳал қилишга, одамларнинг ҳаёт сифатини оширишга астойдил ҳаракат қилиняпти.

Маълумки, дунё амалиётида илк бор мамлакатимизда ҳомиладор аёлларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан поливитаминлар билан бепул таъминлаш  жорий этилди. Бунинг самараси ўлароқ, асоратли туғруқлар, вазни кам болалар туғилиши сезиларли даражада камайди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил, 1 августда қабул қилинган "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарори мазкур йўналишда амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий лойиҳалар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Белгиланган долзарб вазифаларга мувофиқ,  болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи алоҳида аҳамиятлидир. Шу боис бугун  Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида касалликларни интеграллашган усулда даволашнинг жаҳон миқёсида тан олинган методлари кенг қўлланмоқда. Бу замонавий технология камхаржлиги, беморга тез ҳамда самарали тиббий ёрдам кўрсатишга асослангани билан педиатриянинг кўплаб долзарб муаммолари ечимини топишга хизмат қилаётир. Ҳаётга татбиқ этилаётган ана шундай кенг кўламли лойиҳалар самараси ўлароқ, 2005 йилдан буён ривожланишида туғма нуқсони бор болалар 1,3 баробарга камайди.

Кейинги йилларда спорт билан шуғулланадиган 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларимиз ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш 47,3 фоизга, пневмония бўйича 55,6, бронхит бўйича 61,7, сколиоз бўйича 45,5 фоизга камайгани биз эришган энг муҳим натижа сифатида  барчамизни қувонтиради.

Бу кўрсаткичлар юртимизда ҳар жиҳатдан баркамол авлод вояга етиб бораётгани, халқимизнинг соғлом авлод камолотини кўришдек эзгу орзуси ушалаётгани ифодасидир.

Соғлом она ва бола йилида бу сингари саъй-ҳаракатлар кўлами янада кенгайиб боради. Шу йил 9-февралда Президентимиз томонидан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” давлат дастурида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, перинатал ва скрининг марказлар, патронаж хизматларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини шакллантириш ҳамда юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ёш оналар ва болаларни парвариш қилиш борасида иш сифатини ошириш, оилада соғлом маънавий муҳит яратиш, қиз болаларнинг жисмонан соғлом ва юксак интеллектуал салоҳиятли бўлиб камол топиши, уларнинг академик лицей, касб-ҳунар коллежларида таълим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши масалалари дастурда долзарб вазифа сифатида қайд этилди. Навқирон авлод камолотини кўзлаб амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар келажагимиз пойдеворини янада мустаҳкамлашга ва эртанги фаровон ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Анвар АЛИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири.


Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы