Онлайн услуги
-
Опишите подробнее процедуру подписки на журнал
Подписка на журнал осуществляется через АК «Matbuot tarqatuvchi», ОАО “Узбекистон почтаси” и их филиалы, а та...
-
Можно ли скачать журнал в PDF формате?
Да, можно...
Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее
В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее
“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”
Ушбу шиор остида бутун мамлакатимиз бўйлаб йирик ижтимоий акция бошланди
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи давлат ижтимоий сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири этиб белгиланди. Ўтган йиллар давомида миллат генофондини яхшилаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш мақсадида соғлом авлод туғилиши ва унинг тарбияси учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, изчил ишлар амалга оширилди. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 1998 йил Оила йили, 2000 йил Соғлом авлод йили, 2001 йил Она ва бола йили, 2008 йил Ёшлар йили, 2012 йил Мустаҳкам оила йили, 2014 йил Соғлом бола йили, деб эълон қилингани ҳамда шу муносабат билан тегишли давлат дастурларининг бажарилгани бу борадаги эзгу ишларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бунинг самарасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Ушбу концепциянинг изчил амалга оширилаётгани туфайли кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.
Ўзбекистонда Соғлом она ва бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда ҳам бу борадаги изчил ишлар давом эттирилиб, янада кенгайтирилади.
2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 29 февралидан бутун мамлакат бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланади.
Анъанага мувофиқ, мазкур тадбир ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари иштирокида ўтказилади. Ушбу йирик ижтимоий тадбирни ташкил этишдан мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилиш ҳиссини кучайтириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдир.
Барчага аёнки, бугун Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, “2014 – 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида” ги Президент қарори моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур ҳужжат фарзандларимизни жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш, демакки, буюк келажак пойдеворини мустаҳкамлаш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлар намунаси эканлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Юртимизда 2016 йилга “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилгани эса бу борадаги эзгу ишларнинг яна бир мантиқий давоми бўлди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ижтимоий акция ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин.
Бутун мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтадиган навбатдаги ижтимоий акцияда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин етакчи олимлари ҳамда юксак малакали шифокорлари иштирок этишади. Улар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар.
Акция доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинади. Бу галги тадбир ҳам икки босқичда ташкил этилади. Дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказадилар. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги энг тажрибали мутахассислар иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
Қувонарлиси шундаки, бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис тиббий кўрикларни самарали ўтказишга муваффақ бўлинмоқда. Юқори малакали шифокорлар туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаёқ замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишяпти. Бу, албатта, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ривожи йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасидир.
Аниқ мисол билан гапирадиган бўлсак, биргина ўтган йили халқимизнинг соғлиғини сақлаш мақсадида 141 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм маблағ сарфланди. Республика болалар суяк-сил касалликлари санаторийси, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Қарши ва Самарқанд шаҳарларида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб туманларида тиббиёт бирлашмалари реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ва замонавий диагноз ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.
Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилаётир. Бу эса ўз навбатида, одамларнинг узоққа қатнаб овора бўлмаслиги, мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этади. Саломатлик ҳафталиги шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан юқори малакали мутахассисларнинг энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлар учун барча бирдек мамнун бўляпти.
Тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилади. Тадбир давомида пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинади.
Бу галги ижтимоий акция қамрови янада кенгайганлигини айтиш жоиз. Акцияда хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишади.
Энг муҳими, бу каби кўриклар туфайли кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, профилактик чора-тадбирларни сифатли ташкил этиш ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришилмоқда. Қолаверса, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён туриб, тажриба орттириш, соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, умуман, мутахассислар ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати