Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

04.09.2010

ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 19 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ ТАБРИК СЎЗИ

Ассалому алайкум, қадрли ­ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун гўзал ва бетакрор юртимизда буюк айём, катта тантана. Халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган ўз миллий мустақиллигининг ўн тўққиз йиллик байрамини баланд руҳ ва хурсандчилик ­билан кутиб олмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, барчамиз учун энг улуғ, энг азиз бўлган ана шу байрам билан сиз, азизларни, сизнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан табриклаш мен учун катта бахтдир.

Азиз дўстлар!

Бугун, шу қутлуғ айём арафасида Ватанимиз озодлигига эришиш, ҳеч кимга тобе ва қарам бўлмасдан, ўз тақдиримизни ўз қўлимизга олиб, юртимиз бойликларига, унинг табиий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятига эга бўлиш, бир сўз билан айтганда, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида халқимиз қандай оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтгани беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтади.

Биз бу йўлда ҳар қандай мураккаб ва таҳликали синовлар, тўсиқ ва ғовлардан ўтиб, ёвуз ва зўравон ҳаракатлар олдида бош эгмасдан, қанчалик қийин бўлмасин, ўз танлаган йўлимиздан қайтмадик, эзгу мақсадларимизга етиш учун қатъият ва матонат билан қадам қўйдик.

Бугун мустақил тараққиёт йилларида босиб ўтган, осон кечмаган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни, эришган ютуқ ва марраларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, холисона бир хулосага келишимиз табиийдир.

Яъни, бундан ўн тўққиз йил олдин юртимизда эркин ва мустақил демократик давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш, иқтисодиётимизни кескин ва чуқур ислоҳ этиш, аҳолимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кучли ижти­моий сиёсатни амалга ошириш бўйича қабул қилган азму қароримиз яккаю ягона тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.

Бунинг исботини, аввало, шу юртда яшаётган ҳар қайси инсон ўзи ва оиласи, яқинлари мисолида, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиб, обод бўлиб бораётгани мисолида яққол кўриши мумкин.

Бунинг тасдиғи сифатида ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирига қарамасдан, Ўзбекистон дунёдаги саноқли давлатлар қаторида иқтисодий ва ижтимоий ўсишнинг юқори ва барқарор суръатларини намоён этмоқда.

Охирги икки йил давомида мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсиш даражаси мос равишда 9 ва 8,1 фоизни ташкил этгани, бу йил эса 8,5 фоизни ташкил этиши кутилаётганининг ўзи кўпчиликнинг ҳайрат ва ҳавасини уйғотмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз эришган марраларни ўзимизга тасаввур қилиш учун қуйидаги рақамларни келтириш ўринли деб биламан.

1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, 2,5 баробар ошган, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди.

Яна бир рақам — Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва юртимизда инсон саломатлигини асраш, унга муносиб шароит яратиш ва ғамхўрлик кўрсатиш узлуксиз ўсиб бораётганининг тасдиғи сифатида аҳолимизнинг ўртача умр кўриш даражаси сўнгги йигирма йил давомида 67 ёшдан 73 ёшга етганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз: бундай натижаларга албатта бир-икки йил мобайнида эришиб бўлмайди.

Бу марраларни биз мустақиллик йиллари давомида халқимизнинг кундалик машаққатли ва ўта оғир меҳнати эвазига қўлга киритганмиз.

Шунинг учун бу мўътабар заминда истиқомат қилаётган ҳар бир юртдошимиз бу ютуқлардан ғурурланиб-фахрланиб яшашга тўла ҳақлидир.

Қадрли юртдошларим!

Бизнинг энг эзгу мақсад-муддаомиз — дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига киришдан иборатдир. Бунинг учун ўз моҳияти ва аҳамиятига кўра бир-бирига тенг, бир-бирини тўлдирадиган икки ҳал қилувчи вазифани амалга ошириш бизнинг доимий эътибор марказимизда ­туриши зарур.

Биринчидан, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни ва олиб борилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодий-ижти­моий ўсишимиз ва технологик ривожланишимиз суръатларини юксалтириш ҳисобидан Ватанимиз тараққиёти ва аҳолимиз фаровонлигини муносиб даражага кўтаришдир.

Иккинчидан, мамлакатимизни модернизация қилиш ва эркинлаштиришни, сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий тизимни демократик янгилашни, юртимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришни давом эттиришдир.

Биз бугун мана шундай буюк мақсадларни олдимизга қўяр эканмиз, чуқур англаб олишимиз зарурки, бундай орзу-интилиш мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб олиб бораётган сиёсатимизнинг мантиқий ва қонуний ­давоми бўлиб, бутун халқимиздан тинимсиз меҳнат ва куч-ғайратни сафарбар этишни талаб қилади.

Шу билан бирга, бу вазифа замон ўзгариши билан ҳар биримиздан дунёқарашимиз, онгу тафаккуримизни, сиёсий ва ҳуқуқий савиямизни юксалтириш, ён-атрофимизда бўлаётган воқеаларга дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришни, содда қилиб айтганда, бу гўзал ва бетакрор юрт — мен учун ягона Ватан, унинг бошидан кечираётган қувонч ва ташвишлари — менинг қувонч ва ташвишларим, деб, шундай ҳиссиёт билан яшашни талаб қилади.

Шу борада менинг энг катта умидим ва ишончим — мана шу муҳташам майдонга чирой бериб ўтирган сиз азиз фарзандларимда, сизнинг тимсолингизда бугун қувватга тўлиб, ҳеч кимдан кам бўлмайман, деб, замонавий билим ва тажрибаларни эгаллашга бел боғлаган, тобора ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётган ёш авлодда, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди. Бундай авлодни ҳеч қачон енгиб бўлмайди.

Мамлакатимизда 2010 йилга “Баркамол авлод йили” деб ном берганимизнинг ўзи айнан шундай эзгу орзу-ниятларимизни амалга ошириш йўлида, ҳеч шубҳасиз, яна бир қатъий қадам бўлиб қолажак.

Ишончим комил, кўпни кўрган, бошидан кўп синовларни ўтказган халқимиз чуқур англайдики, бундай юксак вазифалар ва олижаноб орзу-ниятларимизни амалга ошириш учун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни, осуда ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраш, жамиятимиздаги миллатлар ва динлараро тотувлик ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашимиз даркор.

Энг муҳими, минтақамизда, яқин ён-атрофимизда янги қарама-қаршилик ва тажовуз ўчоқларини аланга олдиришга ҳаракат қиладиган ҳар қандай кучлардан доимо сезгир, огоҳ ва ҳушёр бўлиб, бундай уринишларнинг олдини олиш ва бартараф этишга тайёр туришни бугунги нотинч ва таҳликали замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу нуқтаи назардан қараганда, жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкор бўлиб яшашни, барча узоқ ва яқин қўшниларимиз билан дўстлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашни биз ҳамиша энг долзарб вазифа деб билганмиз ва бундай сиёсатни албатта изчил давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда байрам қувончини биз билан баҳам кўраётган хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотларнинг вакилларига, муҳтарам меҳмонларимизга халқимиз номидан ҳурмат-эҳтиром билдириб, дунёдаги барча дўсту ҳамкорларимизга самимий салом ва тилакларимизни йўллашга рухсат бергайсиз.

Азиз ва қадрли ватандошларим!

Шу мунаввар оқшомда ҳаммангизни Мустақиллик байрами билан яна бир бор қутлар эканман, авваламбор, юртимизни тинч-омон сақлаб, асраб келаётган, эзгу ишларимизга ўзи мададкор бўлган Яратганимизга шукроналар айтиб, эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлмиш халқимизга бош эгиб таъзим қиламан.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз ­мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!


Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы