Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

20.08.2010

Она ва бола скрининги ирсиятни соғломлаштиришда муҳим омил саналади

Сўнгги йилларда республикамиз ҳукумати томонидан туғруқ ёшидаги аёлларнинг сихат-саломатлигига катта эътибор билан қаралмоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилнинг 18 июнида “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йилнинг 1 августида қабул қилинган “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги, “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларининг қабул қилиниб, ижросини таъминлаш юзасидан бажарилаётган ишлар самараси ҳам тасдиқлайди. Мазкур ҳужжатларнинг ижроси доирасида республикамизнинг турли ҳудудларида “Она ва бола” скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган марказларда чақалоқлар, ҳомиладор аёллар, оилаларга тиббий-генетик хизмат кўрсатилмоқда.
Скрининг марказларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва бу ҳақида кенг аҳоли оммасига тегишлича маълумотлар бериш мақсадида биз Республика Скрининг маркази директори Мадина Шарипова билан суҳбат уюштирдик.

– Мадина Каримовна, айтингчи, “тиббий скрининг” сўзи нимани англатади?

– Тиббий скрининг тушунчаси аҳоли орасида, аниқроғи чақалоқлар ва ҳомиладор аёллар орасида турли патологик (ривожланишдаги нуқсонли) ўзгаришларни аниқлаш учун хизмат қиладиган махсус текширувлар ўтказишни англатади. Аҳолининг алоҳида қатламларини қамраб олиш хусусияти жиҳатидан тиббий скрининг пренатал ва неонатал туркумларга ажратилади. Услубий жиҳатдан тиббий скринингни ультратовуш ёрдамида амалга ошириладиган, биокимёвий ва комбинациялашган турлари мавжуд.

– Репродуктив саломатликни таъминлашда “пренатал скрининг”ни аҳамияти қандай?

– Ҳомиладорлик даврида ҳар бир аёл бир қанча мутахассисларнинг назоратида турли тиббий кўриклардан ўтиши шарт. Бундан кўзланган мақсад она ва туғилажак боланинг саломатлигига зиён етказиши мумкин бўладиган потенциал хавф-хатарни аниқлаб, бу жараён ривожланишининг олдини олишдан иборат. Ҳомиладорлик даврида уюштириладиган тиббий текширувлар орасида скрининг текширувлари ҳам ўрин олган. Пренатал ёки туғруққа қадар текшириш ҳомиладорлик вақтида ҳомиланинг соғлиғини аниқлашга имкон беради. Туғруққа қадар текширувнинг асосий мақсади ҳомиладорлик давридан бошлаб туғма нуқсонли бола туғилиши ва кейинчалик ногиронликка олиб келиши мумкин бўлган касалликларни олдини олишдан иборат.

– Ҳомиладор аёлларни диагностик таҳлилдан ўтказиш чоғида скринингни қандай турларидан фойдаланилади?

– Ҳомиладорлик даврида пренатал скринингни биокимёвий ва ультратовуш ёрдамида амалга ошириладиган текширув усулларидан фойдаланилади. Ҳар икки тиббий кўрик услуби пировард натижада ҳомиланинг ривожланишида юз бераётган патологик ўзгаришлар (ривожланишда кузатиладиган алоҳида анатомик нуқсонлар)ни эртароқ аниқлашга хизмат қилади.

– Пренатал скрининг доирасида ультратовуш ёрдамида бажариладиган ва биокимёвий тиббий таҳлиллар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

– Ҳомиладор аёлларда пренатал текширувлар уч маротаба – ҳомила ривожланишининг 10-14, 16-20 ва 28-32 ҳафталарида ўтказилади.
Ҳомиладорликнинг I триместрида (10-14 ҳафталарида) пренатал текширувлар аёллар маслаҳатхонасида ёки қишлоқ врачлик пунктларида ўтказилади. Бунда ҳомиладорлик муддати, бир қатор оғир туғма нуқсонлар ҳамда ҳомиладорлик давридаги патологиялар аниқланади.
Ҳомиладорликнинг II триместрида (16-20 ҳафталарида) пренатал текширувлар ҳудудий Скрининг марказларида хавф гуруҳи (хавфли хасталикларга чалиниш эҳтимоли бор бўлган)га кирувчи ҳомиладор аёллар орасида ўтказилади. Ультратовуш текшируви (УТТ) ёрдамида ҳомиланинг ривожланишида учрайдиган турли хилдаги аномалиялар (ривожланишдаги анатомик нуқсонлар)ни аниқласа бўлади. Бу вақтда ҳомиладор аёллардан иккита оқсил: альфафетопротеин (АФП) ва одамнинг хорион гонадотропини (ОХГ) ҳолатини ўрганиш учун қон олинади. Ушбу оқсиллар миқдорининг меъёридан ортиши ёки камайиши ирсий касалликлар, жумладан, ҳомиланинг бош ёки орқа миясида туғма нуқсон борлигидан дарак бериши мумкин.
Ҳомиладорликнинг III триместрида (28-32 ҳафталарида) текширувлар натижасида ҳомиланинг ривожланишида кеч намоён бўлувчи туғма нуқсонларни аниқлаш имконияти пайдо бўлади. Бундай текширувлар Республика ихтисослашган Акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика Пренатал маркази филиалларида ўтказилади.

– Биокимёвий скрининг учун асос қилиб олинган кўрсаткичлар нимадан дарак бериши мумкин?

– АФП таркиби оқсиллардан иборат бўлган ва ҳомиланинг жигарида синтезланиб ҳомиладор аёлнинг қонига сўриладиган модда. Бу кўрсаткичларнинг юқори даражада бўлиши одатда бош ва орқа мияларнинг ривожланишида юз бериши мумкин бўлган оғир аномалиялардан дарак беради. Бундан ташқари, ҳомиладорликнинг кечишида пайдо бўлган турли хил салбий жараёнлар (ҳомиланинг тушиб қолиши, резус-зиддият (қондаги резус омилларининг ўзаро мос тушмаслиги), ҳомиланинг бачадонда нобуд бўлиши) аломати ҳам бўлиши мумкин. Бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, биттадан ортиқ ҳомилалик аёлларнинг қони таркибида альфафетопротеин даражасининг нисбатан юқори бўлиши физиологик меъёр ҳисобланади. АФП кўрсаткичи нисбатан паст даражали бўлса, у ҳолда ҳомиланинг ривожланишида кузатиладиган турли нуқсонлар (жумладан, Даун касаллиги аломатлари, йўлдошнинг анча паст жойлашганлиги, вазннинг меъёридан ортиб кетиши, қандли диабет, гипотиреоз ва бошқа хил оғир касалликлар) бўлиши мумкинлиги гумон қилинади.
Хорион гонадотропини йўлдош таркибига кирувчи оқсиллар жумласидан. Ушбу кўрсаткичлар ҳомиладорликнинг турли хил даврларида йўлдошнинг ҳолатидан дарак беради, баъзан эса ҳомила (йўлдош)нинг хромосом тўпламида қандайдир нуқсонлар пайдо бўлаётганини англатади. Йўлдош таркибидаги оқсиллар даражаси қандайдир сабабларга кўра ҳомиладорликнинг эрта тугаши мумкинлиги, йўлдошнинг турли инфекциялар билан зарарланганлиги, иммунологик миқёсда кузатиладиган алоҳида зиддиятли ҳолатлар мавжудлигидан хабар бериши, ҳомиладорликка ёмон таъсир кўрсатиши эҳтимоли бўлган бошқа сабабларни излаш учун етарлича асос ҳисобланади.
Хорион гонадотропини кўрсаткичи кескин ошиб кетиши баробарида АФП пасайиб кетса, бу Даун касаллиги ривожланаётгани аломати бўлиши мумкин.
Алоҳида олинган биокимёвий скрининг кўрсаткичларининг нисбий ўзгариши хавотир учун асос бўлолмайди. Объектив хулоса чиқариш учун турли хилдаги клиник маълумотлар таҳлилига қараш керак.

– Неонатал скринингни моҳияти нимада? Бу текширув қандай ўтказилади?

– Неонатал скрининг янги туғилган чақалоқларни оммавий тарзда тиббий кўрикдан ўтказишнинг ўзига хос тури бўлиб, унинг ёрдамида энг кўп тарқалган ирсий ва туғма касалликлар аниқланиши мумкин. Неонатал скрининг туфайли нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин бўладиган турли хил хасталикларни эрта аниқлаб даволаш, туғма гипотериоз ва фенилкетонурия каби оқибатда ногиронликка олиб келадиган бир қатор хавфли касалликлар ривожланишини олдини олса бўлади. Муддатига етиб туғилган чақалоқлардан ҳаётининг 4-5 куни, муддатидан олдин туғилган чақалоқлардан эса ҳаётининг 7-14 кунлари таҳлил учун қон олинади. Бунинг учун уларни товонидан бир неча қон томчиси олиниб махсус қоғозларга шимдирилади ва скрининг марказларига юборилади. Қон олиш муолажасини саҳарда оч қоринга (гўдак эмизилганидан кейин 2-3 соат ўтгач) амалга ошириш керак. Скрининг марказида махсус лаборатория ускуналарида қон таҳлили ўтказилади. Таҳлил давомида аниқланадиган ўзгаришлар қандайдир касаллик ривожланаётганидан дарак берса, чақалоқ онаси билан скрининг марказига қайта текшириш учун чақиртирилади. Қайта текшириш натижасида тахмин қилинаётган касаллик тасдиқланса, даволаш муолажалари тайинланади. Шу йўл билан оғир касалликни жумладан, ақлий заифликнинг олди олинади.

– Мадина Каримовна, ногиронликни келтириб чиқариши мумкин бўлган асосий касалликларга қисқача таъриф бериб кетолмайсизми?

– Туғма гипотиреоз – қалқонсимон без фаолиятининг етишмовчилиги билан характерланадиган касаллик бўлиб, ўз вақтида аниқланмаса ва даво чоралари кўрилмаса, оғир жисмоний нуқсонларни келтириб чиқаради ва ақлий заифликка олиб келади. Бу касалликда бола муддатидан ўтиб туғилади, тана вазнининг меъёридан ортиши, меконий (чақалоқдан илк маротаба ажраладиган нажас)нинг кеч келиши, сурункали тус олувчи сариқлик кузатилади. Бундан ташқари, бола уйқучан, жуда нимжон ва ҳолсиз бўлиб қолади, киндик соҳасида чурра пайдо бўлиши мумкин. Чақалоқ ҳаётининг дастлабки 3 ойида иштаҳанинг пасайиши, ютишнинг қийинлашиб қолиши, метеоризм (қориннинг дам бўлиши), терининг ҳаддан ташқари қуриб кетиши, овознинг пастлиги, тилнинг меъёридан ошиқлиги, бурун орқали нафас олишнинг қийинлашиши каби аломатлар кузатилади. Чақалоқ жисмоний ва ақлий ривожланишда орқада қолади.
Фенилкетонурия – ирсий касаллик бўлиб, наслдан-наслга яширин ҳолда ўтади, бир қарашда соғлом ота-онадан касал фарзанд туғилади. Касаллик белгилари асосан боланинг 2-6 ойлигида намоён бўлади. Касалликнинг дастлабки белгиларидан бири ҳолсизлик, атрофдаги нарсаларга бефарқлик, айрим ҳолларда таъсирчанликнинг ортиши, безовталик, мушаклар таранглигининг бузилиши (гипотония), талваса тутиши, руҳий ривожланиш ва нутқнинг орқада қолиши кузатилади.
Суҳбатимиз якунида муҳтарам аёл ва қизларимизга мурожаат этмоқчиман. Ҳозирги вақтда тиббиёт соҳасидаги ютуқларимиз жуда кенг имкониятларга йўл очиб бермоқда. Ҳомиладорлик даврида аёл организми ҳамда ҳомиланинг ривожланиш жараёнлари шифокорлар назоратида бўлса, юз бериши мумкин бўлган турли муаммоларнинг олдини олиш, она ва бола саломатлигини кафолатлаш мумкин.



Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы