Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

10.08.2010

Боғларга туташ ҚВП

Тошканбой Исмағулов — болалар шифокори. У Нукус тумани, “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғинига қарашли “Ўрнек-1” қишлоқ врачлик пунктида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатиб келади. Содда, одми одам. Болалар— жону дили. Улар касал бўлмаса, дейди. “Дунёда бола қийқириғидан ҳам чиройлироқ наво бормикин?” дея қўшиб қўяди яна. Кичкинтойларни иш жойида қабул қилгани етмагандек, дори-дармон тўла сумкасини кўтариб, овулма-овул, хонадонма-хонадон юради. Ишга келаётиб ҳам, кетаётиб ҳам камида уч-тўрт хонадонга бош суқиб ўтади.
— Гулпаршин, болангнинг иссиғи тушдими? Қани, у азаматни бир ¬зиёрат этайлик-чи? — дейди ёш ¬келинчакка.
Ҳовлида ўйнаб юрган тўрт-беш ёшлар чамасидаги ўйинқароқ болакай онаси чорлови билан шифокор қошига келади. Салом бериб, худди катталардек Тошканбой оға билан тарсиллатиб қўл олишади. Оға ундан ҳол-аҳвол сўрайди. Ке¬йин шу ернинг ўзида боланинг кўзини, тилини кўздан кечиради. Юраги, ўпкасини эшитиб кўради.
— Яхши! — дейди мамнунлик билан. — Лекин бундан ҳам зўр бўлишинг керак. Бунинг учун дориларни қолдирмасдан, мунтазам ичгин. Зах жойда ўйнама. Вақтида овқатлан, ухлагин. Хўпми, улим!
Бола бош ирғайди. Тошканбой оға Гулпаршинга юзланади.
— Эрталаб сут қайнатиб бер. Озгина сариёғ қўшиб берсанг янаям яхши. Кўпроқ енгил, суюқ овқат ичсин. Толиқиб қолмасин. Ҳушёр бўл!
Шифокор яна йўлида давом этади.
Тошканбой оға ишлайдиган “Ўрнек-1” қишлоқ врачлик пункти бир неча тарқоқ овулларнинг қоқ ўртасида жойлашган. Унда уч нафар олий маълумотли шифокор, ўн олти нафар юқори малакали ўрта тиббиёт ходими оз эмас — 6448 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Қишлоқ врачлик пункти 2003 йилда типовой лойиҳа асосида қуриб битказилиб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда, ҳатто, компьютергача бор.
— Овулларимиздаги аҳоли, болалар, оналар саломатлиги доимий диққат-эътиборимизда, — дейди врачлик пункти мудираси Айгул Қалжанова. — Кундалик қабулдан ташқари, ҳар бир овулга ходимларимизни биркитганмиз. 1775 нафар туғиш ёшидаги аёл, 400 нафар қиз, 1867 нафар 14 ёшгача бўлган бола, 397 нафар қария ҳисобимизда туради. Уларни ҳар ой тиббий кўрикдан ўтказамиз. Лозим бўлса, тумандан, вилоятдан юқори малакали мутахассисларни чақирамиз. Болаларни турли касалликларга қарши мунтазам эмлаб борамиз. Тез-тез овул, маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, касалликларнинг олдини олиш, соғ¬лом турмуш тарзини шакллантириш бўйича суҳбатлар ўтказамиз...
— Овулга янги ишга келган пайт¬ларим кечагидек кўз ўнгимда, — дейди Тошканбой оға. — Шунга ҳам қирқ йил бўлаёзибди. У пайтлар эски мактабнинг каталакдек бир хонасида жойлашгандик. Бор жиҳозимиз — бир эски шкафимиз, қийшайган, ўтирсанг қисирлаб турадиган стол-стул, термометр билан танометрдан бошқа ҳеч вақомиз йўқ. Дори-дармонни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Сал ўтмай “ўзимизга керак” деб мактабнинг ўша бир хонасини ҳам олиб қўйишди, дори-дармон солинган кичик жомадонимизни кўтарганча кўчада қолдик. Қаердаки, ташландиқ бино бўлса, ўша ерга кўчиб-қўниб юрдик. “Аҳволинг не?” дейдиган одамнинг ўзи бўлмади. Мана, энди қаранг, шаҳарнинг энг замонавий шифохонасида қандай шароит, имконият бўлса, шу бизнинг қишлоқ врачлик пунктимизда ҳам бор. Ташхис қўядиган аппарат, физиотерапия хоналари, ҳамма жиҳозлари бекаму кўст лаборатория, ЭКГ, муолажа хонаси, туғиш ёшидаги аёллар хонаси, болалар хонаси... Фитобар... турфа препаратлар... Яна нима керак?!
Яқинда қўшни Кегайли туманидаги Жузумбоғ овулида жойлашган қишлоқ врачлик пунктида бўлиб, ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиб қайтдик. Қаранг, етти ухлаб тушингизга кирмаган янгилик. Врачлик пунктида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури бўйича қуёш батареяси ўрнатилибди. Бу батареялар қуёшдан электр қуввати олиб, бутун бир бинони иситиб беради. Врачлик пунк¬тида ёз тугул, қаҳратонда ҳам кўйлакчан юраверасиз, иссиқ сув, совуқ сув узилмайди. Мўъжизанинг ўзгинаси. Боз устига, қишлоқ врачлик пунктининг икки гектарлик боғи ҳам бор экан. Мева-сабзавот дегани пишиб, тагига тушиб ётибди.
— Таъмирга, майда-чуйда харажатларга маблағ деб ҳомий истаб юрмаймиз, — деб тушунтирди бизга қишлоқ врачлик пункти мудираси Жангилсин Ермекбаева.— Боғимиздан олган даромадимиз ҳаммасига етади.
Қаранг, қандай ишлар бўлаяпти!
Куни кеча ҚВПмизга Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Отажон Ҳамроевнинг ўзи келиб қолди. Воҳадаги қишлоқ врачлик пунктлари аҳволини кўриб, ўрганиб юрган экан. Бир пиёла чой устида гурунглашиб қолдик.
— Қишлоқ аҳли репродуктив саломатлигини яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаб даволаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза этиш борасида аниқ дастуримиз бор, — дейди Отажон Каримович. — Ҳар йили йигирматадан қишлоқ врачлик пунктини намунали ҚВПга айлантиришга қарор қилганмиз. Ўтган йил учун белгиланган режамизни муваффақиятли бажардик. Бу борада бизга республикамизга биркитилган Тошкентдаги кўз микрохирургияси маркази мутахассислари амалий ёрдам беришди. Изланишларимиз ўз самарасини кўрсатмоқда. Ўзбекистон миқёсида ўтказилган “Энг намунали ҚВП” кўрик-танловида Эллик¬қалъа туманидаги “Ибн Сино” қишлоқ врачлик пункти фахрли 1-ўринни олиб, “Дамас” енгил автомобили билан тақдирланди. Бу йил ҳам 20 та қишлоқ врачлик пунк¬тини намунали ҚВПга айлантириш устида иш олиб бораяпмиз.
Ҳозир Қорақалпоғистон Республикасида 3557 нафар олий маълумотли шифокор фаолият кўрсатаяпти. Бу ҳар 10 минг нафар кишига қарийб 21 нафар врач тўғри келаяпти, демакдир. Албатта, бу кам. Марказдан олис Мўйноқ, Тахтакўпир, Шуманай туманларида малакали тиббиёт ходимларига эҳтиёж бор. Ҳисоб-китобларимиз бўйича сўнгги 2-3 йил ичида мазкур муаммо ҳам ижобий ҳал этилади. Ўтган бир йилнинг ўзида сафимизга 150 нафар олий маълумотли мутахассис келиб қўшилди. Жорий йилдан бошлаб ўзига хос янгиликка қўл урмоқчимиз. Янгитдан реконструкция қилинаётган 10 та қишлоқ врачлик пунктимизда 4 тадан хонани жиҳозлаб, олий маълумотли, юксак малакали шифокорларимизни оилалари билан шу ерда истиқомат қилишларига шароит яратиб бермоқчимиз. Бу, ўз навбатида, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, одамларга янада қулайлик яратиш имконини беради. Хўш, сиз бунга нима дейсиз, оқсоқол, шундай қилсак яхши бўладими? — деб сўраб қолди вазиримиз.
— Албатта, яхши бўлади, — дедим мен.
— Оқсоқол, қандай муаммолар бор, айтинг,— деб қолди кейин у.
— Муаммо шуки, иним, — дедим мен, — бизнинг “Ўрнек-1”даги шу ҚВПмиз етти-саккизта овулга хизмат қилади. Одамлар, чол-кампирлар, болали аёллар ўн, ўн беш километрдан келишади. Биз ҳам шунча йўл босиб, гоҳ пиёда, гоҳ йўловчи машинага илиниб, улар ҳузурига борамиз. Шу... иложи бўлса, бизнинг ҚВПга битта “Тез ёрдам” машинаси ажратиб берсанг, роса савобнинг тагида қолган бўлардинг-да...
— Бу жуда қийин масала, — деди Отажон, — ҳар 10 минг аҳолига битта “Тез ёрдам” деган жойи бор. Шундай бўлса ҳам, мен ҳаракат қилиб кўраман. “Тез ёрдам” бўлмаган тақдирда ҳам, бирорта енгил машина ажратармиз...
Энди айтинг, ҳеч жаҳонда вазирнинг ўзи келиб, бир чекка овулдаги оддий дўхтирдан ҳол-аҳвол сўраганми, бунинг устига, маслаҳат сол¬гани-чи?! Муаммоларимиз билан қизиққани-чи?!
Назаримда, шунинг ўзи ислоҳот! Шунинг ўзи кўпларга ибрат қилиб кўрсатишга арзийдиган воқеа. ¬Мустақиллик нафақат оддий халқ, балки раҳбарларимизнинг ҳам ¬дунёқарашини, иш услубини ўзгартирди. Уларни ўз хоналарини тарк этиб, одамлар ҳузурига боришга, улар дардига қулоқ тутишга ўргатди. Юртбошимизнинг ўзи бу борада катта-кичик раҳбарларга ибрат намунасини кўрсатаяпти. “Элнинг дарди-ташвиши билан яшайлик”, деяптилар.
Сўзимни мухтасар қиладиган бўлсам, Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлганидек, аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида ҳам асрларга татигулик улуғвор ишлар қилинди. Тиббиётимизнинг ¬дунёни лол қолдирадиган даражада илгарилаб кетганини-ку, айтмай қўяқолай, энг муҳими, тиббиёт ¬халққа яқинлашди. Инсон, унинг ¬сиҳат-саломатлиги биринчи даражали, давлат аҳамиятига молик юмушга айланди. Янг¬лишмасам, бизнинг Қорақалпоғис¬тон Ўзбекистондаги энг ҳудуди катта воҳа. ¬Туманларимиз, овулларимиз бири-биридан олис. Овулларимиздаги мустақиллик йилларида қад ростлаган қишлоқ врачлик пунктлари аҳоли жонига оро кираяпти, узоғини яқин, мушкулини осон қилаяпти.
Йўқ, баландпарвозликка йўйманг. Буларнинг ҳаммаси улуғ ¬Истиқлолимиз шарофати билан, мард, доно Президентимизнинг халқпарвар сиёсати, фидойиликлари туфайли рўй бераяпти. Ана шуларни ўйласам, тўлқинланиб кетаман. Ўзининг буюк келажаги сари дадил бораётган шу катта мамлакатнинг, шу катта карвоннинг бир зарраси эканимдан, шу сафда, тарих яратаётган бунёдкор одамлар сафида эканимдан қалбим қувончларга тўлади. ўурур, ифтихор ҳисси вужуд-вужудимни эгаллаб олади.
Ҳидоят АҲМЕДОВ,
Али ЗИЁДОВ.
(“Халқ сўзи” газетасидан олинди).



Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы