Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

07.08.2010

Репродуктив саломатликда витаминларнинг аҳамияти

Она ва боланинг саломатлиги учун нафақат фоли (фолат) кислотаси балки ундан бошқа бир қатор витаминлар ҳамда минерал моддалар зарур бўлади. Ушбу мақоламизда репродуктив саломатлик учун талаб этиладиган витаминлар ҳамда минераллар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Ҳозирги вақтда дорихоналарда драже ёки капсула шаклидаги, сув ёки ёғ таъсирида эрийдиган, мульти- ва поливитаминлар, турли хилдаги минераллар билан бойитилган витаминларни учратиш мумкин. Сихат-саломатликни ёки гўзалликни таъминлаш, тери, соч ва тирноқларнинг аҳволини яхшилаш учун мўлжалланган, бундан ташқари, аёлларга, эркакларга ва болаларга тавсия этиладиган алоҳида гуруҳдаги витаминлар ишлаб чиқарилган. Хуллас, дорихонадан истаган хилдаги витаминларни топишинг мумкин.

Тиббиётга оид турли хил манбаларда “витамин” тушунчасига турлича изоҳ беришади. Баъзи бир манбаларда витамин – “организмнинг функционал фаолияти учун муҳим саналадиган, ҳаёт кечириш учун зарур биокимёвий ва физиологик жараёнларни тартибга солишда ўта аҳамиятли бўлган органик моддалар”, деган изоҳ берилса, бошқа манбаларда – “организмда махсус ишлаб чиқарилмайдиган ва ташқи муҳитдан озуқа шаклида ўзлаштириладиган эссенциал (ўрнини бошқа нарса босолмайдиган) моддалар”, “организмга овқат билан бирга тушадиган ва у ерда турли хилдаги регуляторлик (ҳар хил жараёнларни тартибга солувчи) функцияларини бажара оладиган биомолекулалар” деган сўзларни учратасиз.

Илм-фан соҳасига “витамин” тушунчаси поляк олими Казимир Функ томонидан 1912 йилда жорий этилган бўлиб, лотинчадан олинган – “vita” (ҳаёт) ва “amine” (азот) сўзларининг бирикишидан ҳосил этилган. Эътироф этишимиз лозимки, бугунги кунда одамларга маълум бўлган барча турдаги витаминларнинг таркибида азот мавжуд эмас. Қолаверса, илмий ва иқтисодий тараққиёт жуда юксак босқичга етган бизнинг замонамизда табиий витаминлардан ташқари сунъий йўл билан синтез қилиб олинадиган витаминлар ҳам мавжуд. Уларнинг ўртасида фарқ хусусидаги фикр-мулоҳазаларни мухтасар қилиб шуни айтмоқчиманки, табиий озуқа маҳсулотларининг таркибида учрайдиган витаминлар организм учун фойдалироқ, чунки уларнинг кимёвий тузилиши организмдаги кимёвий жараёнларга мос тушади, шу сабабли уларнинг тўлиқ ўзлаштирилиши нисбатан енгил кечади. Аммо овқат тайёрлаш чоғида бу витаминларни тўлиғича сақлашнинг имкони ниҳоятда чегараланган. Айрим табиий витаминлар термик ишлов берилганида, бошқалари узоқроқ сақланганида, яна баъзилари сув ёки ёғ таъсирида парчаланиб нобуд бўлади. Сунъий йўл билан ишлаб чиқарилган витаминларнинг организм томонидан ўзлаштирилиши қийинроқ кечишидан ташқари, улар келтириб чиқариши мумкин бўладиган айрим патологик оқибатлар тўлиқ ўрганилмаган. Табиий ва сунъий витаминларнинг таъсир самарасидаги тафовутлар сабабини мутахассис олимлар кўп жиҳатдан улар таркибидаги молекулаларнинг изомерик хусусиятлари билан боғлаб изоҳлашади.

Ҳар ҳолда одам организми учун витаминларнинг аҳамияти беқиёс. Токи шундай экан, сиҳат-саломатлиги ҳақида қайғурадиган киши нима қилиши керак, деган ўринли савол туғилади. Биринчи навбатда тўғри овқатланишга одатланиш лозим. Бошқача қилиб айтганда, кундалик овқатланиш давомида организмга оқсиллар, ёғлар, углеводларнинг зарур миқдори тушишини таъминламоқ даркор. Бунинг учун эса кундалик рационимизга сархил сабзавотлар, мевалар, турли хилдаги кўкатлар, уй ҳайвонлари ва дон маҳсулотларини киритишимиз керак. Шунда ҳам организмга қандайдир витаминлар етишмаётганлиги маълум бўлса, у ҳолда витаминлар комплексини тузиб, уларни кундалик озиқ-овқатга қўшимча тарзида истеъмол қилишга ҳаракат қилинг. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман, организм учун витаминлардан ташқари магний, темир, калий, рух, мис, марганец каби турли хилдаги микроэлементлар ҳам жуда зарур.

Витамин ва микроэлементлар танқислиги ҳомиладорлик даврида айниқса кучаяди. Бундай вақтда турли хилдаги витаминлар ҳамда микроэлементларни керакли меъёрларда истеъмол қилиш туғруқ ва ундан кейинги муайян давр давомида аёл, ҳомила организмининг нормал ривожланиши, сиҳат-саломатликнинг барқарор сақланишини кафолатловчи муҳим омилга айланади. Яна бир бора таъкидламоқчиманки, ҳомиладорлик ва эмизуклик даврларида тўғри ва рационал овқатланишга жиддий эътибор бериш керак. Шуни ҳисобга олган ҳолда репродуктив саломатлик учун аҳамияти жуда катта бўлган витаминлар ҳамда микроэлементларга қисқача тавсиф бериб кетмоқчиман.

Витамин А (ретинол) - плацента (йўлдош)нинг ривожланиши чоғида юз бериши мумкин бўлган турли хил физиологик камчиликлар, туғруқдан кейинги даврда пайдо бўладиган инфекцион касалликларнинг олдини олиш учун жуда аҳамиятлидир. Бу турдаги витаминнинг етишмаслиги оқибатида дерматит (терининг яллиғланиши боғлиқ турли хил касалликлар), қоронғуликда кўриш қобилиятининг пасайиб кетиши, тирноқларнинг мўртлашуви, конъюнктивит (кўз шиллиқ пардасининг яллиғланиши билан боғлиқ) каби хасталиклар ривожланиш эҳтимоли ошади. Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб, айниқса ҳомиладорликнинг сўнгги 8 ҳафтаси мобайнида аёл кишининг рационига ретинолга бой бўлган маҳсулотларни киритиш лозим. Витамин А денгиз балиқлари, уй ҳайвонларининг жигари, тухум, сариёғ, сут, сабзида жуда кўп бўлади. Бу хилдаги витаминнинг организм томонидан ўзлаштирилиши енгилроқ кечсин учун маҳсулотларни ёғда қовуриб истеъмол қилган фойдалидир.

Витамин В1 (тиамин) – унинг етишмаслиги оқибат натижада овқатни ҳазм қилиш функциясининг издан чиқишига, мушаклар таранглашувининг сусайишига, турли хилдаги, шу жумладан, юрак соҳасидаги оғриқларнинг пайдо бўлишига, олиб келади. Тиамин нон маҳсулотлари, хамиртуруш, дуккакликлар, жайдари ун, турли хил ёрмалар, гўшт, жигар таркибида кўп бўлади.

Витамин В2 (рибофлавин) – бу турдаги витамин ферментлар (оқсил табиатли катализатор) таркибига киришидан ташқари, организмнинг тўқималари негизида кузатиладиган модда алмашинуви жараёнларига, жигарнинг фаолиятига таъсир кўрсатади. Унинг етишмаслиги сабабли кўриш қобилиятининг сусайиши, лаблар атрофининг ёрилиши, оғиз бўшлиғи ва тил шиллиқ қаватининг яллиғланиши юз бериши мумкин. Рибофлавин сут маҳсулотларида, тухумда, жигар ва гўшт маҳсулотларида, айниқса хамиртурушда жуда кўп бўлади.

Витамин В5 (кальций пантотенат) – у коэнзим Анинг таркибига кирувчи муҳим элементлардан бири бўлиб, жуда кўп биологик фаол моддалар ҳамда гормонларда юз берувчи моддалар алмашинувини таъминлайди. Кальций пантотенат жигарда, турли хил ёрмалар кепагида ва хамиртурушда жуда кўп бўлади.

Витамин В5 (пиридоксин)у ҳужайралар миқёсида кечадиган аминокислота, углевод ва ёғлар алмашинувида иштирок этади. Бу витаминнинг етишмовчилиги оқибатида хейлоз (лабларда вертикал йўналишдаги ёриқлар), астеник синдромнинг пайдо бўлиши, иштаҳасизлик, кўнгил айниши, анемия (камқонлик) ривожланиши мумкин. Пиридоксин хамиртурушда, дуккакликлар, буйрак, мол гўшти, тухум сариғи, сутда кўп бўлади.

Витамин В9 (фоли кислотаси) – камқонликка қарши ишлатиладиган муҳим элементлардан бири саналади. Фолат кислота ҳужайраларнинг бўлиниши, турли хил аъзо ва тўқималарнинг, ҳомиланинг меъёрда ўсиши ва ривожланиши, қон ҳосил бўлиш жараёнларининг тўғри кечиши учун зарур. Фолат кислота эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитларнинг шакланишида фаол қатнашади. У туғруқ даврининг меъёрда ўтишида ниҳоятда катта аҳамият касб этади.

Витамин В12 (цианкобаламин) – бир қатор аминокислота, оқсил ва рибонуклеин ксилоталарнинг синтезланиш жараёнида фаол иштирок этади. Цианкобаламин танқислиги камқонликка олиб келиши мумкин. Бу хилдаги витамин қорамол жигари, буйраги, юраги, тухум сариғи, гўшт ва пишлоқда кўп бўлади.

Витамин В15 (кальций пангамат) – организмдаги моддалар ва липидлар алмашинувига, тўқималарнинг кислород билан таъминланишига ёрдам қилади, гипоксия (кислород танқислиги)нинг салбий оқибатларини чеклайди. Кальций пангамат жигар ва турли хил ўсимликларнинг уруғи таркибида жуда кўп.

Витамин С (аскорбин кислота) – нуклеин кислоталарнинг алмашинуви, стероид гормонларнинг синтези ва алмашинуви, организмнинг турли хилдаги инфекцион касалликларга қаршилик кўрсатиш механизми фаолияти учун жуда муҳим. Бу турдаги витамин етишмаслиги оқибатида милкларнинг қонаши, терининг қуруб қолиши каби нохуш аломатлар пайдо бўлади. У қорағат (қора смородина), қизил наъматак, қулупнай, кўк пиёз, рангли ва оқ карам, помидор, исмалоқ, шивит, петрушка ва бошқа хилдаги сабзавот ва меваларда учрайди.

Витамин D (кальциферол) – организм фаолияти учун зарур бўлган кальций ва фосфор моддаларининг алмашинувида қатнашади. Асосан уй ҳайвонларининг гўштидан тайёрланган маҳсулотлар, сариёғ, тухум сариғи, мол ва треска балиғининг жигарида кўп бўлади.

Витамин Е (токоферол) – мушак тўқималарининг фаолияти меъёрида кечишига ёрдам беради. Бу турдаги витамин ички секреция, жинсий аъзо ва қалқонсимон безлари тизими, гипофиз (бош мия пастки ортиғи)нинг функционал фаолиятига катта таъсир кўрсатади. Токоферол етишмаслиги оқибатида ҳомиладорлик даври тугалланмай қолиши мумкин.Бу хилдаги витамин организмга ўсимлик (пахта, писта, соя ва ҳоказо) ёғлари, гречка ва сули ёрмаси, пишиб етилмаган дуккакликлар, кўк нўхат, яшил салат барглари, жигар, буйрак, сут таркибида мўл.

Витамин Р – қон томирлари деворининг эластиклигини оширади. Қорағат, апельсин, лимон, узум, наъматак, салат ва петрушкада сероб.

Витамин РР (никотин кислота) – моддалар алмашинувида, оксидланиш жараёнларида муҳим роль ўйнайди. Организмда никотин кислота етишмаса глоссит, диарея (ич кетиши),терининг шўралаши, астеник синдром, мушакда сезиладиган оғриқлар пайдо бўлади. Витамин РР табиатда жуда кенг тарқалган бўлиб, у қуруқ хамиртуруш, ёнғоқ, дуккакликлар, дон маҳсулотлари, картошка, қорамол жигари ва гўшти, тухумда кўп.

Витамин N (липоин кислота) – ко-ферментлар гуруҳига кирувчи мазкур витамин организмдаги углеводлар, оқсиллар ва липидларнинг парчаланиши, ёғ кислоталарининг оксидланишида муҳим роль ўйнайди. Бундан ташқари, организмдаги моддалар алмашинуви жараёнининг тезлигини оширишга, қон таркибидаги қанд даражасининг пасайишига, бош мия ҳужайраларининг кислородни ўзлаштиришига ижобий таъсир қилади. Липоин кислота хамиртуруш, жигар, буйрак, юрак, мол гўшти ва сут маҳсулотларида кўп бўлади.

Витамин U (метилметионин сульфоний) – турли хил аъзоларнинг шиллиқ қавати ҳолатига, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасининг битишига ижобий таъсир қилади. Бу турдаги витамин карам, помидор, кўк чой, ҳар хил сабзавот ва мевалардан тайёрланган шарбатлар таркибида кўп бўлади.

Витамин К (филлохинонлар) – қоннинг ивишига ёрдам қилади. Бу турдаги витамин тақчиллиги бурун, милк ва бошқа аъзолардан қон оқишига, петехия, геморрагия каби нохуш оқибатларга олиб келади. Филлохинонлар яшил салат баргларида, карамда, қичитқи ўт таркибида кўп бўлади.

Илгари айтиб ўтганимдек, репродуктив саломатлик учун витаминлар билан бирга бир қатор минерал моддалар ҳам талаб этилади. Уларга ҳам қисқача тавсиф бериб кетамиз.

Кальций тузи организмнинг суяк тўқималари таркибига кирувчи (99 фоизигача) элементлардан бири бўлиб, қон таркибига киради, унинг қуйилишига, асаб-мушак тизимининг фаолияти меъёри бўлишига ёрдам беради. Организм томонидан нисбатан енгил ўзлаштирилиши мумкин бўладиган кальций тузи сут маҳсулотлари (пишлоқ, сузма), тухум сариғи, жавдар (қора) буғдой унидан тайёрланган нонда кўп бўлади. Кальций тузининг ўзлаштирилиши организм учун муҳим бўлган бошқа хилдаги тузлар ва айниқса, фосфор, магний каби кимёвий элементларнинг ўзаро нисбатига, организмда D витаминининг меъёрига боғлиқ бўлади. Шифокор шунга зарурият туғилса ҳомиладор аёлга кальций препаратларидан (масалан, глюконат кальций таблеткаларини) истеъмол қилишни тавсия этиши мумкин. Аммо шуни унутмангки, туғиш муддатига 3-4 ҳафта қолганида кальций препаратларини қабул қилишни тўхтатиш зарур. Акс ҳолда ҳомиланинг бош мия суяклари жуда эрта мустаҳкамланиб қолади.

Фосфор тузлари организмдаги суякларнинг шаклланишида иштирок этади, ҳужайра ферментларини ҳосил қилувчи, организмда биокимёвий жараёнларнинг меъёрида кечиши учун зарур бўлган, ўзида энергияни сақловчи (АТФ – аденозинтрифосфат кислота) органик бирикмаларнинг таркибига киради. Фосфор балиқлар, денгиз маҳсулотлари, пишлоқ, сузма, сут, ёнғоқлар, нон, ловия, нўхат, сули ва гречка ёрмаларида кўп бўлади.

Магний тузи энг аввало фосфор тузи билан узвий алоқадорликда бўлади. Магний тузлари органик синтез жараёнларида иштирок этувчи ферментларнинг фаоллигини оширади. Бу элемент асосан суяк тўқималарида йиғилган. Бу турдаги минералнинг етишмаслиги оқибатида асаб тизими ва мушакларнинг фаолияти издан чиқиши мумкин. Магний тузи яхши ишлов берилмаган ун, гречка ва сули ёрмалари, ловия, нўхат таркибида кўп бўлади.

Темир, мис, кобальт организмдаги қоннинг ҳосил бўлишида, шунингдек, оксидланиш жараёнларида муҳим роль ўйнайди. Кобальт витамин В12 нинг таркибига киради. Номи зикр этилган минераллар уй ҳайвонларининг жигари, тухум сариғи, гўштда кўп бўлади. Темир моддаси салат, шпинат, қора олхўри, олма, грейпфрут, лимон, сули ва гречка ёрмалари, жавдар буғдой унидан тайёрланган нонда кўп бўлади. Мис ёнғоқлар, дон маҳсулотлари ва дуккакликлар таркибида кўп бўлади. Кобальт хамиртуруш, сули ёрмаси, қизилча, қулупнай, қизилғат (қизил смородина), буйраклар таркибида бор.

Йод қалқонсимон безнинг фаолияти учун муҳим бўлган гормонларни шакллантиришда қатнашади. Йод моддасининг танқислиги оқибат натижада ҳомила қалқонсимон безининг шаклланишига салбий таъсир қилади, хаста бола туғилиши эҳтимоли ошади. Ушбу микроэлемент денгиз ўтлари ва балиғи, гўшт, тухум, сутда, қизилча, яшил салат барглари, сабзи, картошка, карам, бодринг, олма, узум, олхўри каби мева ва сабзавотларда кўп.

Калий тузи организмдаги турли хил ҳаётий жараёнларда иштирок этади. Калий айниқса юрак - қон томир тизимининг фаолияти учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Бундан ташқари, у сийдик чиқариш тизимининг фаолиятини яхшилайди, пластик жараёнларда, углеводлар метаболизмида, энергиянинг алмашинувида фаол қатнашади. Калий тузининг таъсири билан белгиланадиган бу жараёнлар ҳомиладорликнинг меъёрида кечиши учун жуда аҳамиятлидир. Калий тузи олма, олхўри, ўрик, шофтоли, туршак, майизда, шунингдек, духовкада пиширилган картошка, сули ёрмасида кўп бўлади.

Натрий тузи организмда сув алманишувини таъминлашда фаол иштирок этади. Шу сабабдан ҳам ҳомиладорлик даврида мазкур минералнинг меъёрида бўлишига алоҳида эътибор берилиши керак. Натрий тузи организмга асосан ош тузи (натрий хлорид) орқали тушади. Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида ош тузини истеъмол қилишни бирмунча камайтириш лозим. Одатда ош тузини истеъмол қилишнинг кундалик меъёри 12-15 граммни ташкил қилса, ҳомиладорликнинг биринчи ярмида 10-12 грамм, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида эса 6-8 граммгача камайтирилиши лозим. Ҳомиладорликнинг сўнгги икки ойида, шунингдек, юрак - қон томир хасталикларига чалинган аёллар, кечки токсикоз (бошқоронғулик) аломатлари намоён бўладиган ҳолларда натрий хлориднинг меъёрини 5 граммдан оширмаслик зарур. Ош тузини истеъмол қилиш меъёрларини чекланишига асосланган парҳезга амал қилиш пировард натижада асаб тизимининг фаолияти меъёрида бўлишига, оғриқ ҳисларининг камайишига, туғруқнинг тезроқ ва енгилроқ кечишига ёрдам қилади.

Тошкент Давлат Тиббиёт академияси қошидаги

Академик лицейнинг кимё фани ўқитувчиси

Ҳалима Рустамова тайёрлади

“Соғлом авлод” газетаси 28-,29-сонлар.


Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы