Онлайн услуги
-
Опишите подробнее процедуру подписки на журнал
Подписка на журнал осуществляется через АК «Matbuot tarqatuvchi», ОАО “Узбекистон почтаси” и их филиалы, а та...
-
Можно ли скачать журнал в PDF формате?
Да, можно...
Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее
В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее
Тутунда қолган умр
Кашандалик — иллат! Иллат бўлганда ҳам, энг зарарли, саломатликдек бебаҳо бойликка путур етказувчи заҳри қотилдир. Бу барчамиз учун кундек равшан. Шу боис ёшларимизга соғлом турмуш тарзига амал қилиш, саломатликни ўз вақтида қадрлаш лозимлигини бот-бот уқтирамиз. Уларга панду насиҳатлар қиламиз. Аммо бунга ўзимиз амал қилмасак-чи?
Яъни айрим ота-оналар сингари ўғил-қизимизни тамаки харид қилиш учун дўконга югуртирсак, фарзандлар кўз ўнгида тутун буруқситиб чекиб турсак, уларга ижобий маънода ибрат бўла оламизми? Йўқ, албатта. Афсуски, орамизда шундай бепарво инсонлар ҳам учраб туради.
Кашандалик ҳақида гап кетар экан, сўнгги йилларга келиб, унинг саломатлик учун зарари ҳақида аниқ илмий далилларга асосланган кўплаб тадқиқотлар олиб борилганлигини қайд этиш жоиз. Хусусан, чекиш юрак-қонтомир ва ўпка касалликларининг авж олиши, хотира сусайиши, асаб тизимини издан чиқариши фанда аллақачон ўз исботини топган. Негаки, тамаки тутуни таркибида цистон, водород сульфид, нитробинзол, ацетал алдегид, ахромин сингари заҳарли кимёвий моддалар мавжуд. Шу боис чекаётган ва тамаки тутуни буруқсиган хонада нафас олиб ўтирган одамнинг юқори нафас йўллари жиддий азият чекади. Натижада нафас органларининг ўткир яллиғланиши, ўпка шиллиқ пардаси юпқалашиши каби хасталиклар келиб чиқиши ва бу оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Чекишнинг асаб тизимига салбий таъсири борасида ҳам илмий асосланган далиллар талайгина. Шифокорларнинг айтишича, кашандалик руҳий хотиржамликка эмас, аксинча, бош мия фаолиятининг токсик қўзғалишлар натижасида шикастланишига олиб келади. Гап шундаки, киши чекаётган пайтда асаб тўқималари бир оз муддатга қўзғалади. Шунда бу ҳолат кашанданинг вужудига роҳат бағишлагандек туюлади. Бироқ мия токсик қўзғалувчанликларга ўрганиши оқибатида никотинга доимий эҳтиёж сезадиган бўлиб қолади. Доимий тарзда никотин қабул қилиш эса бош мия қон томирлари сиқилиб, бу аъзода кислород етишмаслигини юзага келтиради. Бош оғриғи, асабийлашиш, ҳолсизлик, меҳнатга лаёқатнинг пасайиши каби ҳолатлар шунинг оқибатидир.
Кўча-кўйда баъзан аёлларнинг, ачинарлиси, ёш қизларнинг ҳам ҳеч бир тап тортмасдан сигарета чекаётганликларига гувоҳ бўламиз. Шундай пайтда уларнинг аёл бўла туриб, ҳаёни унутганликлари, латофату фаҳму фаросатни бегона қилаётганлари малол келади, кишига. Боз устига, хотин-қизларнинг, энг аввало, она деган улуғ шарафга муносиб эканликларини ўйлаб, чекувчи онадан қандай қилиб тўрт мучаси соғ, руҳан ва маънан тетик фарзанд дунёга келиши мумкин, дея ўйга толамиз. Кейинги пайтда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган клиник экспериментал тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, чекувчи онадан туғилган бола ўпка сили ва саратони ҳамда жигар хасталикларига мойиллиги, бош мия қон босимининг ошиши касаллиги билан туғилиши маълум. Бундан ташқари, чекиш юз терисининг заҳил тортиши, қариш жараёнининг тезлашишига олиб келади. Доимо ўзининг ташқи гўзаллиги ҳақида қайғурадиган хотин-қизлар буни билиб қўйишса, ёмон бўлмасди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйича юрак хасталикларидан шикоят қилиб, шифокорга мурожаат қиладиганларнинг 80 фоизи чекувчилардир. Шунинг ўзидан ҳам аёнки, кашандалик ҳеч биримизга на моддий, на маънавий жиҳатдан ва на соғлиғимиз борасида бирон бир наф келтиради. Аксинча, у воз кечиш шарт ва зарур бўлган ножоиз одатдир. Чекишга ўрганмаган, мабодо шундай бўлган тақдирда ҳам, ўз иродасига таяниб, кашандаликни ташлаган киши умри, ҳаёти ва саломатлигини муқаррар хавф-хатардан муҳофаза қилган бўлади.
Зулхумор МУТАЛОВА.
Республика Саломатлик ва тиббий статистика
институти директори.