Хамшира Написать Поиск/ Распечатать

Онлайн услуги

Подробнее

Чтобы высказать Ваши предложения, замечания или задать вопрос , пожалуйста, заполните приведенную ниже форму.Подробнее

В данном разделе Вы можете ознакомиться с текущими вакансиями и/или разместить своё резюмеПодробнее

30.11.2011

Қайд этиб ўтилсинки, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида республикада – бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ташкилий тузилмаси яратилди.

Сўнгги ўн йилда даволаш-профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозлашга 750 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда бюджет маблағлари йўналтирилди ва имтиёзли кредитлар ҳамда грантлар жалб қилинди. Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасига қилинган харажатлар 3,6 баравар ўсди ва бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарийб 4,0 фоизни, мамлакатнинг Давлат бюджетида эса 15,7 фоиздан ортиқни ташкил қилаяпти.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 1990 йилга нисбатан ўртача умр кўриш 67 ёшдан 73 ёшгача ортди, оналар ҳамда гўдакларнинг ўлими тегишли равишда 3,1 ва 3,2 маротабага қисқарди. Аҳолининг, айниқса сил, гепатит, турли юқумли хасталиклар билан умумий касалланиш даражаси сезиларли равишда пасайди.

Шу билан бирга, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати, айниқса жойларда, туман ва вилоят тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техника базаси ҳолати ўсиб бораётган замонавий талабларга ҳамон жавоб бермай келмоқда. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини бошқариш тизими тубдан такомиллаштирилишини тақозо этмоқда, уларда етакчи хорижий тиббиёт марказларининг тажрибасини, шунингдек, меҳнатни ташкил этиш ва рағбатлантиришнинг илғор шаклларини қўллаш, уларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш талаб қилинмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий талаблар ва стандартларга мувофиқ аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, республика соғлиқни сақлаш тизимида бошқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг илғор шакл ҳамда услубларини жорий этиш мақсадида:

1. 2012-2015 йилларда республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

аҳолига, айниқса қишлоқ жойларда, юқори сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишида кенг имкониятлар яратилишини таъминлаш, фуқароларга касалликлар профилактикаси ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича диагностика ҳамда амбулатория-профилактика муассасаларининг иш самарадорлигини тубдан ошириш;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг мавжуд қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини оширган, замонавий ускуналар билан, шу жумладан уларни халқаро молия институтлари кредитлари ва грант маблағлари ҳисобидан жиҳозлаган ҳолда туман (шаҳар) даражасида тиббиёт муассасалари тармоғи ва ўринлар фондини мақбуллаштириш ҳамда таркибий қайта қуриш;

замонавий, халқаро тажрибадан ўтказилган ташкилий ва молиявий менежмент усулларини татбиқ этиб республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш ва доимий равишда қайта жиҳозлаб бориш;

тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати самарадорлигини, улар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг тезкорлиги ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда энг янги ташхис ва даволаш ускуналари билан қайта жиҳозлаш, замонавий мобиль тиббий ускуна ва алоқа воситалари билан бутланган махсус автотранспорт билан қўшимча жиҳозлаш;

она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш Миллий моделига мувофиқ оналар ва болалар соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, перинатал, скрининг марказлари, туғруққа кўмаклашиш ҳамда педиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

аҳолини вирусли ва юқумли касалликлардан муҳофаза қилишнинг профилактик тадбирларини кучайтириш ҳамда ишончлилигини ошириш, онкологик ва сил касаллигига қарши хизматлар муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, профилактика ишларининг, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни барвақт аниқлаш ва даволашнинг самарали тизимини шакллантириш;

замонавий ташхис ва даволаш ускуналарига, юқори малакали тиббиёт кадрларига эга хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва лицензия беришни янада такомиллаштириш, уларга нисбатан тасдиқланган даволаш стандартларига мувофиқ равишда аҳолига сифатли ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш талабларини ошириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 18 июлдаги Р-3676-сонли фармойиши билан тузилган Комиссиянинг:

2012-2015 йилларда 1- ва 2-иловаларга мувофиқ бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш тизими стационар муассасалари тармоғи ва ўринлар фондини мақбуллаштириш тўғрисидаги;

2012-2014 йиллар мобайнида олис қишлоқ аҳоли пунктларида қишлоқ аҳолиси учун бирламчи тиббий ёрдамдан қулай ва тез фойдаланишни таъминлайдиган қўшимча 102 та қишлоқ врачлик пунктларини 3-иловага мувофиқ барпо этиш тўғрисидаги;

100 та туман тиббиёт бирлашмаларини 93 миллион АҚШ доллари миқдоридаги "Саломатлик-3" лойиҳасини Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошириш доирасида замонавий лаборатория, ташхис ва даволаш ускуналари билан жиҳозланадиган туман тиббиёт муассасаларининг ташхис, стационар ва кўмакчи бўлинмаларини бир ҳудудда ихчам жойлаштириш асосида модернизация қилиш тўғрисидаги;

КФВ банкининг 27 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредитлари ва грант маблағлари ҳисобига жиҳозланадиган барча вилоятлар ва Нукус шаҳридаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларининг биноларини, шунингдек, умумий қиймати 13 миллион евро миқдорида жалб этиладиган имтиёзли кредитлар ва Германия ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобига жиҳозланадиган катталар учун мўлжалланган 5 та тиббиёт марказларининг биноларини реконструкция қилиш ҳақидаги;

2012-2013 йилларда 4-иловага мувофиқ республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич акциялаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини акциялаштириш қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади:

республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари акцияларининг 51 фоизини давлатда сақлаб қолган ҳолда, давлат улуши бўйича тегишли бўлган дивидендларни 2020 йилни ҳам ўз ичига олган даврда биринчи навбатда ихтисослаштирилган марказларни тўлиқ жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш учун замонавий тиббиёт ускуналарини харид қилишга йўналтириш;

акцияларнинг 49 фоизини ихтисослаштирилган марказларнинг меҳнат жамоаларига (улушни тасарруф қилиш ва тақсимлаш ҳуқуқисиз) фойдаланиш учун бериб, улар бўйича тегишли бўлган дивидендларни ихтисослаштирилган марказ фаолиятининг пировард молиявий натижаларида ходимларнинг меҳнат иштироки коэффициентига қараб уларни (шу жумладан, марказларнинг раҳбарлар таркиби учун 10 фоизгача) моддий рағбатлантиришга йўналтириш;

республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари Кенгашларининг таркибига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор тузилмаларнинг вакилларини киритган ҳолда уларнинг зиммасига марказлар фаолияти стратегиясини шакллантиришда фаол қатнашиш, Кенгаш томонидан тасдиқланадиган бизнес-режалар бажарилишини назорат қилиш, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланилиши устидан мониторингни амалга ошириш вазифаларини юклаш.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган вилоят ва туман бўғинидаги 46 та соғлиқни сақлаш муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи тўла молиялаштиришга ўтказиш, шунингдек, 57 та тиббиёт муассасаларининг умумий харажатларини молиялаштиришда бюджетдан ташқари маблағлар салмоғини ошириш ҳақидаги таклифлари 5- ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2012-2015 йилларда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг маблағлари ҳисобига тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дастурларини шакллантириш чоғида қишлоқ врачлик пунктларини, туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шу жумладан болалар тиббиёт марказларининг биноларини реконструкция қилиш ва қуриш учун капитал маблағларнинг зарур лимитларини назарда тутсин.

6. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

2012-2015 йилларга мўлжалланган дастурий чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаган ҳолда, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг, кечиктириб бўлмайдиган ва шошилинч тиббий ёрдам хизматлари, онкология хизматининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, силга қарши муассасаларни энг аввало, халқаро молия институтлари ҳамда донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари ҳисобига тубдан қайта жиҳозлаш бўйича молиялаштиришнинг аниқ манбалари ва уларни амалга ошириш муддатларини кўрсатиб ўтсин;

хусусий тиббиёт муассасаларига лицензиялар бериладиган тиббий фаолият ихтисослашув турларининг янгиланган рўйхатини, ундан одамларнинг, айниқса болаларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун юқори даражадаги хатар билан боғлиқ турларини чиқариб ташлаб, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари учун лицензия талаблари ва шартларини ҳамда уларга риоя этилиши учун жавобгарликни кучайтирган ҳолда Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисида янги таҳрирдаги низомни тасдиқласин.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан хусусий тиббиёт муассасаларининг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишлари хусусида ўтказаётган текширувлари назорат қилувчи идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши ва унинг ҳудудий комиссиялари билан қўшимча равишда келишилмаган ҳолда амалга ошириладиган Назорат идораларининг назорат функциялари рўйхатига киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда 2012 йилнинг 1 мартига қадар вилоятларнинг тиббий ташхис марказларини, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини, кечиктириб бўлмайдиган ва шошилинч тиббий ёрдам хизматлари ва онкология хизмати ҳамда сил касалига қарши муассасаларни зарур асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозлаш учун халқаро молия ташкилотлари ҳамда донор мамлакатларнинг имтиёзли кредитлари ва грантларини жалб этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифларни киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2012-2015 йилларда туман тиббиёт бирлашмаларининг тармоғи ва ўринлар фондини мақбуллаштириш, шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари умумий харажатларини молиялаштиришда бюджетдан ташқари маблағлар салмоғини босқичма-босқич кўпайтириб бориш бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган жадвалларга риоя этилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин, бўшайдиган маблағларни соғлиқни сақлаш муассасаларининг анжомлар, сарфланадиган материаллар, реактив ва дори-дармонлар билан таъминланишини яхшилашга мақсадли йўналтирилишини назарда тутсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сонли "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида" Фармонида берилган солиқ ва божхона имтиёзлари 2018 йилнинг 1 январигача узайтирилсин, божхона имтиёзлари, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан олиб келинадиган тиббиёт ускуналарига, бутловчи буюмларга, тиббиёт ускуналарининг эҳтиёт қисмлари ва сарфланадиган материалларига нисбатан жорий этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ.

Тошкент шаҳри, 2011 йил 28 ноябрь.


Дата принятия:  28.11.2011

Сайты единой информационной сети Медицинского портала Узбекистана

Нормативные документы