Соғлом бола- Соғлом миллат
Вилоят она ва бола скрининг марказида малакали шифокорлар томонидан ҳомиладор аёлларни мутахассис кўригига жалб қилиш, чақалоқларни белгиланган муддатда скрининг текширувидан ўтказиш борасида сифатли тиббий хиэмат кўрсатилмоқда. Замоновий тиббий ускуна ва жиҳозлар ёрдамида касалликлар эрта аниқланиб, она ва болани ўз вақтида соғломлаштиришга эришилмоқда.
"Ана шундай амалий ишларимиз натижасида сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1.3 баробар камайди," дея таъкидланади Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маьрузасида.
Перинатал скрининг давомида ҳомиладор аёллар икки босқичда мукаммал кўрикдан ўтказилди. Ўтган 2014 йилда биринчи босқичда 72877 нафар ҳомиладор аёл текширилиб, улардан 159 нафарида ҳомиланинг нуқсонли ривожланиши аниқланди ва олди олинди. Жорий йилда эса ана шундай мукаммал текширувлар кенг кўламда давом эттирилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида охирги уч йил давомида нуқсонли чақалоқлар туғилиши ва шу билан боғлиқ бўлган болаликдан ногиронликни белгилаш 20 фоизга камайгани алоҳида эътиборга моликдир.
- Соғлом бола - Соғлом миллат демакдир. Давлатимиз томонидан она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор миллатимизнинг буюк келажагига замин ҳозирлаши шубҳасиз, - дейди вилоят она ва бола скрининг маркази директори Турсуной Солиева.
Ҳ. Абдужабборов