Хамшира - 2015 кўрик танлови 14.07.2015

Хамшира - 2015 кўрик танлови

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва тизимни такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Дарҳақиқат, бугунги кунда 300 мингдан зиёд ҳамшира республика тиббиёт муассасаларида касбий маҳорат, меҳрибонлик, чаққонлик, самимийлик ва камтарлик фазилатлари билан халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилиб келмоқдалар. Шундай экан, «Ҳамшира» кўрик – танловининг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани ҳамшираларнинг малакасини ошириш ҳамда улар меҳнатини рағбатлантиришда муҳим аҳамият этаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Фарғона шаҳридаги муҳташам санъат саройида 18 йилдан  буён ўз нуфузи билан нафақат юртимиз, балки дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётган «Ҳамшира» кўрик-танловининг анъанавий танлови бўлиб ўтди.

Ҳамшираларнинг билим истеъдод ва маҳорат бобида нималарга қодир эканлиги яққол намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши, ҳамкорлигида «Ҳамшира – 2015» республика кўрик – танловининг якуний босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган ва республика кўрик – танловининг якуний босқичига етиб келган 14 нафар ҳамширалар тадбирнинг бешта шарти бўйича ўзаро беллашдилар.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида танловнинг тўртинчи шарти бўйича амалиёт қисми бўлиб ўтди. Ўз касбининг моҳир усталари бўлган 14 нафар ҳамшира қизлар ҳайъат аъзолари ҳамда филиалнинг тажрибали мутахассислари кузатуви остида беморни қабул қилиш, анамнез қилиш, йиғиш, муаммоларни аниқлаш, этика – деонтологияга эътибор қаратиш, асептика – антисептика қоидаларига риоя қилиш, муолажаларни бажариш техникаси ҳамда бемор аҳволини баҳолаш мезонлари асосида беморларга биринчи ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилдилар.

Иштирокчилар тадбир доирасида Фарғона шаҳридаги Ал – Фарғоний ҳайкали пойига гул чамбар қўйдилар.

11 июль куни Фарғона шаҳрининг энг кўркам санъат саройида «Ҳамшира – 2015» кўрик танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Танловда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лазиз Тўйчиев, Фарғона вилояти ҳокими Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевлар сўзга чиқиб, йилдан – йилга ўз нуфузига эга бўлиб, кенг аудиторияни қамраб олаётган республика «Ҳамшира» кўрик – танловининг нечоғлиқ муҳим аҳамиятга молик эканлигини ва давлатимиз томонидан улар меҳнати қўллаб – қувватланаётганлиги ана шундай тадбирларда ўз ифодасини топаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бунинг баробарида истиқлол йилларида тиббиётнинг мазкур йўналишини янада такомиллаштириш мақсадида 1999 йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт олийгоҳлари қошида «Олий ҳамширалик иши» бўлимлари очилганлигига алоҳида эътибор қаратиб, танлов иштирокчиларига муваффақиятлар тиладилар.

Бири – биридан чаққон, билимга чанқоқ, зукко, янгилик сари интилувчан 14 нафар ҳамшираларнинг ўзига ярашиб турган оқ либоси томошабинлар қалбини янада завққа тўлдирди. Танлов Низомига кўра, иштирокчилар бешта шарт асосида ўз билимларини синадилар. Танловнинг биринчи шартига кўра, ҳамширалар ўзлари фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасалари, у ердаги шароитлар, келажак орзулари ҳақида ҳикоя қилувчи шеърий мисралар ҳамда саҳна кўринишлари орқали топшириқларни аъло даражада бажардилар. Шунингдек, назарий ҳамда ижтимоий – сиёсий саволларга зукколик ва чаққонлик билан жавоб беришга ҳаракат қилдилар. Эркин мавзу бўйича улар иккинчи истеъдод қирраларини намойиш этиб, нафақат томошабинлар, балки адолатли ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг ҳам муносиб эътирофларига сазовор бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, вилоятларда ғолибликни қўлга киритган ҳамширалар билим ва маҳорат борасида бир – бирларидан асло қолишганлари йўқ. Энг муҳими, кимдир амалиётда, кимдир назарий, ижтимоий – сиёсий, кимдир эса эркин мавзуда ўз билим ва истеъдодини қойил мақом даражада кўрсата олди. Бу албатта уларда камтарлик, инсонийлик, самимийлик ва меҳрибонлик фазилатлари мужассамлигини ифода этди.

Ҳаяжонли дақиқалар… Танлов иштирокчилари ва уларни қўллаб – қувватлаб елкадош бўлган устозлар ҳайъат аъзоларининг кузатув натижаларига кўра, биринчи фахрли ўрин Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиали кўкрак жарроҳлиги бўлими ҳамшираси Шоҳсанам Акбаровага, иккинчи ўрин Сирдарё вилояти уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси ҳамшираси Шаҳло Файзиевага ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилояти филиали ҳамшираси Ситора Раҳматовага  учинчи ўрин насиб этди. Шу билан бирга мазкур финалда иштирок этган қолган ҳамшираларимиз 11 та номинация бўйича лауреат деган номга сазовор бўлишди.

Кўрик танлов ғолиблари ва иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус диплом ва сертификатлари, вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши ва Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Ботир Даминов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, профессор:

-Ҳар йили ўтказиб келинаётган «Ҳамшира» кўрик – танловида ҳайъат раиси сифатида иштирок этаман. Ушбу кўрик – танлов йилдан – йилга ўз нуфузига эга бўлаётганлигига гувоҳман. Дарҳақиқат, ҳамшираларнинг ўрни қанчалик масъулиятли эканлигини жуда яхши биламан. Ҳатто улар меҳнатисиз тиббиёт муассасаларидаги фаолиятни тасаввур этиш қийин. Бугунги кўрик – танловда бири – биридан чаққон, интилувчан ва шижоатли ҳамшираларни кўриб мамнун бўлдим. Айниқса, уларнинг амалий жараёндаги фаолиятларини кузатиб, касбларини мукаммал эгаллаганликлари, шунингдек, таништирув, эркин мавзудаги чиқишлар ҳамшираларнинг иккинчи истеъдод эгаси эканлигини намойиш қилган бўлса, назарий ва амалий кўникмалари улардаги касбий маҳоратни, ижтимоий – сиёсий даражадаги билимлари эса Ватанимизга бўлган меҳр – муҳаббатларини ифода этди. Бундай кўрик – танловнинг ўтказилиши ҳамшираларнинг билим савияси ҳамда ўз касбига бўлган меҳрини оширишда муҳим аҳамият касб этиши тибиийдир.

Марат Содиқов, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи:

— Бетакрор аҳамиятга эга бўлган «Ҳамшира» кўрик – танловини вилоятимизда ўтказилганидан бениҳоя хурсанд бўлдим. Ҳамшира қизларнинг шартлар бўйича ўзаро беллашувлари мени ҳайратга солди. Айниқса, уларнинг сўзга бойлиги, шеърий мисралар ва қўшиқларни маромига етказиб айтишлари, дилтортар рақсларни ижро этиши ҳамда касбларга бўлган маҳоратларини кўриб, қалбим қувончга тўлди. Бири – биридан гўзал ҳамшира қизларнинг кийган оқ либослари ўзларига ярашиб турганини айтмайсизми? Бир сўз билан айтганда, ҳамшираларимизнинг саҳнадаги чиқишлари биргина мени эмас, балки ҳайъат аъзолари, қолаверса, танлов меҳмонларининг олқишларига сазовор бўлди. Ана шундай зукко, чаққон, шижоатли ҳамшираларимиз борлиги тиббиётимизнинг фахридир.

Шоҳсанам Акбарова — танлов ғолиби.

— Ҳар биримизнинг республика боқичига етиб келишимиз осон кечмади. Аввало туман, сўнгра вилоят миқёсида ҳамкасбларим билан ўзаро беллашдим. Республика кўрик танловига чиқишда албатта устозларим, ҳамкасбларимнинг ҳиссалари катта бўлди. Танловнинг беш босқичи бўйича ташриф буюрган ҳамкасбларим билан ўзаро беллашганлигимиз, бу орамиздаги дўстлик ришталарини боғлаш билан бирга, назарий ва амалий кўникмаларимизни бойтди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан фахрли биринчи ўрнига муносиб деб топилганлигим қалбимда чексиз фахр уйғотди. Албатта, ана шундай муносиб ўринга эга бўлишимда устозларимнинг ҳиссалари каттадир. Менга берилган бундай рағбат ва ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламан.

Ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтган «Ҳамшира – 2015» республика кўрик – танлови ҳамда Фарғона шаҳрининг бетакрор қиёфаси ҳар бир иштирокчида, қолаверса, ташриф буюрган меҳмонларда ҳам катта таассурот қолдирди.


Ҳ. Абдужабборов