ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ

2014 йил 17 май

№173

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
ижросини таъминлаш ҳақида

Республикада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида,

Б У Ю Р А М А Н

  1. “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Вазирликниниг Даволаш-профилактика ёрдамини ташкиллаштириш Бош бошқармаси (Д.Миразимов), Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси (К.Мухаммедов), Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси (С.Исмаилов):

    юқоридаги қонун билан барча ходимларни таништириш

    ва ўрганишларини ташкил этиш ҳамда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти

    ва муҳимлигини ҳар бир ходим эътиборига етказиш;

    аҳоли ўртасида мунтазам тиббий текширувларни ташкил этиш;

    алкоголизмга, гиёҳвандликка, заҳарвандликка, руҳий касалликларга,

    ОИВ инфекциясига, таносил касалликларига ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликларга чалинган шахсларни аниқлаш, уларни ҳисобга олиш, текширувдан ўтказиш, шунингдек ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштиришни ташкил этиш;

    ОИВ инфекцияси, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик тарқалишининг олдини олишга доир чора-тадбирларни бажариш учун мутахассисларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни амалга ошириш;

    аҳоли ўртасида санитария-гигиенага оид билимларни тарқатиш бўйича ишларни, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни ташкил этиш;

    қонуннинг талабидан келиб чиқиб, вазирликнинг буйруқларини инвентаризациядан ўтказиш, лозим бўлган тақдирда, уларга ўзгартириш

    ва қўшимчалар киритиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун вазирлик раҳбариятига киритиш топширилсин.

  3. Вазирликнинг барча бошқарма бошлиқлари, Тошкент шаҳар

    ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда

    даволаш-профилактика муассасалари ва ўқув юртлари раҳбарлари ички ишлар органларига:

    ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавф солувчи бошқа касалликлар тарқалганлиги ҳақида;

    баданига шикаст етган ёхуд беҳуш ҳолатда бўлган шахслар келиб тушганлиги ёки мурожаат этканлиги ҳақида;

    одамларнинг ҳаётига ёки соғлиғига таҳдид соладиган оилавий – маиший низолар тўғрисида ва оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида;

    вояга етмаган шахс ғайриижтимоий хулқ-атворга ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга жалб этилганлиги ҳақида;

    ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида хабар қилиши шарт.

  4. Вазирликнинг Назорат инспекцияси (А.Содиқов) бошқармалар томонидан юқорида қайд этиб ўтилган қонун ижроси юзасидан олиб борилаётган ишларни назоратга олсин.
  5. Тизимдаги барча ходимларни ушбу буйруқ билан таништириш мақсадида “Ўзмединфо” давлат корхонаси директори М.Боймухамедовга мазкур буйруқ матнини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш топширилсин.
  6. Мазкур буйруқ ижросининг назорати вазирнинг биринчи ўринбосари А.Худаяров зиммасига юклатилсин.

В а з и р

А. Алимов


Ҳужжат рақами:  № 173
Қабул қилиниш санаси:  17.05.2014